Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қуддусда Қадр кечаси ҳам тинч ўтмади...

Қуддусда Қадр кечаси ҳам тинч ўтмади...

Фото: «AA»

9 майга ўтар кечаси бутун дунё мусулмонлари Рамазон ойининг энг мўътабар лаҳзалари – Қадр кечасини қарши олдилар. Аммо Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди яқинида шундай муқаддас тунда ҳам зўравонлик тинмади.

Бундан аввалроқ Исроил полициячилари Ал-Ақсо масжидини қамал қилган ва тўқнашувларда 200 дан зиёд фаластинлик жароҳатланганди. Фаластинликлар миршабларга тош улоқтирган. Улар эса резина ўқ, шовқин чиқарувчи граната ва кўздан ёш сиздирувчи газдан фойдаланган.

Босиб олинган Ғарбий соҳил ҳамда Ғазода бутун Рамазон ойида давомида тўқнашувлар давом этди. Бунга эса Шарқий Қуддуснинг Шайх Жарроҳ қасабасидаги фаластинликларни мажбуран кўчириш ҳақидаги қарор сабаб бўлди. Фаластинликлар бу хатти-ҳаракатни адолатсиз деб атаб фаол қаршилик кўрсатиб келмоқда.

Исроил томони ушбу ҳудуд яҳудийларга тегишли эканини даъво қилмоқда. Фаластинлик оилалар эса бу ерга БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича идораси билан келишув асосида жойлашганини таъкидламоқда.

Яқин Шарқ бўйича тўртлик – АҚШ, Россия, ЕИ ва БМТ Қуддусдаги зўравонлик ҳолати бўйича хавотир изҳор этган. Тўртлик давлатлари Шайх Жарроҳ ҳудудида узоқ йиллар давомида яшаб келган фаластин оилаларининг мажбуран кўчирилишини ташвишли ҳол деб атаган ва бир томонлама ҳаракатлар мураккаб вазиятни баттар ёмонлаштиришидан огоҳлантирган. 

«Биз Исроил ҳукуматини босиқликка ҳамда мусулмонларнинг муқаддас кунларида вазиятни янада қалтислашувига олиб келувчи чоралардан сақланишга чақирамиз», – дейилади Яқин Шарқ бўйича тўртлик баёнотида.

Йирик ижтимоий тармоқлар Шайх Жарроҳ ҳудудидан араб оилаларининг ҳайдаб чиқарилиши масаласида Исроил манфаатларини бир томонлама ҳимоя қилаётгани, зўравонлик ҳолати фош этилган саҳифа ва постлар цензурага учраётгани айтилмоқда. Фаластинлик фаолларга кўра, йирик ижтимоий платформа эгалари шу йўл билан жарбдийда халқ овозини ўчиришга кўмак бермоқда.  

Эслатиб ўтамиз, Исроил Шарқий Қуддусни 1967 йили олти кунлик урушдан кейин эгаллаб олган. Кўплаб мамлакатлар қарши чиқаётганига қарамай, Исроил маъмурияти Қуддус тўлиғича уларга тегишли экани ва яхлит пойтахт эканини даъво қилмоқда. Фаластинликлар эса Шарқий Қуддус мустақил давлатнинг бўлғуси пойтахти бўлишига умид қилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг