Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Санжар Машриқий

Худодан сўраб, бекор ётма! (арман халқ мақоли)

Саҳнадаги «томоша» ва кесилган чўнтаклар ёхуд жаноб Трамп нима қиляпти?

Саҳнадаги «томоша» ва кесилган чўнтаклар ёхуд жаноб Трамп нима қиляпти?

«Алдагани бола яхши» дейди халқимиз. Болани овутиш учун унга ниманидир берамиз ва ўзимиз тинчгина ишимизни қиламиз. Бу жуда оддий арифметик ва механик мантиқдан тузилган бўлса ҳам, самарали ҳисобланади. Бугун эса негадир бу ҳолат сиёсатга кўчгандек. Бир томонда сунъий муаммо яратилади-да, бошқа томондан ишини бажаришади. Ҳаммаси оддий, чалғитиш усули. Ўғри, чўнтаккесарларда шундай ибора бор экан: «Томоша пайти – иш пайти». Биз ниманидир томоша қиляпмиз, ким ишлаяпти? Бугунги мақоламиз саҳнадаги томоша, кесилаётган чўнтаклар ва ҳоказолар ҳақида бўлади.

Азиз ўқувчи, бу сафар ҳам мақоламизни тождор вирусга тақаётганимизга хафа бўлманг, ахир биз айтмоқчи бўлган томоша ҳам айнан шу вирус-ку.

I

Қадим замонларда бирор жангда ғалаба қозониш учун моҳир саркардалар чалғитиш усулини қўллашган. Бир гуруҳ чалғитиб душманни олиб кетади, бошқаси шаҳарни босиб олади. Инсоният эътибори бир нарсага қаратилиб қолиши яна эски найрангнинг ўйинга қўшилганини англатмасмикан.

Биз коронавирус билан чалғиганингизда, Трамп Яқин Шарқда нима қилаётган бўлса? Путин-чи? Шимолий кореялик лидер жим ўтирибдимикан? (Ҳа, айтганча, уни касал бўлиб қолган деган гаплар чиққан? Энди бу бошқа мавзу, балки кейинги мақолаларимизда шу ҳақида гаплашармиз?)

Хуллас, «Томоша пайти – иш пайти».

АҚШ президенти бунгача ҳам чалғитиш усулидан кўп фойдаланган. Масалан, Суриядан қўшинларнинг олиб чиқилиши, ортидан Бағдодийнинг ўлдирилиши жуда кутилмаган бўлган эди. Ўша пайтда катта саҳнада Туркия эмасмиди? Ким ҳам турклар жанг қилиб ўтирган бир пайтда Трамнинг ИШИД етакчисига нисбатан ҳарбий операцияни бошқараётганидан шубҳаланарди. Ҳеч ким.

АҚШда коронавирус бўйича фавқулодда ҳолат жорий этилгач, тўсатдан Ироқдан ҳам армия олиб чиқила бошланди. Бирлашган Араб Амирликлари билан янги келишув, Афғонистонга берилажак ёрдамнинг қисқариши ва ҳоказолар кенг жамоатчиликнинг эътиборидан қолиб кетди. Чунки ҳамма саҳнадаги «томоша»гагина эътибор қаратишган, ҳаммага жон ширин дегандек…

Американинг энг машҳур журналисти Трампнинг ҳаракатларидан шубҳаланаётганини яшириб ўтирмади: «Трамп Яқин Шарқда нима қилаётганини биласизми?» деди у бир мақоласида. Америка халқи учун гарчи бу гапни айтиш осондек бўлса ҳам, карантин даврида ҳукумат раҳбарининг мавқеси ошиши кўпчиликни жим туришга чорлаши сир эмас. Машҳур журналист Роберт Фискга кўра, Пентагон БАА ҳарбийлари билан, қўшма машқ ўтказган. Аслини олсак, бу жуда-жуда ғалати, чунки ҳамма давлатлар COVID-19 билан фаол курашаётганда, бундай катта қўшма лойиҳаларнинг ўтказилишини қандай тушунтириш мумкин. Бу ҳар ҳолда карантиндаги зерикиш оқибати бўлмаса керак, а лаббай нима дейсиз?

Минтақанинг «каттаси» Эрон десак адашмаймиз. Эронлик денгизчилар АҚШ ҳарбий денгиз кучлари гуруҳининг «USS Bataan» десант кемаси бошчилигида Ҳормуз бўғози орқали ўтишини тасвирга олишди. Тезда турк нашрлари ҳам бу ҳақида  хабар берди. АҚШ биринчи денгиз экспедицион кучларининг бригада генерали Томас Саваж эронликлар АҚШнинг ҳаракатларига шубҳа билан қарашига қарата шундай деди: «Провокацион ҳаракат (ғазаб ёки бошқа кучли реакция, айниқса атайлаб)? Билмадим. Биз минтақадаги барқарорлик ҳақида ўйлаймиз. Агар улар буни провокацион деб билишса, бу уларга боғлиқ. Бу биз учун оддий машқдир». Хуллас, бир устозим айтгандек, «том бошида бўғирсоқ, ҳамма … , ўзим соғ» бўлиб қолди бу ёғи. Кимдир балки бу провокцион ҳаракат эмаслигига ишонар, аммо АҚШнинг сиёсий характеридан келиб чиқсак, бунга ишониш қийин.

II

Қўшма Штатларнинг тарқатган баъзи видеолавҳаларига қараб, «минтақада барқарорлик» ўрнатиш учун масжид ва тор кўчалар билан тўлдирилган кенг миқёсли парадлар «одатий машқ» эканлигига ишонгингиз келади-ю, ишонолмайсиз. Эсласангиз керак, Эроннинг марҳум генерали Сулаймонийнинг АҚШ ҳарбийларининг чиқиб кетаётган жойида ўлдирилгани. Бу пайтда ҳам кимдир АҚШнинг минтақадан чиқиб кетганига ишонган-у, аммо «ишончи пучга чиққан» бўлса ажабмас.

Айни машқлар айнан БАА билан ўтказилиши эса ундан ҳам қизиқ эмасми? Шунча иттифоқчи давлатлари турганда нега айнан Амирликлар билан қўшма лойиҳа ўтказилиши керак? Балки бу БАА қўшинлари тўрт йил давомида Эрон тарафдори бўлган ҳутийларга қарши курашиб келганлиги билан боғлиқдир? Эҳтимол, «душманимнинг душмани дўстим» иборасига амал қилингандир, нима дейсизлар? Бошқа нуқтаи назардан, ташқи дунё билан «жуда кам алоқа»да бўлаётган Трамп яна «минтақадаги» ўз иттифоқчиларини «сарагини саракка, пучагини пучакка» ажратишни бошладимикан? Дунёнинг аксар давлатлари иқтисодий инқироз остонасида турган бир пайтда АҚШ Давлат котиби Майк Помпео кутилмаганда Афғонистонга ёрдам учун 1 миллиард долларни қисқартиражагини эълон қилгани ҳам шунга ўхшаш бир ҳодисамикан ёки йўқ?

1814 йилда Наполеон таслим этилгач, Вена конгресси бўлиб ўтган. Бу конгрессда қатнашган давлатлар, жумладан Пруссия (ҳозирги Германия) ҳам қатнашиб шартноманинг барча бандларига қўл қўйган. Конгресс қарорига кўра, Швецария ва Белгия давлатлари абадий «бетараф» (бетарафлик халқаро урушдаги муҳим атамадир. Нейтрал мамлакат - бу маълум бир урушда урушаётганлар билан ёнма-ён бўлмайдиган ва келгусидаги барча тўқнашувларда доимий бетараф бўлган мамлакатлар тушинилади) деб эълон қилинган эди. Бунинг мақолага нима алоқаси бор дерсиз. Сиз ҳақсиз, аммо «тарих такрорланади» деган ибора ҳам бор. Азиз ўқувчи, гап шундаки, 1914-1918 йилларда бўлиб ўтган Биринчи жаҳон урушида биз юқорида номини қайд этиб ўтган Пруссия айни шартномани «бир парча қоғоз» деб атаган эди.

АҚШ 2020 йил 29 февралда толиблар билан шартлик тинчлик битимини имзолаган ва бунга кўра чет элликлар қўшинларини олиб чиқиб кетиши ва 1 млрд. долларлик ёрдам кўрсатилиши керак эди. Очиқчасига ёрдамни тўхтатиб қўйишмаган бўлса ҳам, кескин камайтириб ташлашди. Афғонистон билан имзоланган шартнома худди ўша бундан бир асрдан кўпроқ вақт илгари тилга тушган «бир парча қоғоз» иборасининг янгиланган шаклига ўхшаб жарангламоқда. Шартнома нима бўлди дерсиз, шартнома жойида, «эҳсоннинг катта-кичиги бўлмайди» дейишармиди? «Саҳрода битта бозор – хоҳлаган бозорингга бор!». Хуллас, ҳаммасини «бергучи» ҳал қилади. «Бир парча қоғоз»даги гаплар бажарилса, бўлгани, миқдор билан кимнинг иши бор? Берилдими, берилди.

III

Хуллас, ҳамма ўзи билан овора пайтда Қўшма Штатлар «кўзойнаги»ни алмаштирганга ўхшайди. Шундайлигича ҳам ҳамма қийналиб турганда янги санкциялар исталган давлатни довдиратиб қўйса керак. Ҳали-ку бу рўйхатда Эрон вa Афғонистон?

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бундай санкцияларни «зудлик билан қайта кўриб чиқишга» чақирган. Инсон ҳуқуқлари бўйича ҳисоботларда Эроннинг соғлиқни сақлаш ходимлари учун суъний нафас олиш воситалари ва ҳимоя кийимларига киришига қўйилган санкцияларнинг бекор қилиниши кераклиги сўралган бўлса ҳам, АҚШнинг рақибларига етарлича ёрдам берилмай қолмоқда. Эрон эса оғир аҳволда қолиб кетмоқда. 88194 та касалланган, ўлим ҳолати эса 24 апрел ҳолатига кўра 5580 тага яқин. Улар аниқ ёрдамга муҳтож. Аммо Америка санкциялари Яқин Шарқдаги коронавирусдан кўпроқ аҳамиятга эгами? Хуллас, «ҳар кимнинг ҳар дарди бор…».

Эроннинг собиқ президенти Маҳмуд Аҳмадинажод АҚШнинг яқин шарқдаги кескинлигини шундай изоҳлади: «Сиз [америкаликлар- таҳрир] шифокор ва терапевт каби одамларни юборишингиз мумкин. Эҳтимол сиз уларнинг бу ерга келиб, ўзингиз ишлаб чиқарган заҳарнинг таъсирини кўришни хоҳламассизлар».

Покистон бош вазири Имрон Хон америкапараст ҳукумат юритиши бор гап. Аммо бу Покистон Қўшма Штатларнинг санкцияларидан холи дегани эмас. Исломобод расмийси пандемия таъсири чекингунча АҚШдан «гуманитар сабабларга кўра» санкцияларни олиб ташлашни сўраб мурожаат қилди. Шундай қилиб Покистон минтақада «эски қадрдончилик» ҳурмати деб бундай қарор айлаган ягона мамлакатдир.

Саҳнадаги «томоша» вa кесилган чўнтаклар

Мақолада саҳнадаги «томоша», кесилган чўнтаклар ҳақида бирорта гап бўлмади-ку дейишингиз мумкин. Аммо мақолани бундай номлашдан маълум бир муддоаларимиз бор эди. Инглиз кундалик нашрларининг бирида шундай жумлаларга кўзим тушди: «XVII асрда инглиз театрларида жуда кўп ўғирлик юз берар эди. Айни томоша авжига чиққанида ўғрилар томошабинларни тунашган. Баъзилар шу сабабдан театрларни ёқтирмаган». «Томоша» пайтида барчанинг эътибори саҳнада бўлиши тайин. «Томоша пайти – иш пайти».  Бугун ҳам вазият ўзгарган эмас, шамойил бошқа, халос. Дунё саҳнасининг бугунги кундаги энг машҳур асари, шубҳасиз, коронавирус. Биз ҳаммамиз бор эътибор билан коронавирусга эътибор бераётганимизда кимлар нима қиляпти? Одамнинг билгиси келади. Шундай эмасми?

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг