Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Организмни коронавируснинг иккинчи тўлқинига тайёрлаш бўйича шифокор маслаҳатлари

Организмни коронавируснинг иккинчи тўлқинига тайёрлаш бўйича шифокор маслаҳатлари

Фото: «M.avtoradio.ru»

Тиббиёт фанлари номзоди, шифокор-терапевт Владимир Бекетов организмни коронавируснинг иккинчи тўлқинига тайёрлаш бўйича бир қанча маслаҳатларини берди.

Биринчи навбатда, одамнинг иммунитети ҳамма мавсумда бир бўлишини унутмаслик кераклигини таъкидлайди шифокор. Шу боис ёзги жазирамада ёки қуруқликда COVID-19 нинг заифлашишига умид қилмаслик керак.

Августнинг бошидан октябрнинг охиригача Бекетов гриппга қарши эмланишни тавсия этади. Бу, айниқса, диабет, ўпка ва юрак касалликларидан қийналаётганларга тааллуқли. Бундан ташқари, поликлиникаларда пневмококк инфекциясига қарши эмланиш мумкин. Шифокорнинг айтишича, БАД, қайнатма, дамлама ва шунга ўхшаш гомеопатик препаратларни қабул қилиш орқали иммунитетни кўтариб бўлмайди.

Шунингдек, Бекетов уйқу давомийлигининг фойдаси ва унинг иммунитетга ижобий таъсири ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. Энг яхшиси, кунига саккиз-тўққиз соатлаб ухлаш лозим. Бунинг иложи бўлмаганда эса кундузи 20 дақиқадан бир соатгача озроқ бўлса ҳам мизғиб олиш керак.

Овқатланишга келганда, шифокор клетчаткага бой маҳсулотларни истеъмол қилишни тавсия этади: мева-сабзавотлар, кўкатлар, кепаклар — улар ичак микрофлорасини мувозанатга келтириб, иммунитетни мустаҳкамлашга ёрдам беради. Шунингдек, таомномада ёғ камроқ, оқсил кўпроқ бўлиши муҳим. Яхшиси, гўшт, айниқса, колбаса маҳсулотлари истеъмолини чеклаш лозим. Унинг ўрнига товуқ, курка ва балиқ гўштини кўпроқ тановул қилиш тавсия этилади. Бундан ташқари, кун давомида етарлича сув ичиш керак: 1 килограмм тана вазнига 30 миллилитрдан. Бироқ тунига, яхшиси, сув ичмаган маъқул.

Витаминлар ҳақида гапираркан, доктор Бекетов БАД ва витаминли қўшимчаларни қабул қилмасликни, шунчаки таомномага кепак, мева-сабзавотлар қўшиш кераклигини айтди. Унинг фикрича, бу витаминларга бўлган эҳтиёжни қондиришга кифоя қилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг