Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«С» ҳарфи можароси (ҳажвия)

«С» ҳарфи можароси (ҳажвия)

Фото:«123rf.com»

Соҳил бўйидаги шинам ресторан ҳар куни одамлар билан гавжум бўларди. Ҳар хил одамлар, ёшу қари, севишганлару, оилавий ташрифлар, тағин ҳаммаси жуда пўрим кийинишган, топарман, тутарман, интеллигент одамлар. Бу эса, табиийки, ресторан эгасига яхшигина мўмай даромад келтириб турарди.

Ҳар куни ресторан хўжайини ўз кабинетида даромадларни мамнуният билан санаб оларди. Бир куни, кутилмаган ҳолат рўй берди. Эрталабдан-кечгача бу рестораннинг катта залию, кичик бўлмалари, ҳовлидаги ўринлар, ҳаммаси бўм-бўш қолди. Ҳеч ким ташриф буюрмади. Хўжайиннинг тепа сочи тикка бўлиб, иш бошқарувчини чорлади.

– Бу нима гап ахир, бу қанақаси деяпман?! Нега ҳеч ким келмаяпти? Нима, рақобатчилар рўпарамиздан янаям чиройли, янаям элитний ресторан қуришдими, а?

– Йўқ, хўжайин.

– Ёки СЭСчилар микроб топишдими?

– Йўқ, хўжайин.

– Нима, юқоридаги «ока»ларимизга бирон гап бўптими?

– Йўқ, хўжайин.

– Унда муаммо нимада, жин урсин?

– Кечаси безорилар ресторан номини билдирувчи бўртма ёзувнинг биринчи ҳарфини юлиб кетишибди...

– Биринчи ҳарфми, охиргисими, нима фарқи бор?

– Ахир бизнинг мижозларимизнинг бариси интеллегент, маданиятли одамлардан иборат-ку...

– Хўш?..

– Ресторанимиз номини ўзингиз яхши биласиз-ку...

– Ҳа, биламан, ресторанимиз «Сўлим» деб номланади... Яхши ном.

– Шу-да, биринчи ҳарфи бўлмаса-чи? Унда нима бўлади?

Хўжайин бир муддат ўйланиб, қолди. Бироздан сўнг бош ҳарфи бўлмаса ресторан номи қандай ёқимсиз сўзга айланиб қолишини англашгу уринди, шекилли, секин лаблари пичирлай бошлади.

«Сўлим», «С» бўлмаса, «ўлим»... Ё тавба, ё тавба, астағфуруллоҳ... Билмайман, галварс, билмайман, бирон нарса ўйлаб топ, бир чорасини қил, ахир. Хонавайрон бўлмайлик.

– Аллақачон ишга киришганман, деди бироз хотиржам иш бошқарувчи. – Ресторанимизни безатган фирма билан боғландим. Шу ҳарфни тайёрлашга киришдилар. Бир ҳафтада тайёр бўларкан.

– Бир ҳафта? Эй, нималар деяпсан... Икки соат! Тушундингми, узоғи билан икки соат ичида ҳарф жойида бўлсин! Акс ҳолда сени нақ, ресторанимизнинг ҳозирги, бош ҳарфсиз номи кутади, тушундингми?

Иш бошқарувчи ҳам пишиққина, уддабурон йигит экан, кўчага чиқиб, бир соат ичида ҳансираганча каттакон, бўртма қилиб ишланган «С» ҳарфи билан қайтиб келди.

– Мана, хўжайин, хотиржам бўлинг. Ўн дақиқада шуни жойига ўрнатамиз, ҳаммаси яхши бўлади.

– Қойил. Сенга ишонардим. Бу ҳарфни қаердан топа қолдинг?

– Нариги кўча бошидаги «Сайёр» ресторанида банкет бўлаётган экан. Ҳамма чалғиб турганда ўша рестораннинг бош ҳарфини секин ечиб олдим... Қаранг, худди бизникидақа «С» ишланган экан. Рақобатчи-да бизга улар ҳам...

– Яхши-яхши, бора қол. Тезроқ ўрнат. Ҳмм, яхши-яхши... Нима дединг? «Сайёр» ресторани дедингми? Бош ҳарфи бўлмаса, нима бўлади шунда?.. «Ай-ёр» ресторани!.. Хах-хах-ха-ха!..

Қувондиқ Сидиқов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг