Кимсиз ўзи? Интернетда «ўлмас полк» иштирокчилари бегоналар расмини кўтаргани тасвирланган видео тарқалди (видео)
Ижтимоий тармоқларда Россия федерацияси, Татаристон республикасида «ўлмас полк» акцияси иштирокчилари ўз қариндошлари эмас, балки ташкилотчилар томонидан етказиб берилган расмларни кўтаргани тасвирланган видео тарқаб кетди.
Видеотасвирдаги санадан маълум бўлишича, ушбу ҳолат 2017 йилда содир бўлган. Унга кўра «ўлмас полк» иштирокчилари рўйхат асосида чақирилиб, уларга аввалдан тайёрлаб қўйилган расмлар берилган. Юриш иштирокчилари қўлларидаги сурат кимга тегишли эканини ҳатто билмасликларини айтишган.
«Ўлмас полк» юриши Россия тарғиботида кенг ўрин тутади ва унга кўра иштирокчилар иккинчи жаҳон урушида қатнашган яқинларининг портретини кўтариб чиқишлари лозим. Аммо «ўлмас полкчилар» дуч келган суратни кўтариб олиши ҳолатлари матбуотда бот-бот пайдо бўлмоқда.
Хусусан, кеча Россия федерациясининг Мордовия республикасидаги «ўлмас полк» юришида прокурор, генерал ва епископ ҳар-хил ном остида бир кишининг расмини кўтаргани хабар қилинган эди.
Шу билан бирга ўтган йили матбуотда юриш якунига етгандан сўнг портретлар дуч келган жойларга ташлаб кетилиши билан боғлиқ ҳолатлар ҳам хабар қилинган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter