Исроил бир гектардан 12 минг долларлик маҳсулот олади. Ўзбекистонда эса 300 доллардан ошмайди — Президент
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 6 сентябрь куни қишлоқ хўжалигини 2020-2030 йилларда ривожлантиришнинг устувор йўналишларига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Кейинги йилларда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва бозор механизмларини жорий этиш бўйича қатор ишлар амалга оширилди. Давлат харид нархлари қарийб 3 баробарга кўпайтирилгани натижасида манфаатдорлик ошди. Пахтачилик ва ғаллачилик ҳашар эмас, чинакам даромад манбаига айланди.
Янги технология ва инновацияларни жорий қилиш, меҳнат унумдорлиги ва иш ҳақини ошириш мақсадида 76 та пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилди.
Жорий йилнинг ўзида 25 минг гектар пахта майдонларида сув тежовчи янги суғориш тизими жорий қилинди. Фойдаланишдан чиққан 1 миллион 100 минг гектар ерни қайта ишга киритиш бўйича саъй-ҳаракатлар бошланди.
Президентимиз фақат бугунни эмас, балки эртанги кунни ҳам ўйлаб, узоқни кўзлаб ислоҳотларни янги босқичга кўтариш вазифасини қўймоқда. Шу мақсадда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси ишлаб чиқилмоқда. Бу иқтисодиётимизнинг асосий ўсиш нуқтаси, «драйвери» бўлади. Минг-минглаб иш жойлари яратилади, одамларнинг даромади ошади.
Йиғилишда мазкур стратегияни амалга ошириш учун зарур бўлган муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Бунда, аввало, қишлоқ хўжалиги ерларининг аниқ ҳисобини юритиш, улардан фойдаланишни такомиллаштириш лозимлиги қайд этилди. Шундан келиб чиқиб, «Ергеодезкадастр» қўмитасига 2021 йил охиригача республиканинг барча ҳудудларида ерни ҳисобга олиш ишларини якунлаш, ер ҳисобини юритиш бўйича ягона электрон базани яратиш топширилди.
Қайд этилганидек, унумдорликни оширишга, кўп йиллик мевалар етиштиришга интилиши учун ер эгаларининг эртанги кунга тўла ишончи бўлиши керак. Шу боис Президентимиз қонунчиликни қайта кўриб чиқиб, ер ажратишнинг шаффоф тизими ва ерга бўлган ҳуқуқнинг кафолатланишини таъминлаш зарурлигини таъкидлади.
Қишлоқ хўжалигида сувдан тўғри фойдаланиш ҳам жуда муҳим масала. Таҳлилларга кўра, юртимизда экин майдонларига миллиардлаб куб метр сув йўналтирилса-да, унинг фақат 60 фоизи экинларга етиб боради, 40 фоизи суғориш тизимларида ва суғориш жараёнида йўқотилади.
Жаҳон сув ресурслари институти таҳминларига кўра, 2040 йилга бориб Ўзбекистон сув ўта танқис бўлган 33 мамлакат қаторидан жой олиши мумкин.
Шу боис давлатимиз раҳбари бу масалага алоҳида эътибор қаратиб, сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва унинг ҳисобини юритиш, ҳар йили 200 минг гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий қилиб бориш зарурлигини таъкидлади. Ушбу йўналишлар ишлаб чиқилаётган стратегияда ўз аксини топиши кераклиги айтилди.
Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва давлат харидлари тизимини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинар экан, бюджет маблағларининг асосий қисмини ерларнинг унумдорлигини ошириш, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, илм-фанни ривожлантиришга сарфлаш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.
Соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш ва қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш масалаларига алоҳида аҳамият қаратилиб, бу борадаги жаҳон тажрибаси таҳлил қилинди.
Масалан, Туркияда 1 гектар ердан 2 минг долларлик, Мисрда 8 минг долларлик, Исроилда 12 минг долларлик маҳсулот етиштирилади. Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич 300 доллардан ошмаяпти. Доим бир хил стандартдаги товар етказиб бериш йўлга қўйилмагани сабабли маҳсулотларимиз ташқи бозорда рақобатлаша олмаяпти.
Йиғилишда мутасаддиларга маҳсулотларни Европа Иттифоқи, Шарқий Осиё ва араб мамлакатлари стандартлари асосида сертификатлаш тизимини жорий этиш бўйича топшириқлар берилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter