Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ғайрат Йўлдош

Бешикдан қабргача илм изла!

Рекорд ош ёки ғарбликларга ўхшашимиз ҳақида

Рекорд ош ёки ғарбликларга ўхшашимиз ҳақида

Фото: «Milliy TV»

Европада кўчада дайдиб юрган мушукларни, итларни ҳимоя қилиб одамлар намойишга чиқяпти. Буни дунёга машҳур телеканаллар, интернет сайтлари ва ОАВ кенг ёритмоқда ва ўша намойиш ҳақидаги хабарлар бизгача ҳам етиб келяпти. Биз эса худди шу хабарни эшитиб ўша намойиш ўтказадиганларни ҳам, уларга қўшиб бутун Ғарбни ҳам «Дунёнинг турли чеккаларида, айниқса, мусулмон ўлкаларда ғарбликларнинг армияси ҳужуми остида қандайдир террорчиларга қўшилиб миллионлаб одам ҳалок бўлиб кетаётганида улар «қандайдир бир дайди итни ёки мушукни ҳимоя қилиб чиққани учун» бўралатиб сўкамиз ва танқид қиламиз.

Албатта, бу ерда бизнинг ўша танқидимиз ўринли. Тўғри-да, дунёнинг бир чеккасида турли хунрезликлар ортидан юз минглаб, миллионлаб одамлар ўлиб кетяпти-ю, ғарбликлар қандайдир бир дайди мушукни деб намойишга чиқишса?! Шу адолатданми? Аммо бизнинг ҳам ўша европаликларга ўхшаб кетадиган томонларимиз бор.

Айримларимизнинг айнан катта-катта муаммоларимиз бир четда қолиб қандайдир арзимас ишларни муаммо деб кўтариб чиқишимиз ўша ғарбликларнинг дунёнинг турли чеккаларида ноҳақдан ўлиб кетаётган одамларни ўйламасдан, қандайдир дайди ит-мушукларни деб аза тутиб намойиш ўтказишига ўхшайди.

Энди асосий гапга ўтсам. Яқинда бир гуруҳ ошпазлар юртимиздаги қайсидир бир шаҳарда рекорд ўрнатиш учун нечадир тонналик ош пиширишди. Бу иш интернет сайтларда ва турли телеканалларда кенг ёритилди. Шу билан бирга турли ижтимоий тармоқларда етарлича муҳокама қилинди ва айримлар томонидан кескин танқид қилинди ва ҳанузгача танқид қилинмоқда.

Албатта, ўша пиширилилган ош кўчага улоқтирилмади, одамларга тарқатилди. Аммо бу ишни танқид қилган айрим ҳамюртларимиз «шунга кетган маблағни фалон қилса бўларди, писмадон қилса бўларди», деб рекорд учун ош пиширган ошпазлар шаънига бўлар-бўлмас гапларни йўллашди. Ана шу ерда менда савол туғилади. Хўш, ўша рекорд учун пиширилган бир неча тонналик ошни пишириш нотўғри иш экан, унда юртимиз бўйлаб жаноза маросимидан сўнг ўтказиладиган ва динимизда умуман йўқ бўлган бидъат амаллар бўлмиш «Худойи», «Йигирма», «Қирқ», «Йилоши», Ўликифтор» каби турли номлар билан номланувчи маросимларда бир йил давомида дамланаётган ошларнинг тоннаси қанча бўлар экан-а? Уларга кетадиган масаллиқлар-чи, неча юз, минг тонна экан?

Энг ёмони, тўй қилиш учун одамлар бироз бўлса ҳам йиғинади, аммо жаноза тўсатдан бўлиб қолади. Ана шундай ҳолатда қўққисдан жаноза бўлганда кимнидир қўлида бор, кимнидир қўлида йўқ ва ўша бидъат маросимларни ўтказиш учун жаноза соҳиби кимлардандир қарз олишга мажбур бўлади. Чунки бу маросимларни ўтказиш бизда ҳамма учун мажбурият бўлиб қолган ва у бойми, камбағалми ана шу бидъат маросимларни ўтказади. Бойлар-ку амаллар, аммо қўлида ҳеч нарсаси йўқ камбағал нима қилади? Болаларининг ризқини қийиб қарз кўтарадими?

Узоққа бормай, ўтган йили ўрта ёшлардаги камбағалроқ бир қўшним тўсатдан қазо қилди. Ортидан бир нечта болалари қолди. Болаларининг каттаси уйланадиган ёшда, кичиги эса мактаб ўқийди. Ана шу уйланиш ёшидаги бола отасининг ҳамма маъракаларини кимлардандир қарз олиб ўтказишга мажбур бўлди. Ҳеч ким, ҳа, ҳеч ким, на маҳалла раиси, на масжид имомлари бориб «Эй ука, бу ишлар динимизда ҳам йўқ, урф-одатимизда ҳам «қарз олиб қил» деган жойи йўқ. Шундай экан шу маросимларни қилма», демади. Ҳамма томошабин бўлди ва ҳамма бориб ўша маъракаларда ошни хижолат бўлмасдан еяверди.

Энг ёмони, болалари оч қолса қолиб кетаверсин, мактабга ўқув қуроллари ва китоблар олиб берилмаса-берилмасин, танасида дарди бўлса кейинроқ даволанса ҳам бўлади, томидан чакка ўтаётган бўлса нима бўпти чидайди, қиш келяпти уйида эса на ўтини ва кўмири бор, совуқда ўтираверади, аммо жанозанинг ортидан чиқиб келадиган маъракаларни ўтказмаса бўлмайди. Ўтказганда ҳам изини совитмасдан, кечиктирмасдан ўтказиш керак. Бизнинг тушунчамиз ана шу. Шу учун ҳам бизда инсон қадридан кўра «одамлар нима дейди», деган бўлмағур бир андиша кучли.

Бундай воқеалар мамлакатимиз бўйлаб қаерлардадир, кимлар биландир ҳар куни содир бўляпти. Ҳар куни қандайдир ўлган бир камбағалнинг боласи кимдандир қарз олиб отасининг маъракаларини ўтказяпти. Хўш, ўша рекорд ошни танқид қилганлар нега бу ҳақда лом-мим дейишмайди? Нега муаммонинг каттасини кўриб кўрмасликка олишади-ю, аммо арзимаган ишдан муаммо ясашади?

Яна бир шунга ўхшаш иш бундан бир неча йил олдин Тошкент шаҳридаги қайсидир бир кўчада бир неча чинор дарахтлари кесилганда содир бўлганди. Ўшанда бир гуруҳ активистлар ўзларича ўша кесилган чинорларни ҳимоя қилиб қайсидир ҳукумат ташкилотига мурожаатнома ҳам жўнатишган эди. Ўшанда уларнинг ўша ишига на куларимни ва на йиғлашимни билмаган эдим.

Чунки ўша активистлар ҳақиқатан табиатни яхши кўришса ва уни авайлаб-асрашни хоҳлашса нега Тошкент шаҳридаги саноқли чинор кесилганига дунёни бузиб дод-вой соладилар-у, мамлакатимиз бўйлаб кўпгина аҳоли пунктларида қувур орқали тортилган табиий газ кесиб ташлангани учун куз ва қиш ойларида аҳоли томонидан уй иситиш мақсадида ёқиш учун юз минглаб дарахтлар кесиб юборилаётганига қарши сукут сақлаб индашмайди? Қани мард бўлишса газчилардан ўша гази кесиб ташлангани туфайли дарахтларни кесиб ёқаётган аҳолига зудлик билан газ берилишини талаб қилиб чиқишсин-чи. Йўқ, улар катта муаммоларни кўрмайдилар ёки шунчаки кўрмасликка оладилар ва катта муаммолар қолиб кетиб арзимаган ишдан муаммо чиқазишга уринадилар.

Энди тушуняпсизми нега катта муаммолар қолиб, арзимаган ишлардан муаммо ясашда бизнинг ғарбликлар билан бир хил эканимизни? Ҳа, биз шундай қавм бўлдик, ҳатто ойнани башарамизга тутиб «мана ўзингни аҳволингни кўр ва хатоларингни тузат» деса «йўқ, бу кўзгуда кўринаётган мен эмасман», деб ўзимизни ўзимиз инкор этамиз. Чунки ўзимизни тўғрилашни, феълимизни ислоҳ қилишни умуман хоҳламаймиз. Бошқаларнинг ишини ва камчилигини эса дўмбира қилиб чалишга уринамиз.

Саломат бўлинглар.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг