Қашқадарёдаги 14-асрга оид «Лангар ота» масжиди $250 минг эвазига қайта тикланди

Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида жойлашган 14-асрга оид «Лангар ота» масжиди АҚШ Элчилари Маданий мерос муҳофазаси жамғармаси (AFCP) томонидан ажратилган 250 минг АҚШ долларга тенг таъмирлаш лойиҳаси натижасида қайта тикланди ва фойдаланишга топширилди.
«Маданий мерос объектларини қайта тиклаш ва асраб-авайлаш борасида АҚШ ҳукумати ва Элчи жаноблари билан ҳамкорликда қатор хайрли ишларни амалга ошириб келмоқдамиз. Бундан ташқари бир неча йиллардан бери уста реставраторларнинг билим ва кўникмаларини ошириш бўйича ҳамкорликда қатор амалий маҳорат дарслари ҳам ташкил этилди. Иккала мамлакат ўртасидаги маданий меросни ҳимоя қилиш йўналишидаги ҳамкорлик муносабатларини келгусида ҳам янада мустаҳкамлаган ҳолда ривожлантириб борамиз», – дея таъкидлади Маданий мерос агентлиги директори Баҳодир Абдукаримов очилиш маросимидаги нутқида.
2023 йилнинг куз ойларида бошланган реставрация лойиҳаси мажмуанинг такрорланмас кошинларини аслидай янгилаш ва масжиднинг нураб қолган том қисмини ўзгартириш ишларини ўз ичига олди. Шунингдек, америкалик дипломат ўз баёнотида Ўзбекистоннинг ажойиб ва бетакрор маданий меросини асраб-авайлашга ўз ҳиссасини қўшиш имкониятига эга бўлганидан мамнун эканлигини қайд этди. Тадбир иштирокчилари қайта тикланган масжидни кўздан кечиришди ва «Шаҳрисабз» давлат музей-қўриқхонасига ташриф буюриб, бир қанча маданий мерос обектларини томоша қилишди.
Маълумот учун, АҚШ Элчилари маданий мерос муҳофазаси жамғармаси 2001 йилда АҚШ Конгресси томонидан таъсис этилган. АҚШ Давлат департаменти томонидан бошқариладиган AFCP жамғармаси бутун дунё бўйлаб тарихий обектлар, қўлёзмалар ва маданий анъаналарни сақлашни қўллаб-қувватлаб келади. Ўзбекистонда АҚШ ҳукумати ҳозиргача умумий қиймати 2,5 миллион АҚШ долларга тенг бўлган 15 та лойиҳани молиялаштирган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter