Қафасдан қутулган йўлбарс наъраси. Малайзия тараққиёт моделидан қай жиҳатларни ўргансак бўлади?
31 август Ўзбекистон каби Малайзияда ҳам мустақиллик эълон қилинган кун сифатида нишонланади. Икки мамлакатни боғловчи робита шундангина иборат эмас. Тўғри, жуғрофий нуқтаи назардан Ўзбекистон билан Малайзияни 5300 километр масофа ажратиб туради, аммо икки ўлканинг маданияти муштарак, ҳар икки халқ ислом деб аталган бир булоқдан сув ичган. Ҳар икки халқ яқин ўтмишда ўз танасида мустамлака қамчисининг зарбини ҳис этган.
Малайзия 1957 йил 31 августда Британия империясидан мустақил бўлди. Бир неча асрга чўзилган мустамлака зулмидан қутулган ўлкани олдинда катта синовлар кутар эди. Қайси мустабид империя тобе халқ бошини силабди дейсиз! Истибдод даврида асосан хомашё етказиб берган Малайзия фақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга суяниб қолган, қашшоқлик балоси юртга мўр-малахдек ёйилган эди. Жадал ислоҳотларга киришган Малайзия бир неча ўн йил ичида «учинчи дунё» давлати деган «тавқи лаънат»дан халос бўлиб, «Осиё йўлбарси» деган номга эга чиқди.
Хўш, Малайзия иқтисодий мўъжизасининг сири нимада?
Катта йўл бошида турган Ўзбекистон тараққиётнинг Малайзия моделидан қай жиҳатларни ўрганса бўлади?
Коррупцияга қарши беаёв кураш
Малайзия иқтисодий мўъжизаси 1981-2003 йилларда ҳукуматни идора этган таниқли давлат арбоби Махатхир Муҳаммад номи билан чамбарчас боғлиқ (дарвоқе, 92 ёшли сиёсий етакчи 15 йиллик танаффусдан кейин ўтган йили яна бош вазир лавозимига қайтди). Малайзия улкан табиий бойликлар, хусусан, нефть ва газ захираларига эга. Ўтган аср ўрталарида мустақилликни қўлга киритган Форс кўрфази давлатлари энергия манбалари савдосига зўр бергани маълум. Малайзия эса араб подшоҳликлари каби фақат табиий бойликлар олди-сотдисига ишониб қолмай, аввало ишлаб чиқариш ва саноатни тараққий эттиришга интилди.
Ислоҳотчи бош вазир Махатхир Муҳаммад «Малайзия режаси» деб аталган тараққиёт дастурини эълон қилди. Дастурда ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун юқори технологияларга асосланган миллий корпорацияларни ташкил этиш белгиланган эди. Корпорациялар ишига расмий идораларнинг аралашуви кескин камайтирилди, давлат назоратчи эмас, тенг ҳуқуқли ҳамкор сифатида фаолият юритди.
Сир эмас, катта пул бор жойда коррупция аталмиш офат ҳам ҳозиру нозир бўлади. Мамлакат раҳбарияти хориждан мўл-кўл сармоя оқиб кела бошлаган илк кезларданоқ порахўрлик, таъмагирлик ҳолатларига қарши аёвсиз кураш эълон қилди. Энг муҳими, иқтисодиётда маъмурий-буйруқбозлик бошқарувидан бутунлай воз кечилиб, эркин бозор муносабатларига ўтилди.
Минтақада учинчи давлат
Австралия миллий университети профессор Ҳэл Ҳилл (Hal Hill) Малайзияда эркин савдо йўлидаги катта тўсиқлар бартараф этилиб, шаффоф муҳит яратилгани, хориж сармояси муҳофаза этилгани иқтисодий ўсишга туртки берганини таъкидлайди. Жаҳон савдо ташкилоти, APEC, ASEAN каби иқтисодий тузилмаларга аъзолик ҳам тараққиётни янада жадаллаштирди.
Иқтисодиётни ислоҳ этиш, шу билан бирга, таълим тизимини ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар тез орада ўз мевасини берди. 1988-1997 йилларда мамлакатда иқтисодий ўсиш кўрсаткичи 10 фоизни ташкил этди. Бу Осиёдаги энг юқори натижаларидан бири эди. Чорак асрда аҳоли турмуш даражаси 20 баробарга ўсди. Мамлакат бутун дунёга юқори сифатли электроника маҳсулотлари ва ахборот-коммуникация технологиялари экспорт қила бошлади. 30-40 йил аввал аграр соҳага таянган Малайзия ЯИМда саноат сектори ва хизматлар улуши 90 фоизга етди. Мамлакат иқтисодий тараққиёт бўйича минтақада учинчи ўринга кўтарилди.
Бетакрор табиат, муаззам тарих, бой ўсимлик ва ҳайвонот оламига эга мамлакат қисқа муддатда сайёҳлик соҳасини замон талаблари асосида ислоҳ этди, бу борада буткул янгича инфратузилма яратилди. Шу тариқа Малайзия сайёрамизнинг сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган 10 мамлакати рўйхатидан жой олди. Маълумотларга қараганда, 2018 йили бу ўлкага қарийб 26 миллион сайёҳ келган.
Дин ва дунё: олтин ўрталиқ қаерда?
Ислоҳотлар меъмори Махатхир Муҳаммад кези келганда таваккалга ҳам қўл урган. Масалан, 1997 йилги халқаро молиявий инқироз пайти Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) иқтисодий танглик ёқасидаги мамлакатга қарз таклиф этади. Аммо бош вазир ХВЖ ёрдамини рад этади ва инқирозни ички манбаларга таяниб бартараф этишга ҳаракат қилади. Иқтисодиёт йўналишида Нобель мукофоти соҳиби, америкалик атоқли олим Жозеф Стиглиц (Joseph Stiglitz) фикрича, пировардида, Малайзия раҳбариятининг ушбу қалтис қарори тўғри бўлиб чиқди. Мамлакат инқирозни донорлар кўмагисиз енга олди.
Малайзия раҳбарияти дин ва дунёвийлик ўртасида олтин ўрталиқни топа билди. Асрлар давомида маънавий юксалиш омили бўлиб келган исломий қадриятлар сақлаб қолинди. Айни чоқда, мамлакат сиёсий жабҳада демократик ривожланиш йўлидан борди. Малайзияда ғоят тараққий этган исломий банк тизими ҳам мусулмон ўлкалар учун ўзига хос намуна саналади.
Сирасини айтганда, малайзияликлар дунёни деб диндан, динни деб дунёдан воз кечмаслик йўлини тутди. Бу ўринда Махатхир Муҳаммаднинг «Ибодат қилмоқ учун Маккага, илм олмоқ учун эса Японияга бораман» деган машҳур нақлини эсга олиш жоиз. Бу, «Илмни Хитойдан бўлса ҳам ўрганинг» деган ҳикматни ёдга солади.
Малайзия ташқи сиёсати кўп қутбли эканини таъкидлаш лозим. «Prosper Thy Neighbor» («Қўшнилар билан биргаликда тараққий эт» ) шиорини байроқ қилган мамлакат аввало яқин қўшнилар билан дўстона муносабатни сақлаб келади. АҚШ, Япония, Хитой, Россия, Европа иттифоқи каби геосиёсатнинг муҳим «ўйинчи»лари билан муносабатда ҳам биринчи навбатда миллий манфаатларга таянади.
Собир Салим
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter