Рамазонда муқаддас масжидга босқин уюштирилгани мусулмон оламида кескин эътироз уйғотди
15 апрель тонгида Исроил полицияси Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кирди. Бомдод намозига йиғилган мусулмонлар ва Исроил хавфсизлик кучлари ўртасидаги тўқнашувларда 150 дан зиёд фаластинлик жароҳат олган, 400 нафари ҳибсга олинган.
Фаластинликлар муқаддас масжид ҳудудига полициячиларнинг киришини провокация ўлароқ қабул қилган ва уларга қарата тош улоқтирган. Исроил томони кўздан ёш сиздирувчи газ ва резина ўқларни ишлатган.
Қизил яримой жамияти жароҳатланганларнинг аксари шифохонага олиб кетилгани, айни чоқда, Исроил кучлари тез ёрдам машиналарининг ҳаракатига тўсқинлик қилгани ҳақида хабар берган.
Исроил полицияси масжид ҳудудига оломонни тарқатиш учун кирганини маълум қилган.
Бир неча ой аввал Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти Исроилни фаластинликларга нисбатан апартеид сиёсати юритишда айблаганди.
Кейинги кунларда ҳам босиб олинган Ғарбий соҳилда мунтазам равишда рейдлар ўтказилиб, кўп сонли фаластинликлар ҳибсга олинмоқда.
«Ал-Жазира» нашри сиёсий таҳлилчиси Марван Бишара ишғол остида бўлган Шарқий Қуддусдаги сўнгги ҳодисаларни шарҳлар экан, Украина уруши билан андармон бўлган халқаро ҳамжамият фаластинликларнинг оҳу ноласига қулоқ солмаётганини қайд этган.
Фаластин президенти Маҳмуд Аббос Ал-Ақсога ҳужумни уруш эълон қилишга қиёслаб, босқинчи кучларга муқаддас масжидга эгалик қилишга асло йўл қўйилмаслигини таъкидлади.
ҲАМАС етакчиси Исмоил Хония Қуддусда чақирилмаган меҳмонларга жой йўқлиги, Фаластин халқи Ал-Ақсони жонини фидо қилиб бўлса-да ҳимоя қилиши ҳақида баёнот берган.
Ал-Ақсога айни Рамазон кунлари ҳужум уюштирилгани ислом дунёси томонидан ҳам кескин қораланди. Жумладан, Саудия Арабистони, БАА, Туркия, Ироқ, Яман, Ливия, Миср каби мамлакатлар ташқи ишлар вазирликлари масжидга бостириб кирилгани ва ибодат билан машғул мусулмонларга ҳужум қилинганини халқаро ҳуқуқнинг поймол этилиши деб баҳолаган ҳамда Исроилни мусулмонларнинг муқаддас туйғулари билан ўйнашмасликка ундаган.
Исроил ҳарбийлари ўтган йил Рамазон ойида ҳам Ал-Ақсо масжидига бостириб кирганди.
Ўшанда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги Шарқий Қуддусдаги вазиятнинг кескин тус олиши сабабли чуқур хавотир изҳор этганди.
«Томонларни зўравонликка чек қўйиш, вазиятни беқарорлаштиришдан сақланиш ва бундан буён қон тўкилишига йўл қўймаслик ҳамда мусулмон олами учун муқаддас ҳисобланган Ийд ал-Фитр арафасида можарони ҳал этиш бўйича барча имкониятларни сафарбар этишга чақирамиз. Ал-Ақсо масжиди ва Қуддусдаги бошқа муқаддас қадамжоларнинг дахлсизлигини – статус-квога риоя этилишини таъминлаш зарур деб ҳисоблаймиз», – дея баёнот берган эди вазирлик.
Ал-Ақсо мусулмонларнинг учинчи муқаддас масжиди саналади. Муҳаммад (с.а.в.) пайғамбар бўлиб келганларининг дастлабки йилларида мусулмонлар намозларини ушбу масжид томон юзланиб ўқиганлар. Бу жиҳатдан, Ал-Ақсо илк қибла ўлароқ эъзозланади. Қолаверса, Исро кечасида Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) Маккадан Қуддусга – Ал-Ақсо масжидига сайр эттирган. Ушбу масжидда ўқилган битта намозга бошқа ерда ўқилган намоздан 500 баробар баланд мақом берилган.
Эслатиб ўтамиз, Исроил Шарқий Қуддусни 1967 йили олти кунлик урушдан кейин босиб олган. Халқаро ҳамжамияти қарши чиқаётганига қарамай, Исроил маъмурияти Қуддус тўлиғича ўзига тегишли экани ва яхлит пойтахт эканини даъво қилмоқда. Фаластинликлар эса Шарқий Қуддус мустақил давлатнинг бўлғуси пойтахти бўлишига умид қилади.
С.Салим
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter