Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қандай қилиб миллиардер бўлган? Майкл Блумберг 80 ёшда (фото) 

Қандай қилиб миллиардер бўлган? Майкл Блумберг 80 ёшда (фото) 

Фото: AP

Тадбиркор ва сиёсатчи Майкл Блумберг бугун 80 ёшини қаршилади. «Forbes» бойлигини $70 млрд.га баҳолаган, қаторасига уч муддат Ню-Йорк шаҳри мэри бўлган инсоннинг сермазмун фаолияти фото ва жумлаларда.

Майкл Рубенс Блумберг 1942 йилнинг 14 февралида Бостонда таваллуд топган. Жонс Ҳопкинс университетида таҳлил олиш чоғи автотураргоҳда ишлаб, ўқишининг пулини тўлаган. 1964 йили Блумберг электр муҳандиси бакалавр дипломини, орадан икки йил ўтиб Гарвард университети бизнес мактабининг магистрлик даражасини олган.


Мавзуга оид: Майкл Блумберг: «Уолл-стритда бир дунё бойлик топаман деганларнинг камдан-камига омад кулиб боққан»


Университетдан сўнг Блумберг «Salomon Brothers» молия корпорациясига ишга кириб, бош ҳамкор лавозимигача кўтарилди. Орадан 15 йил ўтиб, «Salomon Brothers» янги хўжайин қўлига ўтгач, Блумберг ишсиз қолди. 1981 йилда ўз фирмаси, бозорлардаги вазият ҳақида ахборот тарқатувчи «Bloomberg LP»га асос солди. Блумберг империяси шундай бошланган.

«Стратегик режалаштиришни эмас, ҳаракатланишни ёқтираман».

Майкл Блумберг (чапда) миллиардер ва АҚШнинг бўлғуси президенти Доналд Трамп билан, 2001 йил.
Фото: «Shutterstock»

«Bloomberg» компаниясининг тараққиёти тадбиркорни миллиардерга айлантирди. 1996 йилдан бошлаб олти йил ўз номига қўйилган Соғлиқни сақлаш мактаби очилган Жонс Ҳопкинс университети бошқаруви раиси бўлди. Хайрия ишларига фаол киришган Блумберг бу ишларга қарийб 5 миллиард доллар сарфлади.

Фото: AP

«Тинимсиз ва серзаҳмат меҳнат муваффақиятга эришиш учун имкониятни кўпайтиради. Бироқ ҳеч нарса кафолатланмаган: сўнгги паллада омад юз буриши ҳеч гапмас».

Россия президентининг АҚШга ташрифи чоғи Владимир Путин билан, 2003 йил.
Фото: «Reuters»

2000-йилларнинг бошларидан Блумберг катта сиёсатга диққатини қаратди. Бизнесда таваккални баҳолаш бўйича тўплаган тажрибасини ишга солди: собиқ фаол демократ Ню-Йорк мэри лавозими учун номзодини рақобат пастроқ республикачилар томонидан қўйиб АҚШнинг энг йирик шаҳрига ҳоким бўлди.

Фото: AP

Биринчи иш куниёқ, шаҳарликларнинг пулини сарфлашни истамайман деб, ўзининг маошини 1 доллар қилиб белгилади. Блумберг — Ню-Йоркни кетма-кет уч муддат бошқарган илк ҳоким.

Фото: AP 

«Якшанба кечасини бошқача яхши кўраман, чунки эртасига тонгда уйғониб, мени олдинда ажойиб беш иш куни кутаётганини ҳис этаман».

Чапдан ўнгга: АҚШнинг 42-президенти Билл Клинтон, унинг қизи Челси, Ню-Йорк мэри Майкл Блумберг рафиқаси билан ҳамда сенатор Ҳиллари Клинтон (Билл Клинтоннинг рафиқаси) 2009 йилнинг кириб келишини Таймс-скверда нишонлашяпти.
Фото: «Reuters»
Фото: AP

«Bloomberg LP»нинг 88 фоизи Майкл Блумбергга тегишли, компания 100 дан ортиқ мамлакатда ишлайди, 20 мингдан зиёд ходими бор.

Фото: AP

Майкл Блумберг 2019 йил ноябрида АҚШ президентлигига номзодлар қаторидан жой олди, бироқ партия (демократлар) ички курашида 2020 йилнинг 4 мартида Жо Байден фойдасига номзодини қайтариб олди. 2022 йилнинг февралида Майкл Блумберг Пентагоннинг мудофаа инновациялари бош маслаҳатчиси лавозимига тайинланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг