Қирғизистон: парламент раиси бош вазирга давлат тили борасида танбеҳ берди
Бугун, 23 ноябрь куни Қирғизистон парламенти спикери Нурланбек Шакиев Жўқорғу Кенеш йиғилишида Вазирлар Маҳкамаси раиси Оқилбек Жапаровдан давлат тилига тўлиқ риоя этишни талаб қилди.
«Ўз чиқишингизда «школа», «доход», «крыша», «стена», «контроль», «садик» каби (русча) сўзларни ишлатдингиз. Соф қирғизча гапиришга ҳаракат қилинг, акс ҳолда тилимизга зарар етади. Бу борада барчага намуна бўлинг. Ахир, қирғиз тилини яхши биласиз-ку! Қонунни ҳурмат қилинг», – дея бош вазирга танбеҳ берган тўроға (парламент раиси).
Қонунчилик идораси раҳбари ҳукумат раисига давлат тилига оид конституциявий қонун қабул қилинганини ҳам эслатган.
Аввал хабар берганимиздек, Қирғизистон парламенти спикери Нурлан Шакиев расмий йиғинда табиий ресурслар, экология ва техник назорат вазири Динара Қутмановага рус тилида маъруза қилишга рухсат бермай, ундан давлат тилида гапиришни талаб қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил май ойида Қирғизистонда давлат тилига доир конституциявий қонун қабул қилинди.
Ушбу қонун давлат тили сиёсатини юритиш бўйича ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлашга йўналтирилган. Унга кўра, қирғиз тилини ўрта (B1) даражада билмайдиган фуқаролар давлат ва маҳаллий бошқарув тизимида ишлаши мумкин эмас.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter