Путин Украинада мудҳиш ишга қўл урмоқчи – ОАВ
Россия президенти Владимир Путин Украинадаги Запорожье атом электр станциясини портлатиш ҳақида буйруқ бермоқчи, деб хабар қилди Буюк Британиянинг The Times газетаси.
Нашрга кўра, Путин авторитар раҳбар сифатида ўз тарафдорлари нигоҳида нуфузи ва обрўсини сақлаш учун кескин чоралар кўришга мажбур. Украина босқини йирик стратегик хато бўлди. Фронтда Россия армияси реал ютуқларга эриша олмаётир. Боз устига, 24 июнь куни «Вагнер» хусусий ҳарбий ширкати раҳбари Евгений Пригожин уюштирган ҳарбий исён Путин ҳокимиятининг заифлигини кўрсатиб қўйди.
Қайд этилишича, рус армияси «вагнер»чиларга деярли қаршилик кўрсатмади, Ростов аҳолиси эса ёлланма жангчиларни қаҳрамон каби кутиб олди. Буларнинг бари Путиннинг «оқил ва қатъиятли раҳбар» сифатидаги нуфузига соя солди. Ҳозирги вазият кескин қадамларни талаб қилмоқда, деб ҳисоблайди инглиз нашри.
«Путин режими ва айни чоқда минтақа хавфсизлиги учун хатарли паллалар келди. Сиёсат майдонида омад қушини қайтариш ва тезкор ғалаба учун жаноб Путин урушда туб бурилиш ясаш васвасасига тушиши мумкин... Унинг армияси аллақачон Каховкадаги гидроэлектростанция тўғонини портлатди (Россия буни тан олмай келмоқда). Улар Запорожье атом электр станциясини портлатишни кўзлаётгани эҳтимоли ҳам катта», – деб ёзади The Times газетаси.
Станциядан рус ҳарбийлари ҳамда ходимлар олиб чиқиб кетилаётгани ушбу гумонни янада кучайтирмоқда.
Инглиз нашри НАТО АЭСни портлатиш жавобсиз қолдирилмаслиги ҳақида Москвани қатъий огоҳлантириши лозим деб ҳисоблайди.
Россия Запорожье АЭСда диверсион ҳаракатларни кўзлаётгани ҳақида Украина ҳукумати бонг уриб келмоқда. Жумладан, Мудофаа вазирлиги разведка бошқармаси раҳбари Кирилл Буданов The New Statesman нашрига берган интервьюсида Россия ҳарбийлари Запорожье АЭСнинг 4 та блоки ва совитувчи сув ҳавзасини миналагани ҳақида маълум қилган. Ҳарбий разведка раҳбари Россия АЭСни портлатиш бўйича режани «ишлаб чиққани ва тасдиқлагани»ни урғулаган. К.Будановга кўра, Россия икки ҳолатда АЭСни портлатиши мумкин: 1) рус армияси Днепр дарёсининг чап соҳилидан сиқиб чиқарилса, Украина ҳарбийлари илгарилама ҳаракатига чек қўйиш учун; 2) Украина қарши ҳужумини тўхтатиш учун «профилактик чора» сифатида.
Атом энергетикаси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) бош директори Рафаэль Гросси агентлик ходимлари Запорожье АЭСни портлатишга тайёргарлик ҳолатини кўрмаётганини маълум қилгани ҳолда, «ҳамма нарса рўй бериши мумкинлиги»ни истисно этмаган.
Украинанинг Запорожье вилоятида жойлашган АЭС дунёдаги 8-йирик атом станцияси саналади. 2022 йил март ойида АЭСни Россия ҳарбийлари ишғол қилган. 2022 йил сентябрь ойида станция реакторлари фаолияти хавфсизлик важидан тўхтатилган.
Расмий Киев Москва АЭСда йирик теракт уюштиришга ҳозирлик кўраётгани, ядро объектидаги портлаш бутун Европа учун оғир оқибатлар келтиришидан огоҳлантирмоқда. Украина томони 29 июндан эҳтимолий портлаш олдидан аҳоли иштирокида ўқув машғулотлари ўтказишни бошлаган. Расмий Москва эса бу айбловларни рад этмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter