Қозоқ матбуоти: «Автобус 5 дақиқада олов ичида қолган»
Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосарининг фикрича, Оқтўбада рўй берган автобус фожиасига «оловдан эҳтиётсизлик билан фойдаланиш сабаб бўлган».
«Tengrinews.kz» нашрининг ёзишича, автобус салонида бензин билан ишлайдиган қўлбола иситиш воситаси топилган. Тирик қолган гувоҳларнинг кўрсатмасига кўра, салонда бензин билан тўлдирилган беш литрли пластмасса идиш бўлган.
Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот органларининг тирик қолган гувоҳлар кўрсатмаларига асосланиб маълумот беришича, йўлда автобус двигатели ўчиб қолгач, автобус салони жуда совиб кетган. Қўлбола мосламадан эса салонни истиш мақсадида фойдаланмоқчи бўлишган. Пластмасса идишдан бензиннинг тўкилиб кетиши оқибатида кучли ёнғин келиб чиққан ва беш дақиқа ичида автобус бутунлай ёнғин ичида қолган. Текширувлар давомида автобус салонида бирорта ўқотар ёки совуқ қуроллар, ўқ-дорилар ёки уларнинг қолдиқлари топилмаган.
Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой шифохонага ётқизилган беш нафар фуқаронинг ҳолати яхши эканини билдирган. Уларга малакали тиббий ва психоогик хизмат кўрсатилмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан «Tengrinews.kz» қўшимча маълумотларни ҳам илова қилмоқда. 18 январь куни Оқтўба вилоятининг Иргиз туманида ёниб кетган автобус Жанубий Қозоғистон вилояти Сариоғоч туманининг Жибек жолу поселкасида Россия Федерациясининг Қозон шаҳрига кетаётган пайти ҳалокат юз берган.
1989 йилда ишлаб чиқарилган «Setra» русумли автобус охирги марта 2015 йилда техник кўрикдан ўтказилган. Автобус Мехтиев Ордухон Собир ўғли номига расмийлаштирилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter