Қозоғистон президенти хавотирли рақамларни ошкор қилди
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Марказий Осиё мамлакатларида кучли сув инқирози ҳақида огоҳлантирди. Унинг сўзларига кўра, 2050 йилга бориб Марказий Осиёда қурғоқчилик йилига ЯИМнинг 1,3 фоизи миқдорида зарар келтириши мумкин.
15 сентябр куни Тўқаев Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчилари – Давлат раҳбарлари кенгашининг йиғилишида нутқ сўзлади. Президент Марказий Осиё хавфсизлигига глобал иқлим ўзгаришлари, келаётган сувнинг камайиши ва суғориш сувининг етишмаслиги даври таҳдид солаётганини таъкидлади.
«Халқаро экспертларнинг фикрича, минтақамизда ҳаво ҳарорати ўртача жаҳон даражасидан анча тез кўтарилмоқда. Бу Орол денгизи ҳавзасидаги асосий сув манбаи бўлган музликлар майдонининг қисқаришига олиб келади. Охирги 50 йил ичида уларнинг ҳажми 30 фоизга камайди.
Таҳлилчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2050 йилга бориб Марказий Осиёдаги қурғоқчилик йилига ялпи ички маҳсулотнинг 1,3 фоизи миқдорида зарар келтириши мумкин, бу эса 5 миллионга яқин ички иқлим муҳожирларининг пайдо бўлишига олиб келади», — деди Тўқаев.
Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон ҳам сувдан самарасиз фойдаланиш ва экологик оқибатларга эътибор бермаслик сабаб муаммоларга дуч келмоқда.
Қозоғистонда сувдан норационал фойдаланиш туфайли антропоген юкнинг ортиши ва турли ижтимоий-экологик муаммоларнинг кучайиши кутилмоқда. Буларнинг барчаси, президентнинг сўзларига кўра, минтақавий хавфсизлик учун жиддий хавф туғдиради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter