Қайнисинглисига болта билан ҳамла қилган шахсга ҳукм ўқилди
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яккасарой туман суди очиқ суд мажлисида қасддан баданга оғир шикаст етказиш жиноятини содир этган шахсга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди.
Баҳромов Дониёр (шахслар ва жойларнинг номи ўзгартирлган) 2020 йилнинг 10 февраль куни соат 17.30 ларда ўзи истиқомат қилиб келаётган Олмазор туманидаги уйда қайнисинглиси (хотинининг синглиси) Эргашева Лобар билан ўзаро жанжаллашиб қолишади. Ўрталарида келиб чиққан келишмовчилик натижасида Дониёр қўлида бўлган болта билан Лобарнинг бош қисмига уриб, унга тан жароҳати етказади.
Суд-тиббий экспертизасининг 19.02.2020 йилдаги 738-сонли хулосасига кўра, Эргашева Лобарда «бош мия очиқ жароҳати, бош мия енгил даражали лат ейиши, бош ўнг чакка суягининг бўлакчаланиб очиқ синиши, бош ўнг чакка соҳаси эзилиб-йиртилган яраси» каби тан жароҳатлари аниқланган бўлиб, ушбу тан жароҳатлари оғирлик даражаси бўйича етказилиш вақтида ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тоифадаги тан жароҳати деб баҳоланган.
Суд Баҳромов Дониёрнинг айбига иқрорлигини, қилмишидан пушаймонлигини, жабрланувчининг даъвоси йўқлигини инобатга олиб, унга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 1-қисми билан 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлади.
Х.Каримжонов,
Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди судья ёрдамчиси
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter