Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тожикистон. Қўшниларда не гаплар?

Тожикистон. Қўшниларда не гаплар?

Ота ва ўғил – мамлакатнинг амалдаги ва эҳтимол истиқболдаги раҳбари.

Фото: Тожикистон президенти матбуот хизмати

17 апрель куни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг ўғли Рустам Эмомали мамлакат парламенти – Мажлиси миллининг раиси этиб сайланди.

Шу тариқа президентнинг 33 ёшли ўғли мамлакатдаги иккинчи қудратли шахсга айланди. Тожикистон конституциясига кўра, президент вафот этган ёки ўз вазифасини бажара олмай қолган тақдирда навбатдаги сайловга қадар давлат раҳбари лавозими парламент раисига ўтади.

Хўш, Тожикистонни 1994 йилдан бери танаффуссиз идора этиб келаётган 67 яшар Эмомали Раҳмон бошқарувдан чарчадими? У ҳам Озарбойжоннинг марҳум етакчиси Ҳайдар Алиев каби ўз ўрнига ўғлини қолдирмоқдами?

Таҳлилчиларга кўра, Тожикистон раҳбари непотизм – қариндош-уруғчилик ришталарига асосланган бошқарувни мустаҳкамлашга уринмоқда. Э.Раҳмоннинг 42 яшар қизи Озода Раҳмон ҳам юқори лавозимда: у президент девони раҳбари саналади. Бундан ташқари, президент оиласининг турли даражадаги қариндошлари мамлакат бўйлаб катта-кичик лавозимларни эгаллагани айтилади.

«Мамлакат бу ҳолга (президент ўғлининг юқори лавозимга тайинланишига – таҳр.) кўпдан ҳозирлик кўраётган эди. Бу эса Тожикистон непотизм – оилавий бошқарувнинг классик намунаси эканини яна бир карра тасдиқлайди. МДҲда ҳокимиятнинг бундай тизими Озарбойжонда аллақачон тажрибадан ўтказилган», – дейди журналист ва сиёсатшунос Аркадий Дубнов.

Ҳозирга қадар Душанбе шаҳри ҳокими вазифасида ишлаб келган, Марказий Осиёдаги энг ёш генерал Рустам Эмомалини олий лавозимга тайинлаш йўлидаги уринишлар 2016 йилдаёқ бошлаб юборилган. Ўша йили мамлакат конституциясига киритилган ўзгартиришга мувофиқ, президентликка номзодларга қўйилган ёш чеклови 35 дан 30 га туширилди. Бу эса жорий йил кузда ўтажак сайловда Рустам Эмомали бемалол номзод сифатида қатнаша олади деганидир. Аммо аксар сиёсий таҳлилчилар Эмомали Раҳмон навбатдаги сайловда ҳам ўзи қатнашишини таъкидламоқдалар. Аркадий Дубновга кўра, Эмомали Раҳмон навбатдаги сайловда ҳам ўзи иштирок этади ва ваколати муддати давомида ўғлига ҳокимиятни топширади.

Марказий ва Жануби-шарқий Осиё бўйича эксперт Александр Князев ҳам айни шундай фикрда.

«Ҳозирги паллада Эмомали Раҳмон ҳокимиятнинг тўлақонли топширилишига ҳаракат қилиш даргумон. Ҳокимиятнинг ошиғич топширилишига маҳаллий сиёсий элита ҳам тайёр деб бўлмайди. Эмомали Раҳмон салкам 30 йилдан бери ҳокимият жиловини тутиб тургани маҳаллий сиёсий элита ичида кўринмас зиддиятларга доялик қилаётир», – деб ҳисоблайди А.Князев.

Экспертга кўра, оилавий сулолага асос солиш учун Эмомали Раҳмон кучишлатар тизимда ҳам муайян ўзгаришларни амалга оширмоғи талаб этилади.

Тожикистонда сиртдан қараганда президент иродасига қарши бора оладиган сиёсий-ҳарбий куч йўқ. Аммо А.Князевнинг таъкидлашича, вазият зоҳирда кўрингандек барқарор эмас: мамлакатда сулолавий бошқарувга қарши кайфиятдаги кучлар мавжуд.
Сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов ҳам Рустам Раҳмоннинг ҳокимиятга келиши ва уни сақлаб қолиши хамирдан қил суғургандек осон кечмаслигини таъкидлайди.
«Тожикистон сиёсий маданиятида ҳам демократия, республика, сиёсий рақобат ва ҳокимият алмашинуви каби қадриятлар мавжуд. Тожикистон – ҳокимият учун курашиб, етти йиллик фуқаролик урушини бошдан ўтказган мамлакат. Энди, жамиятнинг норозилик даражаси уруш қўрқувидан ошадиган бўлса, яна беқарорликка йўл очилиши мумкин. Устига-устак, Шарқда сиёсий элита жуда зиддиятли, айёр бўлади. Элита ўйлаганини гапирмайди, чунки бунга имкон йўқ. Лекин фурсат кутади. Сиёсий элита қабул қилмагани боис, (Миср президенти) Ҳусни Муборак ўғли Жамолни ҳокимиятга олиб кела олмасдан ўзи ҳам қулаган эди. Тожикистонда Раҳмон ўғлини ҳокимиятга олиб келиш истаги ижтимоий-сиёсий жараёнларни тезлаштиради, холос. Тожикистон жамиятида ҳам иқтисодий-ижтимоий инқироз кучли. Яна, коронавируснинг Тожикистонга айтадиган «гап»лари ҳали олдинда бўлиши мумкин. Раҳмоннинг шошилишига кўра, у вазиятдан хавотирда бўлиши мумкин: ёки соғлиғи яхши эмас, ёки ички вазият қалтис», – деб ёзади К.Раббимов.

Телеграмдаги «Tashqarida» канали муаллифи президентнинг ўғли Мажлиси миллини 20 йилдан буён бошқариб келган Маҳмадсаид Убайдуллоевнинг ўрнини эгаллаганига эътибор қаратади. Бу эса узоқ йиллар давомида Тожикистонда президент оиласидан кейин ҳақиқий сиёсий кучга эга бўлган, олий ҳокимиятда совет давридан буён фаолият юритаётган Убайдуллоевнинг мамлакат иккинчи шахси мақомини бой берганини англатади. «Tashqarida» канали муаллифи сиёсий ингригалар авж олаётган мамлакатни андак киноя ила «Раҳмонистон» деб атайди.

Тожикистонда сулолавий бошқарувнинг ўрнатилишидан мухолифат ҳам хурсанд эмас, албатта.

«Cўнгги воқеалар ортидан мамлакатда сиёсий ва фуқаролик ҳуқуқлари чекланиши, ўзгача фикрловчи ва сиёсатга хайрихоҳ бўлмаганларга нисбатан таъқиб ва жазо чоралари кучайиши, сўз эркинлиги чекланиши, коррупция янада кучайиши, бир сўз билан айтганда, сиёсий ва иқтисодий вазият янада таранглашиши мумкин. Буларнинг бари иқтисодий тараққиётга ички ва хориж сармоясини жалб этишга ғов бўлади. Демак, мамлакат ва халқ янада қашшоқлашади», – дейди «Тожикистонда ислоҳотлар ва тараққиёт» ҳаракати раҳбари Шарофиддин Гадоев.

Тожикистондаги ўзгаришларни минтақа сиёсати «режиссёр»лари қандай баҳолайди?

Москва давлат халқаро муносабатлар институти (МГИМО) ҳузуридаги Марказий Осиё ва Афғонистон муаммоларини тадқиқ этиш маркази директори Андрей Казанцев Эмомали Раҳмоннинг «шахмат тахтасидаги юришлари»га Хитой ҳам, Россия ҳам хайрихоҳ, деб ҳисоблайди.

«Эмомали Раҳмон томонидан ҳокимиятнинг ўғлига топширилишига на Пекин, на Москва эътироз билдиради. Эҳтимол, Москва истиқболдаги узоқ муддатли барқарорликни кўзлаб вазиятни ўзгартиришга уриниши мумкин эди, аммо у ҳозир бу ишга аралашмаслигини маъқул кўради. Хитой эса унга барибир экани, муҳими – мавжуд келишувларга риоя этилиши эканини очиқ айтмоқда. Албатта, Ғарб эътироз билдириши мумкин. Аммо Эмомали Раҳмон мавжуд кучларга, хусусан, Хитой дастагига таяниб эътирозларни эътиборсиз қолдиради», – дейди эксперт А.Казанцев.

Истиқболдаги сиёсий эврилишларни Тожикистон халқи қандай қабул қилади? Салтанат соҳибларининг демократик қадриятларга у қадар «қофиядош» бўлмаган хатти-ҳаракатларига раият қай алфозда жавоб қайтаради? Бунисини энди вақт кўрсатади...

С.Салим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг