Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Пул ўтказмаларидаги «қўшимча тўлов» ўзбекистонликларнинг бўйнидами?

Пул ўтказмаларидаги «қўшимча тўлов» ўзбекистонликларнинг бўйнидами?

10 феврал, жума куни имзоланган Президентнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун қулай шарт шароитларни яратишни назарда тутувчи ПФ-21-сон Фармони 7-бандида 2023 йил 1 майдан бошлаб жисмоний шахслар ўртасида пул ўтказмаларини амалга оширувчи ташкилотлар кўрсатилган хизматлар учун комиссия олинишидан қатъий назар электрон ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиришлари ва тақдим этишлари белгиланганди.

Мазкур янгилик иқтисодий соҳа кишиларида, жумладан, айрим ижтимоий тармоқ фаолларда ҳам қатор саволларни келтириб чиқармоқда.

Жумладан, иқтисодчи Отабек Бакиров, ушбу ҳужжат ва айнан 7-банд ҳақида фикрини билдириб, уни «ҳужжатлар ичига мина қўйиб кетиш усули» деб атайди.

Иқтисодчининг асосий саволи электрон ҳисобварақ-фактуралар расмийлаштирилиши учун харажат бўйнига юкланаётган операторлар (10 феврал ҳолатига 24 та оператор, - Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумоти.) кўрадиган зарар ҳақида.

Бир муддат олдин Иқтисодиёт ва молия вазирлиги электрон ҳисобварақ-фактураларни жўнатиш хизмати қиймати Солиқ қўмитаси бўлинмасининг ҳамда электрон ҳисобварақ-фактура операторлари ҳисобланган тадбиркорлик субъектларининг кўрсатаётган хизмати қийматидан ташкил топиши ва бу ўртача битта ҳисоб-фактура учун 270 сўмдан 450 сўмгачани ташкил этишини маълум қилган эди.

«Қизиқ тарафи, вазирлик нотўғри қарорни оқлаш учун асосий чорани фактуралар нархини 1 сўмгача маъмурий йўл билан тушуришда кўрмоқдалар. Операторлар кўрадиган зарар қандай қопланади ва бу зарарлар бошқа тарифлар ошишига олиб келмайдими, деган қарши савол янги ва янги абсурдларни яратади», – дейди Бакиров вазирликнинг ҳозирда Солиқ қўмитаси томонидан ушбу хизмат нархини 1 сўмда белгилаш устида ишлар кетаётгани ҳақидаги маълумотига жавобан.

Бакировнинг таъкидича, битта фактура энг арзон бўлганида 300 сўм турса ва йил давомида миллиардлаб транзакциялар ўтиши инобатга олинса, бу бир неча юз миллиард сўм қўшимча харажат дегани. Табиийки, бу харажат якунда иқтисодиётга ва истеъмолчиларга юкланади.

Иқтисодчи, шунингдек, шундоғам чек билан тасдиқланадиган битимларда жисмоний шахсларга электрон ҳисобварақ-фактуралар нима учун керак, деган саволни ҳам ўртага ташлайди ва асосий тахминларини илгари суради.

Унга кўра, катта эҳтимол билан мазкур банд ушбу ҳужжатнинг лойиҳаси матнида бўлмаган.  

«Чунки на моҳиятда ва на шаклда ва стилистикада у бошқа бандлар билан қовушмайди. Энг асосийси, бу банд тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун қулай шарт шароитлар яратмайди, қайтанга қийинлаштиради ва қимматлаштиради», – дейди у.

Шунингдек, Бакиров 1 майдан бошлаб, Солиқ қўмитасининг «орзуси»ни Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги «ушалтираётгани», яъни вазирлик жисмоний шахслар ўртасидаги пул ўтказмалари бўйича электрон фактуралар воситасида тўла ахборотни ўзида жамлай бошлашини ёзади.

«Оқибатлари билан албатта. Лекин буларнинг ҳаммаси яширин иқтисодиёт билан кураш деган шиор остида кечади», – дейди иқтисодчи. 

Блогер Шуҳрат Қурбонов эса бу янгиликдан «электрон ҳужжат алмашинув операторлари миннатдор бўлиши»ни, бундай қарорлар сабаб эса бепул пул ўтказмалари вақти келиб тарихга айланишини ёзади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг