Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Қизимнинг туғилган кунига мушук совға қилмоқчиман. Кимда сотиладиган мушук бор?»

«Қизимнинг туғилган кунига мушук совға қилмоқчиман. Кимда сотиладиган мушук бор?»

Ижтимоий тармоқларда уй ҳайвонлари билан видео ва расм жойлаш анчадан буён урфда. Шу сабабми, болалар ва ўсмирлар орасида уйда зотдор мушук-кучук боқишга қизиқувчилар кўпайган. Буни ижтимоий тармоқлардаги эълонлардан ҳам билса бўлади.

«Қизим/ўғлимнинг туғилган кунига мушук/кучук совға қилмоқчиман. Кимда сотиладигани бор?» каби эълонларга Сиз ҳам дуч келгандирсиз. Ёки ўзингиз уйда бирор ҳайвон боқмоқчидирсиз. Агар Сизни бу мавзу қизиқтираётган бўлса, қарор қилишга шошилманг. Ҳақиқатан ҳам уйда ҳайвон боқишга тайёрмисиз? Унинг масъулияти ва харажатлари ҳақида ўйлаб кўрганмисиз?

 «Ҳовлида яшайман. Болалар билан ўйнаб юраверади»

Аксарият ҳолларда кучук/мушуклар болаларга овунчоқ сифатида олиб берилади. Болалар ҳам бир неча кун қизиқиб ўйнайди, боқади. Кейин эски ўйинчоқдек эътибордан қолади. Ҳовлидами ёки кўпқаватли уйда яшайсизми – бирор тирик жонзотни олиб боқиш масъулиятли иш. Бу кейинги 10-15 йил давомида уйингизда яшайдиган ва сиздан доимий парвариш сўрайдиган оиланинг бир аъзосини қабул қилишдек гап. Шунинг учун, мушук олишдан аввал оилангиз ва шароитингизга мос келадиган зотдагисини аниқлаб олинг. Масалан, уйда яшашга мослашган мушукни ҳовлида боқиш ҳамма учун муаммо олиб келади. Мушук уйга интилаверади, Сиз уни ҳовлига чиқараверасиз. Қарабсизки, мушукда ҳам, Сизда ҳам ҳаловат йўқолади. Мушукнинг зоти, ўзига хосликларини инобатга олмай «ҳовлида ўйнаб юраверади», қабилида харид қилманг.

Болалар уйда мушук боқишни хоҳлаяптими?

Жудаям кўп такрорланганидек, болаларни жонли табиатга меҳрли қилиб ўстириш керак. Шу билан бирга, масъулиятли қилиб ҳам. Уйда бирор ҳайвон боқмоқчими, унинг барча баланд-пастларини олдиндан билиши, жонли нарсага нисбатан жавобгарликни ҳис қила олиши керак.

  • Жудаям хоҳлаяптими? Хоҳиш ва имкониятларни биргаликда кўриб чиқинг. Мушук ўз эгасига тўлиқ қарам бўлган тирик мавжудот. Унга озиқ-овқат, парвариш, тиббий кўрик, эътибор керак. Буларнинг ҳеч бирини ўзи қила олмайди. Эгасидан кутади.
  • Оила аъзоларининг ҳаммаси уйда мушук боқишга розими? Мушук келгач, уйда шароит ўзгаришини тўлиқ тасаввур қила олишганми? Масалан, гилам ва юмшоқ мебеллардаги мушук юнглари, баланд овозда миёвлаши, ошхона столида сакраб ўйнаши ёки шунчаки ҳиди ноқулайлик туғдириши мумкинлиги ҳақида олдиндан ўйлаб кўриш шарт.
  • Агар оила аъзоларидан кимдадир аллергия бўлса, мушук боқиш фикридан қайтган маъқул. Айримлар ҳатто мушук олгач, бир неча ойдан кейин мушукка аллергияси борлигини билиб қолади. Яхшиси, буни олдиндан текширтириб кўриш лозим.
  • Ҳайвонларга нисбатан меҳр уйғотиш, жонли табиатга яқинлаштириш учун мушук олиб берган бўлсангиз ҳам парваришни болага тўлиқ ишониб бўлмайди. Катталар назорати остида бўлиши керак бу иш.
  • Яна бир энг муҳим масала – мушукнинг харажатлари. Одатда зотдор мушукларнинг харажатлари ҳам катта бўлади. Минимум қилиб ҳисобласак ҳам, энг арзон овқати — 35000 сўм ва уни 15-20 кун ейиши мумкин. Бундан ташқари, товуқ жигари, юраги ёки филеси билан ҳам боқилади. Қумлари 5000-10000 сўм аторофида ва мушук тозаликни яхши кўргани учун тез-тез алмаштиришни талаб қилади. Чўмилтириш учун шампунлари 15000 сўмдан, олиб юриш учун қафаси эса сифатига қараб, 30000 сўмдан бошланади. Бундан ташқари, уйча, ўйинчоқлар олиш керак. Кўп қаватли уйда яшасангиз, деразадан тушиб кетиш эҳтимоли катта – дераза ойналарга сетка тутишга тўғри келади. Тирноғини ўзингиз ололмасангиз, уни ҳам 15000-20000 сўмга олдириб келишингиз керак. Шунингдек, эмлаш, профилактика учун дорилари, ветеринарга қатнаш харажатлари ҳам бор. Булар соғ-саломат мушук учун қилинадиган сарфлар бўлса, касалланиб қолганда қўшимча харажатларга ҳам тайёр бўлишингиз керак.

Қандай мушук Сизга тўғри келиши ҳақида ҳам олдиндан ўйлаб кўринг

Ўзим учун қулай қилиб тарбиялаб оламан, деб жуда кичкина мушукча олиш тўғри қарор эмас. Чунки мушук онасидан қанчалик эрта ажратилса, нормал ҳаётга шунча қийин мослашади. Ювиниш, хожатга чиқиш каби керакли ҳаётий сабоқларни у онасидан осон ўрганади. Америкалик ветеринарлар 7-9 ҳафталик мушукларни олиб боқишни тавсия қилади.  

Яна бир муҳим томони, каттароқ мушукнинг характери шаклланган бўлиб, сиз ўзингизга мосини танлаб оласиз. Бу нарса кейинги муаммоларни камайтиради. Баъзи мушуклар кўпроқ мулоқот қилиб, бирга ўйнашни хоҳлайди. Уларга етарлича вақт ажратилмаса, агрессивлаша бошлайди. Айримлари мустақил бўлиб, кўп ҳам эркалатиб ўйнатишингизни ёқтирмайди. Шунингдек, уйдаги бошқа ҳайвонларни ҳам ҳисобга олишни унутманг. Агар тувак гуллар бўлса, мушук уларни синдириши, ковлаши мумкин. Тувак гулларга қизиқувчилар учун бу нарса анчагина асаббузарлик олиб келади.

Уй жиҳозлари ва девор гулқоғозларининг қирилишига чидамлимисиз? Уй мушуклари уйдаги деярли ҳамма буюмларни ўйинчоқ ҳисоблайди. Тез-тез сафарларга чиқиб турсангиз ёки эрта кетиб, кеч уйга қайтсангиз ва мушукка вақт ажратиш имконсиз бўлса, овунчоқ сифатида мушук боқманг.

Кимгадир кучук ёки мушук совға қилиш тўғри қарор эмас!

Туғилган кун, байрамларда оригинал совғалар билан яқинларни хурсанд қилиш яхши фикр. Аммо бу совға тирик жон бўлиши керак эмас. Мушукларни жуда яхши кўрадиган дугонангизга ширингина мушук боласини қутига солиб совға қилиш фикридан қайтинг. Бирор тирик жонзотни уйига қабул қилиб, унга ғамхўрлик қилиш масъулияти ҳақида ҳар ким ўзи қарор қилиши лозим. Акс ҳолда, «Мушугимни яхши қўлларга совға қиламан. Бизга тўғри келмади, боқолмадик...» каби эълонлар беришингизга тўғри келиши мумкин.

Жамоатчилик фаоллари томонидан ташкил этилган ҳайвонлар учун бошпаналарга ҳам шу кунларда мушук ва кучуклар қабул қилинмаяпти. Қизиқиб қўнғироқ қилганларимнинг деярли барчасида бир хил жавоб: «Ўзимизда мингдан ошиқ бор, боқишга қийналаяпмиз. Жой йўқ ҳозирча...»  Уйда сақлаш имконсиз даражага келиб, бошпана ҳам тополмагач, ҳатто адаштириб келадиганлар йўқ эмас, афсуски.

Юқоридаги тавсиялар уйда боқиладиган деярли барча ҳайвонларга умумий тарзда мос келади. Бирор уй ҳайвони олишдан аввал ҳар томонлама ўйлаб кўринг.

Дилроз Абраева

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг