Қулоғига лағмон осган депутатнинг «бошида ёнғоқ чақиш» бошланди
Россия коммунистик партиясининг Самара вилояти думасидаги депутати Михаил Aбдалкин президент Путиннинг Федерал мажлисга мурожаатини қулоқларига лағмон осиб томоша қилганди.
«Лағмон воқеаси» қимматга тушди — армияни «дискредитация» қилишда (қасддан обрўсизлантиришда) айбланган Абдалкин устидан иш очилди, деб хабар берди «Медиазона».
Самара вилоятининг Новокуйбишевск шаҳар суди сайтида бу ҳақда маълумот жойланди.
Эслатиб ўтамиз, ҳамкасблари Россия президентининг анъанавий йиллик мурожаатини томоша қилишни тавсия этишганидан сўнг, коммунист Абдалкин монитор қаршисида қулоқларига қайнатилган спагеттини осиб ўтирган, кейин ушбу ҳолат видеосини интернетда тарқатган.
Депутатнинг ўзи айтишича, қуролли кучларни обрўсизлантириш бўйича ишни айнан шу видеоси учун очишган. «Дахлсизлигимиз ва айбсизлигимизни исботлаш учун курашамиз», — деб ёзди у «ВКонтакте»да полициячилар билан кабинетда тушган суратини илова қилиб.
Аввалроқ Самара вилояти думаси Абдалкиннинг хатти-ҳаракатини номақбул деб топган ва ошкора қоралаган, РФКП ҳудудий бўлимига уни партиядан ҳайдаш масаласини киритганди.
Бундан ташқари, депутатлар Абдалкиннинг ишини ҳуқуқ органларига жўнатишни сўрашмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter