Қотилликда айбланаётган полициячининг хотини ажралишга ариза берди
Қўлга олинган Жорж Флойд қотиллигида айбланаётган америкалик собиқ полициячи Дерек Шовиннинг турмуш ўртоғи ажралиш учун ариза берди. Бу ҳақда «Sekula Law Offices» адвокатлик идораси «Facebook»да хабар берди.
«Келли Шовин жаноб Флойднинг вафотидан қайғуда. Келли унинг оиласи ва ушбу фожиадан азият чеккан барчага таъзия изҳор этади. У аллақачон Дерек Шовин билан ажралиш учун ариза берди. Миссис Шовин ушбу мураккаб вазиятда фарзандлари, кекса ота-онаси ва бошқа қариндошларини безовта қилмасликни ўтиниб сўрайди», — дейилади ҳуқуқшуносларнинг баёнотида.
Келли ва Дерек Шовин турмуш қуришганига 10 йилдан ошди. Ўртада фарзандлари йўқ. 2019 йилда у «Миссис Миннесота» танловида биринчи ўринни эгаллаган.
Жорж Флойднинг ўлими унинг қўлга олиниш видеоси пайдо бўлгандан сўнг Миннеаполис ва бошқа шаҳарларда оммавий тартибсизликларни келтириб чиқарди. Видеода полициячилар Флойдни ерга йиқитгани ва унга кишан солгани, устига-устак, зобитлардан бири унинг бўйнини тиззаси билан босиб турганини кўриш мумкин.
Бошқа видеода ҳибсдаги шахсга икки нафар полициячи ташланганини кўриш мумкин. Қўлга олинган шахс дастлаб нафас етишмаётганидан шикоят қилган, шундан сўнг ҳушидан кетган. Шифохонага олиб борилган Флойд реанимацияда вафот этди.
Бу хабар тарқалгач, шаҳар полиция маъмурияти қўлга олишда қатнашган тўрт нафар зобитни ишдан бўшатганини эълон қилди. Улар орасида Дерек Шовин ҳам бўлиб, у эҳтиётсизлик ва қасддан бўлмаган қотилликда айбланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 46 ёшли қора танли Жорж Флойд қоровул бўлиб ишлаган ва 25 май санасида озиқ-овқат дўконидан харидни амалга оширган. Аммо у маҳсулотлар учун қалбаки чек билан тўлашда айбланиб, полициячилар томонидан қўлга олинган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter