Россия ҳарбий делегациясининг мамлакатимизга ташрифи бошланди
Бугун, 5 август куни мамлакатимизга Россия Федерацияси мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи армия генерали В. Герасимов бошчилигидаги ҳарбий делегация ташриф буюрди.
Ташриф давомида В. Герасимов Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги хавфсизлик Кенгаши котиби В. Махмудов ҳамда Мудофаа вазирлигида Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи генерал-майор Шухрат Халмухамедов билан учрашди.
Учрашувларда делегация раҳбари билан икки томонлама ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик масалаларининг жорий ҳолати ҳамда истиқболлари, минтақавий хавфсизлик масалалари муҳокама этилди. Ҳарбий таълим, ҳамкорликдаги ўқувлар ва тренинглар, жанговар тайёргарлик йўналишларида ўзаро тажриба алмашиш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек музокаралар давомида «АрМИ – 2021» халқаро армия ўйинлари бугунги кунда иштирокчи давлатлар ҳарбий хизматчиларининг ўзаро жанговар куч синашиш, тажриба алмашиш майдонига айланиб бораётгани ва унинг географик кўлами тобора кенгайиб бораётгани эътироф этилди. Таъкидлаш жоизки, жорий йилда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоалари «АрМИ – 2021» доирасида ўтказилаётган мусобақаларнинг 24 та йўналишида иштирок этмоқда.
Россия делегацияси ташриф давомида Тошкент шаҳридаги «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси билан танишиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари В. Герасимов 6 август куни «Термиз» полигонида Ўзбекистон – Россия ҳамкорлигидаги ўқувларнинг фаол босқичи ва тантанали ёпилиш маросимида иштирок этиши режалаштирилган.
Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter