Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ромитанда катта кўпкари: учинчи марта машина ютган чавандоз, Ҳосила Раҳимова, юмронқозиқ уясига қоқилиб кетган от... (фото)

Ромитанда катта кўпкари: учинчи марта машина ютган чавандоз, Ҳосила Раҳимова, юмронқозиқ уясига қоқилиб кетган от... (фото)

Бухоро вилоятининг Ромитан туманида жойлашган «Bukhara Desert Oasis&Spa» марказида улоқ-кўпкари мусобақаси ўтказилди. «Xabar.uz» мухбири жараённи воқеа жойида кузатди.

«Bukhara Desert Oasis&Spa» қадимий археологик ёдгорлик, илк ўрта асрлар тарихининг нодир дурдонаси ҳисобланган «Бўронтепа» қўрғони ҳудудида барпо этилган.

Мусобақа кичик кўнгилсизлик билан бошланди. Мусобақа бошланишидан бироз илгари майдонда машқларда тобланаётган чавандоз отдан йиқилиб кетиб, ҳушидан кетди.

Айтилишича, шиддат билан олдинга интилаётган қорабайир кутилмаганда қаттиқ депсиниб, ағанаб тушган. От узангисидан бир оёғи узилган чавандознинг ярим гавдаси от остида қолган. Ва чавандоз отнинг оғир вазни сабаб ҳушдан кетган.

«Кўз олдимизда от шу қадар абжирлик билан ўзини ўнглаб, сакраб турдики, ҳаял ўзини ўнглаб ололмаса, кўнгилсиз воқеа содир бўлиши эҳтимолдан холи эмасди. Аввалига бизнинг ўзимиз ҳам тошдек қотдик, кейин сергаклик билан биз ҳам ёрдамга ошиқдик. Бу пайтда томошага келган одамлар чавандозни ўраб олишганди. «Тез ёрдам» машинаси етиб келди», — деди Абдуманноп исмли чавандоз.

Кейин маълум бўлишича, йиқилган чавандоз вилоят «Улоқ-кўпкари» чавандозлар федерацияси мураббийси Нодир Ҳамроев бўлган.

«Қорабайир от бизнинг Миллий гвардия отларидан. Чавандоз ундан мусобақа жараёнида фойдаланишни кўзда тутган. Маълумки, ушбу манзил узоқ чўл ҳудудида жойлашган ва майдон кўпкари ўтказиш учун тайёрланган бўлган. Чавандоз оти тайёрганлик машқлари жараёнида тўсиққа дуч келди, бу пайтда унинг бир олд оёғи юмронқозиқ уясига кириб кетган. Отнинг кучли силкиниши оқибатида чавандознинг бир оёғи узангидан узилиб, қорабайир билан бирга ағанади. Чавандознинг ярим танаси бир неча сония отнинг тагида қолди. Ва у нда нафас қисиши оқибатида ҳушини йўқотган», — деди вилоят Миллий гвардия бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Муроджон Раҳматуллаев.

Нодир Ҳамроевга тезкор ёрдам кўрсатилиб, касалхонага ётқизилган. Тиббий муолажалардан сўнг чавандоз ҳушига келган. У соғ-саломат, жароҳат олмаган.

Бухорода ўтказилган кўпкарида чавандоз Spark автомобилига эга бўлди. Бу унинг тўрт йил ичидаги учинчи автомобил-соврини

«Bukhara Desert Oasis&Spa» маркази Ромитан марказидан 70 километр олисда жойлашган. Кўпкарини томоша қилиш учун қарийб олти минг киши келди. Совринлар учун Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан келган чавандозлар курашишди.

Кўпкарида 20 дан ортиқ қўчқор ва улоқ, 10 га яқин қорамол ва туя совринга қўйилди, бош мукофот — Spark машинаси.

Ҳосила Раҳимова — кўпкари меҳмони.

«Халқимизда от минишга, кўпкари томоша қилишга қизиқмаган йигит  бўлмаса керак. Кўпкари — кўпнинг иши. Асосий масала совринга қўйилган қимматбаҳо нарса эмас, балки баковулнинг адолати, чавандознинг абжирлиги, мард йигитнинг ғалаба қозонишидир. Ромитанда ота-бобомиздан мерос қолган урф-одатларимизнинг оммалашишига ҳисса қўшиляпти», — деди Ромитан тумани ҳокими Умиджон Барноев.

Улоқни биринчи бўлиб маррага меҳмон чавандозлар келтиришди: аввалига самарқандлик Жонибек полвон, кейин Тошкент вилоятидан Абдураҳим полвонлар ўз совринларини олишди.

Spark Ромитанда қоладиган бўлди — бош совринни маҳаллий полвон Козим Тўраев қўлга киритди.

«2008 йилдан буён от чоптираман. Тўғриси, шу давр ичида кўпкари ҳаётим мазмунига айланган. Отга меҳрим бўлакча. Ҳудудларда ўтказиладиган кўпкариларда қатнашиб, ўз насибамга яраша совринга эга бўламан. Отга меҳр қўйиб, мана, яхши ном ҳам олганман.  Қаерга борсам, «Козим чавандоз» деб илиқ кутиб олишади. Чавандозга бундан ортиқ эҳтиром керакмас. Бугун шу курашларим ортидан кўпкарида учинчи бор машинани қўлга киритдим. Ота-боболаримиздан қолган бу ўйинда ҳикмат кўп», — деди соврин эгаси.

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг