Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Рангпар бемор қачон оёққа туради?

Рангпар бемор қачон оёққа туради?

Бундан ўттиз йил муқаддам – 1989 йил 21 октябрда ўша пайтдаги парламентнинг 11-чақириқ 11-сессиясида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Шу тўғрисида қонун қабул қилинди.

Ушбу қонун лойиҳаси 2 марта халқ муҳокамасига қўйилган. Айтиш мумкинки, муҳокамалар қизғин кечган. Буни ёзувчи Одил Ёқубовнинг 1989 йил 20 октябрда «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида эълон қилинган мақоласидан ҳам билиш мумкин: «Тиллар ҳақидаги қонун лойиҳаси муҳокамаси 4 ойча давом этди. Зийраклик билан разм солсак, муҳокама қарама-қарши икки йўналишда давом эттирилди. Ўзбекча ва русча матбуот органларини кузатсак, буни фаҳмлаб олиш қийин эмас. Гап шундаки, рус тилидаги газеталар муҳокаманинг дастлабки куниданоқ икки тиллиликни зўр бериб тарғиб қила бошладилар. Бунинг учун ўзбек тили камбағал тил деган бемаъни даъволардан ҳам қайтмадилар».

Бевосита сессияда иштирок этган яна бир зиёлимиз – шоир Абдулла Ориповнинг фикрлари ҳам эътиборга молик: «Баъзи ўртоқлар ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишига бирмунча ҳадиксираб қараётганга ўхшайдилар. Мен буни кечаги музокараларда баъзи нутқлардан жиндек бўлса-да, пайқадим. Баъзи ўртоқлар кўпроқ ўз манфаатларини ўйлаб фикр юритаётганга ўхшайдилар. Дилда дардинг бўлмаса дард дафтаримни кавлама деган экан Машраб. Биз жаҳондаги қадимий бир тилнинг тақдири ҳақида ўйлаяпмиз. Биз яқин 10 – 15 йил ичида эмас, балки 100 йиллардан нарида тилимизнинг ҳоли нима кечади, авлодларга биз нимани мерос қилиб қолдирамиз, – шу ҳақда ўйлаётибмиз. Бизнинг рўпарамизда бамисоли рангпар бир бемор турибди, уни оёққа турғиза оламизми ёки йўқми? Гап ана шу ҳақида бораётир. Кенг қамровда ёндашадиган бўлсак, она тилимизга давлат мақоми берилишини муҳокама қилиб ўтиришнинг ўзиёқ эриш туюлади. Бу ҳолат одам ўз туққан онасини махсус қарор билан тасдиқлатиб олаётганга ўхшайди» («Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил 27 октябрь).

Кўриниб турибдики, она тилимизнинг давлат тили мақомига эга бўлиши осон кечмаган.

Она тили шунчаки сўзлашув воситаси эмас, балки Ватанга муҳаббат, аждодларга ҳурмат, миллий ғурур рамзи ҳамдир. Ўз тилини асраб авайлаган халқ ўзлигини асраб авайлаган бўлади.

Афсуски ҳали ҳамон ўзбек тилига бўлган беписандликни кўраётирмиз. Айниқса пойтахт кўчаларида дўконлар, маиший хизмат кўрсатадиган шахобчалар ажнабий тилдаги номлар билан номланиши, тадбирлар рус тилида олиб борилиши, иш юритишни ҳатто рус тилида учратиш ҳоллари кўп кузатилмоқда. Шундай пайтда Абдулла Орипов таъкидлаганидек, ўзбек тилимиз ҳамон бамисоли рангпар бир бемордек бўлиб қолиб кетмаяптими?

Ахир миллий тилсиз ҳеч бир миллат баркамол эмас. Маърифатпарвар бобомиз Алихонтўра Соғуний бу ҳақда қуйидагича ёзади: «Арабча, форсийчаларни ёзиш-сўзлашгина эмас, балки бу икки тилда китоб ёзиш, шеър айтиш қобилияти менда бўлса ҳам, ўз туркий она тилимни бошқа тиллардан ортиқроқ кўрдим. Чунки, қайси бир миллатнинг она тили ўз ҳожатини ўтаёлмай, бошқа ёт тиллар олдида мағлубиятга учраб тиз букар экан, ундай миллат кўп узоқламай, инсоний туйғуларидан ажраган ҳолда ҳаёт дафтари устига инқироз қалами чекилиши шубҳасиздир. Ундай миллатлар ёлғизгина Ватанларидан эмас, балки бутун борлиғи билан тарих юзидан йўқолишга мажбур бўлади».

 Азизбек Рамазонов,
журналист,
«Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг