Қоракўл туманида «Халқаро математика мактаби» ташкил этилади
Бухоро вилояти, Қоракўл туманида «Халқаро математика мактаби»ни ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати маълумот бериб ўтди.
Халқ таълими вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Бухоро вилояти Қоракўл туманида «Халқаро математика мактаби»ни ташкил этиш тўғрисида»ги қарорини муҳокама учун эълон қилди.
Қарор лойиҳасига кўра, Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатига «Халқаро математика мактаби» мақомини бериш таклиф этилмоқда.
Халқаро мактаб умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари асосида замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда аниқ ва табиий фанлар ҳамда чет тилларининг чуқур ўқитилишини ташкил этиш, шунингдек ўқувчиларнинг ижодий салоҳиятини намоён қилиш ва фаоллаштириш бўйича амалий иш олиб боради.
Ҳар бир ўқувчининг индивидуал хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда мустақил тадқиқотчилик фаолияти кўникмаларини шакллантириш ва ривожлантириш Халқаро мактабнинг вазифаларига киради.
Мактабга юқори касб маҳоратига эга бўлган маҳаллий ва хорижий мамлакатлардан тажрибали ўқитувчиларни жалб этилади.
Шу билан бирга, таълим муассасаси ўқувчиларда иқтидор ва истеъдодни аниқлаш ҳамда камол топтириш мақсадида уларни республика ва халқаро фан олимпиадалари, танлов ва бошқа тадбирларда қатнашишга тайёрлайди.
Республикадаги аниқ ва табиий фанларга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабларига умумий методик ёрдам кўрсатиш мактабларнинг вазифалари сирасига киритиш таклиф этилмоқда.
Бухоро вилояти, Қоракўл тумани, Улуғбек кўчаси, 5-уйда жойлашган Қоракўл саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежининг бино ва иншоотлари тегишли ҳудуди билан биргаликда Халқаро мактабга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул берилиши режалаштирилмоқда.
Ҳужжатга кўра, 2019-2020 ўқув йилидан Халқаро мактабнинг 7-синфига 90 нафар ўқувчи қабул қилинади.
Хорижий мамлакатлардан математика фанига қизиқувчи иқтидорли ўқувчиларнинг шартнома асосида таълим олишига имконият яратилиши кўзда тутилмоқда.
Халқаро мактабда ўқувчиларга янада чуқурроқ билим бериш, хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибалари ва ўқитиш методикасини сингдириш учун хорижий мамлакатлардан ўқитувчиларни ишга қабул қилишга рухсат берилади.
2019-2020 ўқув йилидан бошлаб Халқаро мактаб директори, ўринбосарлари ва ўқитувчиларига бюджет маблағлари ҳисобидан 100 фоиз қўшимча устама ҳақ тўланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда Халқаро мактабга олий таълим муассасаларини тамомлаган иқтидорли педагог-кадрларни жалб этиши режалаштирилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter