«Qanotchi» можароси». Эксперимент эмас, ўзбошимчалик бўлган дейилмоқда
Кеча ижтимоий тармоқларда Тошкентда карантин вақтида рестораннинг иш бошлаши ҳақида хабарлар тарқалгани маълум қилинганди. Бу ҳолат анчагина шов-шув келтириб чиқарди ва ҳамма бу тамаддихона орқасида ким тургани билан қизиқа бошлашди.
Чунки Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 8 майдаги йиғилиши баёнига мувофиқ кўнгилочар объектлар, жумладан ресторанлар фаолиятига йўл қўймаслик белгилаб қўйилган эди.
Бугун юзага келган вазиятга Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати аралашди ва шов-шувга сабаб бўлган «Qanotchi» ресторани тажриба тариқасида ишга туширилганини, эксперимент якунига етган, ресторан ёпилганини маълум қилди.
Бироқ, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати Давлат инспекцияси Тошкент шаҳар ҳокимлиги хабарини инкор қилмоқда.
Инспекциянинг хабарига кўра, Тошкент шаҳар Яккасарой туман Санитария-эпидемиология осойишталиги марказининг 2020 йил 9 майдаги билдирги хатига асосан Муқимий ва Қушбеги 1-тор кўчаси 21-уйда жойлашган «GОURMET RESTAURANT» масъулияти чекланган жамиятига қарашли «QANOTCHI» қаҳвахонаси карантин талабларига риоя этмасдан ўзбошимчалик билан фаолият юритгани аниқланган.
Ҳолат юзасидан зудлик билан Тошкент шаҳар санитария-эпидемиология назорати Давлат инспекциясининг буюртмасига асосан Ўзбекистон Республикаси тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Тошкент шаҳар вакилининг 2020 йил 10 майдаги келишуви асосида текширув амалга оширилди.
Текширув давомида Ўзбекистон Республикасига коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 6 майдаги 21-сонли йиғилиш баёнига зид равишда коронавирус пандемияси даврида рухсат берилмаган фаолият тури билан шуғулланаётгани аниқланиб, ушбу корхонанинг иш фаолияти вақтинча тўхтатилди.
Қаҳвахона раҳбари Агзамов Сардорхўжа Эркиновичга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарлик бўйича тўпланган ҳужжатлар қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун Яккасарой туман Маъмурий судига киритилмоқда, - дейилади инспекция хабарида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter