Қорақалпоғистонда ноёб буғу браконьер томонидан отиб ўлдирилди
Кеча, 11 июнь куни Қорақалпоғистон Республикасидаги Қуйи Амударё биосфера резервати инспекторлари томонидан Халқаро Қизил китоб ва Ўзбекистон Қизил китобига киритилган Бухоро буғусини ноқонуний овлаган браконьер қўлга олинди. Бу ҳақда Экология вазирлиги Матбуот хизмати маълум қилди.
Маълум қилинишича, Қуйи Амударё давлат биосфера резервати инспекторларига резерватнинг Жумуртов бўлими ўтиш зонаси фермер хўжалиги ҳудудида ўқ овози эшитилганлиги тўғрисида хабар келиб тушган.
Шундан сўнг инспекторлар воқеа жойига етиб боришганида оқ рангли «Matiz» автомашинаси чиқиб кетганлигини аниқлашган. Машина изидан қувиб, Гурлан тумани Деҳқонобод МФЙгача боришган. Ҳуқуқбузарнинг машинасида қоплар борлиги, уларга эса бир дона Бухоро буғусининг бўлакланган жасади солингани маълум бўлган. Браконер қўлга олинган.
Орол табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси терговчиси томонидан процессуал тартибда икки дона ов милтиғи, бир дона Бухоро буғуси тана қисмлари расмийлаштириб олинган.
Маълумотларга кўра, Бухоро буғусини ноқонуний овлаш орқали ҳуқуқбузар томонидан табиатга 99 миллион сўм зарар етказилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Иш прокуратурага юборилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter