Риэлторлар учун айланмадан олинадиган солиқ ставкаси пасайтирилади
«Яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқ органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент Фармони (ПФ-6098, 30.10.2020 й) қабул қилинди.
Фармонга мувофиқ, 2021 йил 1 январдан:
- 2022 йил 1 январгача умумий овқатланиш соҳасидаги кичик тадбиркорлик субъектларининг банк карталари ва контактсиз тўловлардан фойдаланган ҳолда жисмоний шахслардан олинган даромадлари умум белгиланган солиқларни тўлашга мажбурий тартибда ўтиш мақсадида умумий даромадга киритилмаслиги тартиби жорий этилади;
- риэлторлик фаолияти билан шуғулланувчи шахслар учун айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 25 фоиздан 13 фоизгача пасайтирилади;
- қурилиш корхоналарига меҳнатга ҳақ тўлаш фонди жами миқдорининг 10 фоизидан ошмаган ҳажмда (ижтимоий солиқ суммасини ҳисобга олмаганда) иш ҳақини нақд пулда тўлаш ҳуқуқи билан шартнома тузмасдан ишчилар ёллашга рухсат берилади.
Фармон билан Яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича махсус комиссия ва ҳудудий комиссиялар ташкил этилди.
Солиқ режимини соддалаштириш ҳамда нақдсиз тўловларни кенгайтириш чораларини кўриш Комиссиянинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
2020 йилда республиканинг барча ҳудудларида онлайн касса машиналарининг чекларида акс эттирилган QR-код ёки фискал белги асосида совринли ўйинларни ўтказиш амалга оширилади.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги таркибида – Яширин иқтисодиётни таҳлил қилиш бошқармаси,
Давлат солиқ қўмитаси таркибида Солиқ назорати департаменти ташкил этилди.
2020 йил 1 ноябрдан давлат солиқ хизмати органлари бошқарув ходимлари сони 10 фоизга қисқартирилади.
Давлат солиқ хизмати ва божхона хизмати органларининг мансабдор шахслари назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан текширувларни ўтказиш учун ҳафтасига 16 иш соатидан кўп бўлмаган муддатга жалб қилиниши мумкин.
Бунда, улар фақат солиқ, божхона ва валюта қонунчилигига риоя қилишга доир текширувларни ўтказиш учун жалб қилинади.
Ҳужжат ҳақидаги тўлиқ маълумот билан www.lex.uz сайти орқали танишиш мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter