Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Рақамли трансформация – бугун бошланиб, эртани белгиловчи жараён» — SAP бўйича етакчи мутахассис Виктор Югов билан суҳбат

«Рақамли трансформация – бугун бошланиб, эртани белгиловчи жараён» — SAP бўйича етакчи мутахассис Виктор Югов билан суҳбат

Бугунги рақамли трансформация шароитида корхона ва ташкилотларнинг SAP каби интеграциялашган ахборот тизимларига бўлган талаби тобора ортиб бормоқда. Сабаби, ушбу тизим компанияларга ягона платформада турли бўлимлар ишини мувофиқлаштириш, уларни самарали бошқариш имконини беради.  Бу борада нафақат техник билим, балки кенг кўламли амалий тажрибага эга бўлган профессионаллар айниқса қадрланади. Виктор Югов ана шундай мутахассислардан бири.

У 2004 йилда Москва Давлат Индустриал Университетининг иқтисодиётда ахборот тизимлари йўналишида таҳсил олиб, кейинчалик ўз фаолиятини SAP соҳасига бағишлади. Дастлабки иш фаолиятини 2008 йилда «Victoria-Baltiya» компаниясида бошлаган Виктор, бу ерда SAP Ретаил тизимини турли минтақаларда жорий этиш ва ривожлантириш билан шуғулланди. Ушбу компанияда у муваффақиятли фаолият олиб бориб, катта тажриба тўплади. 2016 йилда «Йил ходими» мукофоти билан тақдирланди.

Кейинчалик у дастурий таъминотни жорий этиш билан шуғулланувчи «MIT» МЧЖ консалтинг компаниясида фаолият олиб борди. Сўнг Ўзбекистонга қайтиб, йирик корхоналар учун IT-тизимларни ишлаб чиқиш, жорий этиш ва техник хизмат кўрсатиш билан шуғулланадиган «T4DATA» компаниясида етакчи консултант бўлиб ишлади. Ҳозирда «EPAM Uzbekistan» IT-компаниясида меҳнат қилиб келмоқда. Виктор Югов бу ерда SAP MM/SD модулларида етакчи мутахассис сифатида йирик халқаро лойиҳаларда иштирок этиб келади. Қуйида Виктор биз билан SAP тизимлари, рақамли трансформация, ўзининг йирик лойиҳалари ҳамда соҳага оид амалий маслаҳатлари билан ўртоқлашади.

— Виктор, ўқувчиларимизга тушунарлироқ бўлиши учун дастлаб SAP тизими ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсангиз.

 — SAP (Systems, Applications, and Products in Data Processing) интеграциялашган ахборот тизими бўлиб, ўтган асрнинг 70-йилларида Германияда яратилган. Ҳозирда у дунёда энг машҳур ERP – корхона ресурсларини режалаштириш (Enterprise Resource Planning) тизимларидан бири ҳисобланади. SAP турли соҳалардаги жараёнларни автоматлаштиради ва уларни ягона маълумотлар базасида бошқаради.

Масалан, молиявий ҳисоботлар, моддий ресурслар бошқаруви, савдо ва таъминот занжири, омборхона логистикасини бошқариш, инсон ресурсларини бошқариш, лойиҳаларни бошқариш, замонавий таҳлил ва сунъий интеллект воситалари ва ҳоказо. SAPнинг асосий афзалликлари шундаки, у ҳар хил ўлчамдаги компаниялар учун мослаштирилган бўлиб, унинг ёрдамида компаниянинг барча бўлимлари ягона платформада ишлайди, бу эса маълумотлар аниқлиги ва ишлов бериш тезлигини оширади.

Ҳозирда SAP тизимидан дунё бўлаб 180дан ортиқ мамлакатда турли йўналишдаги компаниялар фаол фойдаланиб келишмоқда. SAP тизими йирик компаниялар, банклар, ишлаб чиқариш корхоналари, чакана савдо тармоқлари, логистика фирмалари ва ҳатто давлат идораларида жуда яхши самара беради. Ҳозирда Ўзбекистон бозорида ҳам SAP тизимини жорий қилаётган ташкилотлар сони ошиб бормоқда, жумладан: Grandpharm, Macro ва бошқалар.

— SAP соҳасида кўп йиллик тажрибага мутахассис сифатида айтингчи, бугун рақамли трансформациянинг бизнесдаги роли қандай?

— Бугунги бизнес дунёсида рақамли технологиялар ҳаётнинг ажралмас қисмига айланди. Асосий тенденцияларни санаб ўтсак, биринчи ўринда сунъий интеллект ва машинали ўқитишни айтган бўлардим. Улар эндиликда бизнесда реал воситаларга айланган. Рақамли тизимлар мижозларнинг талаб ва истакларига мослаштирилган таклифлар, автоматлаштирилган жараёнлар ва тезкор таҳлилларни генерация қилиш орқали компанияларга катта устунлик беради. Шунингдек, булутли технологиялар компанияларга IT-инфратузилмани яратиш ва такомиллаштиришда катта енгилликлар бермоқда. Булар самарадорликка ижобий таъсир этмай қолмайди, албатта.

Масалан, Россияда ишлаб юрган вақтларимда ўзим билган йирик ишлаб чиқариш холдингларидан бири ҳужжатлар айланмасини автоматлаштириш тизимини жорий қилганидан сўнг, ҳужжатларни қайта ишлаш вақтини қарийб 78 фоизга қисқартирган, хатоликлар сони 92 фоизга камайган, қоғоз ҳужжатлар билан боғлиқ ойлик харажатлар эса 1,7 миллион рублга қисқарган. Компаниянинг тизимни яратишга сарфлаган 12 миллион рубл миқдоридаги инвестицияси атиги бир йилдан камроқ вақт ичида ўзини оқлади.

Яна бир корхона иш жадвалини автоматик режалаштириш ва омбор захираларини оптималлаштириш тизимини жорий қилгач, тизим ишга тушганининг илк чорагидаёқ харажатларини 23 фоизга камайтиришга муваффақ бўлган. Лойиҳанинг қиймати 8,5 миллион рубл эди, улар йил давомида 32 миллион рублдан ортиқ маблағ иқтисод қилишди. Бундай мисоллар жуда кўплаб топилади. Айтмоқчи бўлганим, самарадорлик анча юқори. Шунинг учун рақамлаштириш дунё бўйлаб, жумладан, Ўзбекистонда ҳам, жуда тез оммалашяпти.

— Нима учун айнан SAP? ERP тизимлари бозорида SAP етакчи, деган фикрга сиз ҳам қўшиласизми?

— Корпоратив дастурий таъминот оламида SAP алоҳида ўрин тутади. Унинг ERP тизимлари бозорида бир неча ўн йиллар давомида етакчиликни бермай келаётгани тасодиф эмас. SAP тизимлари ўзининг кенгаювчанлиги, саноатга мослашувчанлиги ва глобал қўллаб-қувватлови билан ажралиб турадиган экотизим. Тизим реал вақт режимида маълумотларни таҳлил қилиш қобилияти орқали замонавий бизнес учун мослашувчанлик ва стабил ривожланиб бориш имконини беради. У нафақат корпоратив миқёсдаги йирик компаниялар, балки ўрта ва кичик бизнес учун ҳам тегишли ечимларни таклиф қила олади. Юқоридаги омиллардан келиб чиқсак, саволингизга жавобим: Ҳа. SAP етакчи деган фикрга тўлиқ қўшиламан.

— Нима учун Ўзбекистонда SAP долзарб деб ўйлайсиз?

— Биринчидан, ҳозирда ушбу тизимга талаб юқори ва кун сайин ошиб боряпти. Хусусан, катта ҳажмдаги маълумотлар билан ишлайдиган компаниялар кўпаймоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳукумати ҳам сўнгги йилларда рақамлаштиришга катта урғу беряпти, соҳа ривожи учун тегишли қарор ва фармонлар қабул қилиняпти. Энг муҳими, маҳаллий компаниялар SAP орқали жараёнларни максимал автоматлаштириш, ресурсларни тежаш ва инсон омили билан боғлиқ хатоларни камайтириш мумкинлигини аллақачон тушуниб етишди.

Яъни тизимни жорий қилишдан биринчи навбатда компаниялар манфаатдор. Бундан ташқари, мазкур тизим тизим халқаро стандартларга мос равишда фаолият кўрсатиш имконини беради. Аниқроқ айтадиган бўлсам, SAP бу шунчаки оддий дастур эмас, балки компанияни бошқаришга кўмаклашадиган ақлли тизим. У орқали ҳар бир бўлим, молиявий масалалардан тортиб логистикагача, ягона маълумотлар оқимида ишлайди. Ўзбекистонда ҳам бу технология катта тезликда жорий қилиняпти ва халқаро тажриба асосида ривожланяпти.

— Шахсий тажрибангиздан келиб чиқиб, SAP билан боғлиқ энг эсда қоларли лойиҳангиз ҳақида гапириб берсангиз.

— Фаолиятим давомидаги энг муҳим лойиҳалардан бири «Grandpharm» компанияси учун яратилган комплекс ечим. Улар бутун Ўзбекистон бўйлаб 7500дан ортиқ дорихона билан ишлашади, халқаро гигантлар – Pfizer, Novartis, Sanofi каби ҳамкорларга эга.

  • Бу лойиҳа доирасида биз мобил илова, веб-платформа, портатив сканерлаш ускуналари ва SAP ERP интеграциясига асосланган ноёб тизим яратдик. Бу тизим маҳсулотларни партия, яроқлилик муддати ва штрих-кодлар орқали аниқлик билан назорат қилиш имконини беради.

Шунингдек, биз ҳатто офлайн режимда ҳам ишлайдиган синхронизация тизимини жорий қилдик, бу минтақавий омборлар учун айниқса муҳим. Лойиҳа натижалари барча кутилмалардан ошиб кетди:

  • Ҳужжатлар айланиш вақти сезиларли даражада қисқарди;
  • Маҳсулот йиғишдаги хатоликлар анча камайди;
  • Ҳисобга олиш аниқлиги деярли мукаммал даражага етказилди.

Лойиҳа шу қадар муваффақиятли бўлиб чиқдики, 2024 йил декабр ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев шахсан Грандпҳарм логистика марказига ташриф буюрди ва шу қаторда биз яратган тизим фаолияти билан ҳам танишди. Албатта, шахсан ўзим бу лойиҳанинг бутун жамият учун аҳамияти ва фойдасини англаб етдим. Бизнинг «T4DATA» жамоамиз натижа учун бор кучини сарфлади.

— Сизнингча, ҳозирда бутун дунё бўйлаб бизнес жараёнларини автоматлаштиришни тақазо қилаётган асосий омиллар нималарда кўринади?

— Асосий омиллардан бири – тўхтовсиз ўсиб бораётган рақобат бўлиб, бу компанияларни мижозларга ўз рақобатчилариникига қараганда арзонроқ нархларни таклиф қилишга ундамоқда. Бу эса, ўз навбатида, харажатларни камайтириш ва айни пайтда самарадорликни максимал оширишни тақазо этади. Рақамлаштириш эса бу мақсадга эришишда энг мақбул ечим.

Яна бир муҳим сабаб – бозордаги ўзгаришларга тезкор реакция кўрсатиш зарурати. Автоматлаштирилган тизимлардан фойдаланувчи компаниялар янги шароитларга тезроқ мослаша олишади, катта ҳажмдаги маълумотларни тезлик билан таҳлил қилишади ва улар асосида мантиқий, тўғри қарорлар қабул қилиш имкониятига эга бўлишади.

Шунингдек, мижозларнинг ўсиб бораётган эҳтиёжини ҳам унутмаслик керак. Бугунги истеъмолчи:

  • дарҳол жавоб олишни;
  • индивидуал ёндашувни;
  • мукаммал хизматни кутади.

Буларнинг барчасини эса автоматлаштирилган тизимларсиз таъминлаш деярли имконсиз.

— Фаолиятини рақамлаштириш ҳақида ўйлаётган компанияларга қандай маслаҳатлар берган бўлардингиз?

— Ишни аввало компаниянинг ҳолатига тўғри ташхис қўйиш ва аниқ мақсадларни белгилашдан бошлаш керак деб ҳисоблайман. Автоматлаштиришни жорий этишга киришишдан аввал:

  • мавжуд жараёнларни батафсил таҳлил қилиш,
  • муаммоли нуқталарни аниқлаш
  • лойиҳа муваффақиятини таъминловчи кўрсаткичларини белгилаб олиш зарур.

Тегишли тажрибага эга мутахассисларни жалб қилиш ҳам муҳим. Кўпинча компаниялар қиммат кадрлардан қочиб, пулни тежашга ҳаракат қилишади ва аксарият ҳолларда бу лойиҳаларнинг муваффақиятсиз якунланишига олиб келади. Малакали жамоага киритилган инвестиция – рақамли трансформация муваффақиятининг гарови.

Рақамлаштириш йўлидаги энг катта тўсиқлардан бири – ўзгариш ва ислоҳотларга қаршилик, бизнес эгаларидаги консерватив кайфият. Ходимларни ўқитиш ва янги тизимларга мослашиш бўйича комплекс дастурлар ушбу тўсиқни енгиб ўтишга, янги технологиялар жорий этилишидан максимал фойда олишга ёрдам беради.

Айтганча, яна бир муҳим жиҳат — ҳаммасини бирдан автоматлаштиришга шошилмаслик керак. Босқичма-босқич йўл тутган маъқул: биринчи навбатда асосий жараёнларга эътибор қаратган ҳолда хавфларни эҳтиёткорлик билан бошқариш ва янги технологияларга силлиқ ўтишни таъминлаш.

Рақамлаштиришни бир марта жорий қилсам бўлди, уёғига ўзи ишлаб кетади, деган ёндашув катта хато. Буни узлуксиз такомиллаштириш жараёни сифатида қабул қилиш керак. Сабаби, технологиялар жуда тез ривожланяпти, шунинг учун компаниялар доимий янгиланиш ва ўз тизимларини бозордаги янги шарт-шароитларига мослаштириб боришлари лозим. Унутманг, рақамли трансформация бугун бошланиб, компаниянинг эртасини белгилаб берадиган доимий жараёндир.

Ва ниҳоят, жуда муҳим фикр: рақамлаштириш — бу бир марта жорий этиладиган эмас, балки доимий такомиллаштириб бориладиган жараёнидир. Технологиялар шиддат билан ривожланмоқда, компаниялар янги бозор шароитларига мослашиш учун мунтазам янгиланишда бўлишлари керак. Шуни тушуниш керакки: рақамли трансформация — бугун бошланиб, компаниянинг эртасини белгилаб берадиган доимий жараён.

Алишер Ҳакимов суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг