Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қашқадарёда ароқ ишлаб чиқараётган яширин цех аниқланди

Қашқадарёда ароқ ишлаб чиқараётган яширин цех аниқланди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Деҳқонобод туман бўлими, ИИБ ва божхона бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда алкогол маҳсулотларини ишлаб чиқараётган яширин цех аниқланди.

Маълум бўлишича, фуқаро Б.У. ўз уйидан  6 000 дона  «Shahrisabz» номли қўлбола усулда тайёрланган алкоголь маҳсулотини «Isuzu» русумли юк автомашинасида Навоий вилоятида ўтказиш учун олиб кетаётган вақтида ЙПХ масканида тўхтатиб қолинган.

Ушбу маҳсулотларнинг манбасини аниқлаш мақсадида давом эттирилган тадбирда, Шаҳрисабз шаҳри Кунчиқар маҳалласидаги хонадонда яшовчи О.Ш. ўз уйида қўлбола алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи яширин цех ташкил этганлиги фош этилиб, ушбу яширин цехдан жами 2 568 дона «Shahrisabz» ва «Русская» номли  қўлбола алкоголь маҳсулоти, 1 796 дона қалбаки акциз марка, 920 литр спирт, 6 500 дона ёрлиқ ва бошқа ишлаб чиқаришда фойдаланилган товар моддий бойликлари ашёвий далил сифатида олинган.

Шунингдек, О.Ш. яширин ишлаб чиқариш фаолияти давомида орттирган даромадлари ҳисобидан «Nexia-3», «Damas» ва «Lacetti» русумли автотранспорт воситаларини харид қилганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш), 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг