Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Қизилқумцемент»нинг 116 нафар ходими овқатдан заҳарланди

«Қизилқумцемент»нинг 116 нафар ходими овқатдан заҳарланди

Фото: «Turon24»

«Қизилқумцемент» акциядорлик жамияти ходимларининг 116 нафари овқатдан заҳарланиш бўйича Навоий вилоятидаги давлат санитария эпидемиология назорати маркази мутахассислари томонидан текширув назоратига олинди. Бу ҳақда ДСЭНМ бош врачи ўринбосари Шокир Пўлатов маълум қилди.

«Turon24» хабар беришича, жорий йилнинг 7 декабрь куни заводда тунги навбатчиликда ишлаган ходимларнинг бир нечтасида қусиш, ич кетиши ва иситма кўтарилиши ҳолатлари кузатилган. Вазият ўрганилганда, уларнинг барчаси навбатчилик куни соат 23:00 да ташкилот ошхонасида овқатлангани ва нохуш ҳолатлар шундан сўнг содир бўлгани аниқланган.

Ўша куни 195 нафар ишчи-ходим тунги навбатчиликда ишлаган, шулардан 116 нафари ошхонада овқатланган.

Исмини ошкор этишни истамаган завод ходимларидан бири у ҳам овқатдан заҳарланганини, қолганларга нисбатан ўзини тетикроқ ҳис қилгани учун муолажани уйида давом эттираётганини айтди. Кечки тамадди учун бир неча хил таом тайёрлангани боис, заҳарланиш айнан қайси овқатдан юз берганини ҳеч ким билмаяпти. Аммо қусиш, ич кетиши ва иситма кўтарилиши ҳолатлари асосан ўша куни қайла истеъмол қилганларда кузатилган. Унинг айтишича, қарийб 70 киши овқатдан заҳарланиб, уларнинг бир нечтаси вилоят юқумли касалликлар шифохонасида, айримлари эса «Қизилқумцемент» АЖ сиҳатгоҳида даволанмоқда.

«Ҳозир овқатдан заҳарланган ходимлар сонини аниқ айтиб бўлмайди. Чунки ўрганиш ишлари давом этмоқда. Аммо шу кунга қадар шаҳар ҳудудида яшовчи завод ишчиларидан бештаси овқатдан заҳарланган, деган гумон билан рўйхатга олинган», – дейди марказ бош врачи ўринбосари Шокир Пўлатов.

Вилоят юқумли касалликлар шифохонаси бош врач ўринбосари Деҳқон Боймуродовнинг айтишича, 8 декабрь куни эрта тонгда 4 нафар, кейинроқ яна 6 нафар завод ишчиси қусиш, ич кетиши ва иситма кўтарилиши каби шикоят билан келган. Уларнинг ошқозон-ичак тизимида бузилиш кузатилган. Бироқ шифокор беморларнинг овқатдан заҳарлангани тўғрисида аниқ маълумот бермади.

Давлат санитария эпидемиология маркази тақдим этган маълумотларга кўра, заводда озиқ-овқат маҳсулотлари таъминоти билан шуғулланадиган цехнинг фаолияти 12 кунгача тўхтатиб қўйилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг