Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қўрқинчли дунёга айланган оролда қўғирчоқлар қандай «яшаяпти»?

Қўрқинчли дунёга айланган оролда қўғирчоқлар қандай «яшаяпти»?

foto: internet, ochiq manba

Қўғирчоқ деганда кўз олдимизга, аввало болалик хотиралари ва беғубор болалар келади. Шу боис шикастланган қўғирчоқлар бизда бироз маҳзун кайфият уйғотади. Энди тасаввур қилинг, жонсиз бўлсада бизга ёқимтой боладек  кўринган қўғирчоқларнинг ачинарли ҳолатини. Мексика марказидан 18 километр узоқликда Хочимилько (Xochimilko) каналлари орасида жойлашган кичик оролчада юракни зирқирлатувчи манзара кутиб олади: дарахтларга осилган юзлаб, ҳатто минглаб эски ва абгор қўғирчоқлар.  

(Суратлар очиқ, интернет манбаларидан олинди)

Оролнинг тарихи бир вақтлар оиласини ташлаб, бу ерда ёлғиз яшаган Дон Жулиан Сантана Баррерадан бошланган. Афсонага кўра, 1950 йилда у каналдан чўкиб кетган қизалоқнинг жасадини топади ва кўп ўтмай сувда сузиб юрган қўғирчоқни кўради. Ўйинчоқни марҳум қизалоққа тегишли деб тахмин қилади (боланинг ўлими ҳақида ҳеч қандай далил топилмаган – баъзилар буни Жулиан шунчаки тасаввур қилган деб ҳисоблашади). Эркакнинг ҳикояларига кўра, у тунда доимо қичқириқлар, нолалар ва қадам товушларини эшита бошлади: гўё чўкиб кетган қизнинг арвоҳи йиғлаб, унга янги қўғирчоқларни олиб келишни сўрагандек. Қариндошларининг сўзларига кўра, қизнинг ўлими эркакка қаттиқ таъсир қилган – умрининг охиригача унга ёрдам бера олмагани учун ўзини кечира олмаган.

Жулиан 50 йил давомида бу қўғирчоқларни турли жойлардан келтирди (ўзининг иқрор бўлшича, деярли уларни каналлардан балиқ тутгандек «овлаган») ва қизчанинг арвоҳини «тинчлантириш» учун уларни дарахтларга осиб қўйган. Шу тариқа Сантана бутун оролни ғалати, кимлардир учун эса қўғирчоқлар билан гавжум даҳшатли «мўъжизалар»га айлантирди. Мексикадаги ушбу орол, эҳтимол, сайёрамиздаги энг қўрқинчли ва даҳшатли диққатга сазовор жойлардан бири ҳозирги кунда.

Оролда бўлмасдан туриб ҳам, у қандайдир мистик ва қўрқинчли, маҳзун таассурот қолдиради шундай эмасми? Aфтидан, чол қўғирчоқларни атайлаб бузмаган ёки улардан йиртқич ҳайвонлар ясамаган, балки шунчаки бир вақтлар қувонч келтирган нарсаларни йиғиб осиб қўйган, аммо кейин бепарволик билан унутилган ва одамлар томонидан ташлаб кетилган.

Бу ер турли номлар билан аталади: «ўлган қўғирчоқлар ороли»,«қўрқинчли қўғирчоқлар ороли», «дунёнинг энг қўрқинчли ороли» ёки шунчаки «қўғирчоқлар» ороли.

Шу номлар билан интернетдан оролни изласангиз бир-биридан қўрқинчли суратлар – худди «ужас» киноларидек лавҳалар пайдо бўлади кўз олдингизда. Кинода кийимлар, қиёфалар атай яратилса, оролда бунга ҳожат йўқ, ҳар бир қадамингизда, ҳар бир дарахтда, ҳар бир эски кулбачаларда осилган, қоқилган, илиб қўйиган, тик турган, ўтирган, қулаб, ағдарилиб ётган қўғирчоқларга дуч келасиз. Ушбу қўғирчоқларнинг қорайган, ифлос ва ғижимланган юзлари сайёҳларга ёрқин катта-катта кўзлари билан эмас, балки «бўш» кўзлари билан қарайди. Саёҳат ва томоша, шуни айтиш керакки, кўнгли заифлар учун эмас. Оролга қадам қўйганингиздан сўнг, сиз ўзингизни бир вақтлар болалар учун катта қувонч бўлган қўғирчоқлар қолдиқларидан иборат хунук дунёдан топасиз.  

Ҳатто, орол ҳақида мақолаларга қўйилган суратлар шу қадар қўрқинчлики, сурат устига очиб кўриш мумкин ва мумкин эмас, деган белги қўйилган.

Сурат қидириш жараёнида энг «беозор» суратлар деярли топилмади, шунчалик даҳшатли қўғирчоқлар ҳам бор, уларни бу ерга жойлаш ва ўқувчини сескантириш этикамизга тўғри келмайди.

Ҳайратланарлиси шундаки, 2001 йилда Сантана қизча чўкиб кетган жойдан ўлик ҳолда топилгани. Эркакнинг ўлимидан сўнг унинг оиласи оролни сайёҳлар учун катта бир масканга айлантиради. Ҳудудда учта кулба, маҳаллий газеталарда орол ва унинг собиқ эгаси ҳақидаги мақолалари билан бойитилган кичик музей мавжуд.

Бугунги кунда ташриф буюрувчилар оролга бошлари, қўллари ва оёқлари узилган, ўйиқ кўзлар ўрнида ўргимчак тўри ўралган юзлаб қўғирчоқларни кўриш учун ошиқишади. Aйтишларича, бу даҳшатли жойда қўғирчоқлар ҳар доим меҳмонларни диққат билан кузатиб борадилар.

Баъзи маҳаллий аҳоли ва сайёҳлар қўғирчоқларни руҳлар эгаллаганига ишонишади – улар шивирлашлари, ҳаракат қилишлари ва ҳатто кўзларини очишлари ҳақида гапиришади. Қўғирчоқлар ороли маҳаллий халқ оғзаки ижодининг тимсолига айланди ва инсоннинг йўқолган қалбни ҳурмат қилиш учун қилган ғайриоддий ҳаракатларидан далолат беради.    

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг