Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қарзни икки ҳисса ундириш банкда қачон жорий этилган?

Қарзни икки ҳисса ундириш банкда қачон жорий этилган?

Фото:«Xabar.uz»

Банкдан норози бўлган мижозларнинг аксарияти кредит ололмаётганидан нолийди. Балиқчи туманидаги «Қумтепа» фермер хўжалиги раҳбари Аъзамхўжа Ҳакимов эътироз билдираётган ҳолат эса мутлақо янгича амалиётки, кредит тўловларини сўндирган мижозни гаровдаги мулкдан ҳам мосуво этиш чиндан-да банк тарихида кам учрайдиган воқелик.

2011 йили «Сарбон ҳамкор ривожи» масъулияти чекланган жамияти «Халқ банки»нинг Балиқчи филиалидан тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида 270 миллион сўм кредит олади. Ўша кезларда отнинг калласидек бу маблағ учун МЧЖ раҳбари Муҳаммаджон Сиддиқов ўзининг қолипли нон ва кондитер маҳсулотлари ишлаб чиқариш мажмуаси, автотранспорт воситалари ҳамда «Қумтепа» фермер хўжалигига қарашли дала шийпонини гаровга қўйди. Дала шийпони тадбиркорнинг қудаси Аъзамхўжа Ҳакимовга тегишли эди. Бу ёғи энди тушунарли: қудачилик – минг йилчилик, деган гап бор ахир...

Хуллас, салкам тўрт йил давомида қарзнинг деярли тўртдан уч қисми қайтарилгани боис гаровдаги мулклар – енгил автоуловлар бирма-бир тақиқдан чиқарилди. 2014 йилга келиб эса тадбиркорнинг ишлари чаппа кетди – кредитнинг 87 миллион сўм қолдиғини қайтаришга ҳеч имкон бўлмади. Ҳисоб-китоб жой-жойига қўйилмаганидан кейинги чора аниқ: даъвогар қарздорни судга беради, унинг ижроси ўлароқ, гаровга қўйилган  дала шийпони аукционга қўйилди.

Савдога чиқарилган кўчмас мулк дарров сотилиб кетгандир, демоқчисиз-да?! Йўқ, аукцион такроран ўтказилганига қарамай, харидор чиқмади. Шундан сўнг суд ижрочиси И. Алибоев 2015 йилнинг 11 март куни банк бошқарувчисига таклиф хати киритдики: «гаровдаги мулкни сотишнинг имкони бўлмади, шу сабаб шийпон қонунда белгиланган тартибда ихтиёрингизга таклиф этилади». Таклиф хатидан туман кадастр бўлимига ҳам бир нусха тақдим этилди.

Амалдаги қонунчиликка кўра, бундай вазиятда 30 кун ичида кўчмас мулкнинг банк номига эгалиги тикланиши керак. Хўп, банк шу муддат оралиғида бундай имкониятдан фойдаландими? Кадастр идораси эса зиммасидаги масъулиятни адо этдими? Йўқ-да!

Қисқаси, дала шийпонини банк тасарруфига расмийлаштириш «туя гўшти еб» кетди.

Орадан уч йил (!) ўтиб, «Сарбон ҳамкор ривожи» МЧЖ раҳбари Муҳаммаджон Сиддиқов билан маҳалладоши, тадбиркор Охунжон Ҳосилов ўртасидаги мулоқотларнинг бирида мазкур субъектга қарашли нон ишлаб чиқариш мажмуаси хусусида гап очилади. О. Ҳосилов бинони сотиб олиш нияти борлигини маълум қилади: «Сотадиган бўлсангиз, шартингизни айтинг, қишлоқдош!»

Муҳаммаджон Сиддиқов бир замонлар банкдан олган қарзи муаллақ турганлигини, шу сабаб қудасига тегишли дала шийпонининг тақдири ҳам гаровга олинганидан буён аросатда эканлигини маълум қилади. Пировардида «Цехга харидор бўлсангиз, энг аввало, банкдаги тўловларни ёпишимга ёрдам беринг, шийпонни тақиқдан чиқарай, қудамнинг олдида жуда хижолатдаман», дея дангалига кўчади. Таклиф О. Ҳосиловга маъқул тушади ҳамда 2018 йил 19 февраль куни  64 миллион 530 минг сўм маблағ «Сарбон ҳамкор ривожи» хусусий корхонасининг кредит қарзларини сўндириш учун йўналтирилади.

Хуллас, О. Ҳосиловнинг бу яхшилиги эвазига, ҳар ҳолда, М. Сиддиқов зиммасига мажбурият юклатилганлиги аниқ – вақтлар ўтиб қарзини қайтарадими, ёки маҳалладошининг номига нон ишлаб чиқариш цехини расмийлаштириб берадими – бу икки ўртадаги, ўзларигагина маълум бўлган норасмий битим, оғзаки келишув. Ҳар ҳолда, О. Ҳосилов битта янги автоулов пулини ҳамқишлоғининг кредит тўлови учун бирор манфаатсиз қўшқўллаб тутқазиб қўймаганлиги аниқ. Ҳозир гап бу ҳақда эмас...

Шундай қилиб, банкдан олинган қарз тўлиқ қопланади. Энди шийпон ўз-ўзидан чин эгасига қайтарилиши керак! Тўғрими? Шак-шубҳасиз!

Амалда эса... шийпон эгаларининг етти ухлаб тушига кирмаган «ўйин»лар бошланиб кетдики, банк ва кадастр идораси мутасаддилари журъатига балли дейсиз! Яъни шийпон 2018 йил 31 май куни (қарздорлик бартараф этилганидан 101 кун ўтиб!) Балиқчи тумани ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасида рўйхатга олиниб, мол-мулклар банк номига расмийлаштириб берилади. Шу тариқа «Халқ банки» филиалининг шийпонга нисбатан мулк ҳуқуқи вужудга келади!

Мулкнинг асл соҳиби эса ҳайрон бўлиб, банкирга ва кадастр идораси раҳбарига савол қўяди денг:

- Бунга асос борми?

- Асосми? Жуда бор-да! Ахир суд ижрочиси уч йил бурун таклиф хати берганидан хабарингиз йўқми?

- Яхшироқ қаранг-чи, анойига ўхшаймизми? Ахир суд ижрочисининг сотилмаган мол-мулкни ундирувчига топшириш ҳақидаги қарори ва далолатномасида расмийлаштириш муддати бир ой деб кўрсатилган, шекилли. Қонун талаби ҳам шундай. Бунинг устига, уч ярим ой аввал қарзимиз қопланди-ку...

- Хоҳласангиз шу, норози бўлсангиз судга беринг!

Эътибор беринг, зикр этилаётган дала шийпони банк чангалига ўтиб кетгунгача, яъни 2018 йил 31 май санасига қадар гаровга қўювчи субъект – «Қумтепа» фермер хўжалиги балансида бўлган. Банк томонидан шийпонни банди қилиб туришга асос бўлган қарздорлик эса 2018 йил 19 февраль куниёқ тийин-тийинигача тўланган. Бундай вазиятда гаровдаги мулк дарҳол эгаси қайтарилиши ва гаров шартномаси бекор бўлиши шарт. Аммо банкнинг бу қоидани била туриб, қарзи тўла ундирилган мижозидан унинг мулкини ҳам тортиб олишини нима деб тушуниш керак? Бундай «операция»га туман кадастр идораси раҳбари Д. Нуриддиновнинг бош қўшганлигини-чи? Мавзуга чуқурроқ кириб борилса, сирли-сирли аломатларининг учи кўринадики, буни илғаб, фош этадиган валломат қани?!

Шийпон эгаси – «Қумтепа» фермер хўжалиги раҳбари Аъзамхўжа Ҳакимов қарасаки, масалага қонуний нуқта  эмас, ноқонуний  нўхта қўйилибди! Кутилмаган муаммоларга дуч келингани учун ўртада қудаси ҳам минг бир хижолатда. Фермер андишани бир четга суриб, суд эшигини қоқди.

Фуқаролик ишлари бўйича Избоскан туманлараро суди раиси А. Маматовга раҳмат: низоли мол-мулкни даъвогар «Қумтепа» фермер хўжалигининг эгалигига ва тасарруфига қайтариш ҳақида ҳал қилув қарори (2018 йил 6 декабрь) қабул қилди.

Бироқ даъвогарнинг қувончи узоққа чўзилмади. Банк филиали суд қарорига нисбатан кассация шикояти келтирдики, ФИБ Андижон вилояти суди (раислик этувчи Г. Асранова, судьялар Ч. Исмоилова, И. Азизов) ишни кўриб чиқиб, юқорида зикр этилган ҳал қилув қарорини бекор қилди.

Нега?

 Маълум бўлишича, «Jahon rieltor» МЧЖ томонидан 2018 йил 22 июнь куни тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш йўли билан ташкил этилган савдода Охунжон Ҳосилов дала шийпонини 49 миллион сўмга сотиб олибди?! «Қумтепа» фермер хўжалиги судда даъво қўзғаган вақтда мулк гаровга олувчининг (банк) ихтиёрида эмас, О. Ҳосиловнинг тасарруфида экан?!

Тушунгандирсиз?

Хуллас, кассация инстанциясида шийпон О. Ҳосиловга сотилаётган вақтда мулк банкка тегишли эканлиги асос қилиб олинган бўлса-да, банкнинг мулк ҳуқуқи қонуний асосда вужудга келганми ёки йўқ, деган савол очиқ қолиб кетган... Даъвогар такрор-такрор ёзғирганидек, олинган қарз 2018 йил 19 февралда батамом қайтарилган бўлса-да, банк 2018 йилнинг 31 май санасига келиб, салкам уч ярим ой аввал гаровдан чиқиб кетган мулкка нисбатан ҳуқуқини ваколатли органларда рўйхатдан ўтказиб олиши қайси қолипга тўғри келади? Мана шу оддий мантиқни англаш учун кишидан ҳуқуқшунослик дипломи талаб қилинмайди, ахир?!

Айни сатрларда юқори инстанция судлари деб бежиз таъкидланмаяпти. «Қумтепа» фермер хўжалиги раҳбари Аъзамхўжа Ҳакимов масалани назорат тартибида кўриб чиқишни сўраб Олий судга мурожаат этди. Энг юқори суддан эса кулчадек ажрим келди: суд ҳужжатларини назорат тартибида қайта кўришга асос йўқ. 

Даъвогар  ҳайрон: «шикоятимга илова қилинган бир даста ҳужжат асос бўлмай нима?»

Боз устига, арзгўй банк ҳамда О. Ҳосилов ўртасидаги олди-сотди битими қалбаки эканлигини ишонч билан таъкидламоқда. Унинг қайд этишича, олди-сотди битими чоғида банкка айнан 49 миллион сўм тўланганлигини тасдиқловчи квитанциянинг ўзи йўқ. Юқорида такрор-такрор айтилганидек, О. Ҳосилов томонидан 2018 йил 19 февраль куни банкка тўлов қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжатда эса «Сарбон ҳамкор ривожи» хусусий корхонасининг кредит қарздорлигини сўндириш учун» деган жумлалар ўқловдек ҳарфлар билан битиб қўйилибди. Даъво исботига  «манаман» деб турган  шу далил наҳот эътиборга молик бўлмаса?!

Фуқаролик кодексининг 283-моддасида гаров билан муносабатлар аниқ-тиниқ ёзиб қўйилибди. Содда тилда айтсак, гаров билан таъминланган мажбурият адо этилгач, ўз-ўзидан гаров бекор бўлади. Бундай вазиятда гаровга олувчи тегишли мол-мулкни дарҳол гаровга қўювчига қайтариб бериши шарт. Аслида, мазкур қонун талаби  даъвогарнинг судма-суд сарсон-саргардон юришига сабаб бўлаётган муаммони чок-чокидан сўкиб юборишга асос бўлмайдими? Ёки Андижон судида қонун талаблари кўнгил майлига қараб, исталган йўсинда талқин қилинадими? Ҳозирги вазиятда охирги савол ҳақиқатга яқинроқдек туюлмоқда.

Нурилло Нўъмонов

 

 

 

 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг