Қашқадарёда «Каптива»ни тўхтатган ЙҲХБ ходимлари калтакланди
Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида 2018 йилнинг 12 октябрь куни вилоят ЙҲХБ ходими лейтенант Н.Х. ҳамда сержант Р.Д.лар Ўзбекистон кўчасида хизмат олиб боришаётган эди.
Хизмат вақтида сержант Р.Д. шу кўчадан ҳаракатланиб келаётган «Зафар» МФЙда яшовчи М.И. бошқарувидаги «Каптива» русумли автомашинасини тўхтатиб, автомашинанинг ён томон ойналарига қора рангли парда ўрнатганлиги сабабли ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирмоқчи бўлади. Ҳайдовчи ва автомашина йўловчилари Х.Т., Ш.И. (исмли аёл) ҳамда Ф.Э.лар хизматдаги ходимларга фаол қаршилик кўрсатиб, уларнинг юзи, қўли ва бўйин қисмларига уриб, тан жароҳати етказишади. Қолаверса, сержант Р.Д.нинг чўнтагидаги «Самсунг» русумидаги мобиль телефони ва ҳайдовчи М.И.га нисбатан тузилган маъмурий баённомани олиб, воқеа жойидан кетиб қоладилар.
Натижада ходимларга касалхонада тиббий ёрдам кўрсатилган. Кўрилган чоралар натижасида ҳайдовчи ва 3 нафар йўловчи қўлга олинган.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармасининг хабарига кўра, ҳолат юзасидан дастлабки терговолди ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter