Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қозоғистон президенти январь ҳодисалари иштирокчиларини афв этишга доир қонунни имзолади

Қозоғистон президенти январь ҳодисалари иштирокчиларини афв этишга доир қонунни имзолади

Фото: Akorda.kz

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 2 ноябрь куни «Амнистия тўғрисида»ги қонунни имзолади. Бу ҳақда Zakon.kz президент матбуот хизматига таяниб хабар берди. Ушбу ҳужжатга биноан январь ҳодисалари иштирокчиларининг бир қисми бутунлай озод этилиши кутилмоқда.

Қонундан кўзланган мақсад жорий йил 4-7 январь кунлари давом этган оммавий норозиликлар даврида провокаторлар таъсирида жиноий хатти-ҳаракатларни содир этгани учун маҳкамага тортилган шахслар, шунингдек, оммавий норозиликлар вақти қонунбузарликка йўл қўйган ҳарбийлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларини озод қилиш ёки жазо муддатини қисқартиришдан иборат.

Ҳужжатда оғир бўлмаган жиноий хатти-ҳаракатларни содир этган норозилик намойишлари иштирокчиларига нисбатан жиноий ишлар юритувини тўхтатиш, уларни озод қилиш ва судланганлик ҳолатини олиб ташлаш белгиланган.

Оғир жиноят содир этган шахсларга суд томонидан тайинланган жазо тўртдан уч қисмга, ўта оғир жиноятда айбланганларнинг жазоси эса икки бараварга камайтирилади.

Терроризм, экстремизм, давлатга хиёнат, қийноқлар, коррупцияга оид жиноятлар, ўта хавфли саналган шахслар томонидан содир этилган, вояга етмаганларнинг жинсий дахлсизлигига қарши жиноятларга амнистия татбиқ этилмайди.

Қозоғистон бош прокуратураси қарийб бир ярим минг киши афви умумийга тушишини маълум қилган.

Президент томонидан маъқулланган «Амнистия тўғрисида»ги қонун жорий йил 27 октябрь куни мамлакат парламенти ялпи мажлисида қабул қилинган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил бошида Қозоғистоннинг йирик шаҳарларида рўй берган, зўравонликка айланиб кетган намойишларни президент Қ.Тўқаев мустақилликнинг 30 йиллик тарихидаги энг мушкул вазият деб баҳолаган.

Қозоғистон раҳбарига кўра, зўравонлик ҳаракатлари аввалдан режалаштирилган ҳолда, ҳокимиятни босиб олиш мақсадида, хорижда тайёргарликдан ўтган жангарилар томонидан содир этилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг