Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Путин НАТО раҳбарининг баёнотига Тошкентда жавоб қайтарди

Путин НАТО раҳбарининг баёнотига Тошкентда жавоб қайтарди

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг ҳарбий иттифоққа аъзо давлатларни Украинанинг Россиядаги қонуний нишонларга зарба йўллашига рухсат беришга чақирган эди. Шимолий альянс раҳбарининг ушбу баёнотига Россия президенти Владимир Путин Тошкентда журналистлар билан учрашувда муносабат билдирди.

Гап шундаки, Россия тажовузига қарши курашда Украинага кўмак бераётган, қурол-аслаҳа етказаётган аксар Ғарб давлатлари ушбу қуроллар билан Россия ҳудудига зарба бермаслик шартини қўйган. Йенс Столтенберг иттифоқчиларни айни шу тақиқни бекор қилишга чақирмоқда.

Унга кўра, Украина томонидан Россиядаги нишонларга Ғарб қуроллари орқали зарба йўллаш НАТОни ушбу зиддиятда иштирокчига айлантирмайди.

Столтенбергнинг таъкидлашича, Россиянинг қўшни давлат ҳудудига ҳужуми халқаро ҳуқуқнинг поймол этилиши саналади ва Украина ўзини мудофаа қилишга ҳақлидир.

«Тақиқлар Украина қуролли кучлари ҳарбий хизматчиларининг қўлини боғлаб қўйган. Бу эса уларнинг ҳимоя салоҳиятини пасайтиради... (Россия ҳудуди бўйлаб нишонларга зарба бериш бўйича) чекловлар  бутун НАТОнинг эмас, балки муайян давлатларнинг қароридир. Ушбу чекловларни қайта кўриб чиқиш вақти келди», – деган НАТО бош котиби Болгариядаги йиғилишда.

Владимир Путин Ўзбекистонга ташрифи якунида Тошкент аэропортида Россия журналистлари саволларига жавоб берар экан, НАТО бош котибининг ушбу чақириғига муносабат билдирди.

«Агар у (Столтенберг) Россия ҳудуди бўйлаб узоқ масофага мўлжалланган, юқори аниқликдаги қуроллар билан зарба бериш имконияти ҳақида гапираётган экан, у ҳарбий-сиёсий ташкилот раҳбари сифатида (аслида у ҳам мени каби фуқаролик соҳаси одами) узоқ масофага мўлжалланган, юқори аниқликдаги қуролларни фазовий разведка воситаларисиз ишлатиб бўлмаслигини билиши керак», – деган у.

Путинга кўра, масалан, Storm Shadow русумли қанотли ракеталарни отишда Украина ҳарбий хизматчилари иштирок этмайди.  

«Буни ким амалга оширади? Буни мазкур зарб тизимларини ишлаб чиқараётган ва Украинага етказиб бераётганлар амалга оширади», – деган Россия раҳбари.

Бу билан у НАТО давлатлари Украина ва Россия зиддиятининг бевосита иштирокчиси бўлишига шама қилган. Путин, шунингдек, НАТО мамлакатлари, хусусан, Европанинг аҳолиси зич жойлашган кичик давлатларини Москва билан ўйнашмаслик борасида огоҳлантириб пўписа қилган.

АҚШ, Германия, Италия, Бельгия каби давлатлар Украинага етказиб берилган қурол-аслаҳа мамлакат ҳудудидагина ишлатилиши борасида шарт қўйган. Аммо кейинги вақтларда бу борада ўзгариш бўлиши кутилмоқда.

«The New York Times» газетасининг ёзишича, АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Киевга яқинда амалга оширган «кўзни очувчи» ташрифидан кейин тақиқни бекор қилиш вақти етди деган хулосага келган. Хабарларга кўра, президент Жо Байден маъмурияти Украинага АҚШнинг қисқа масофага учувчи ракеталари билан Россия ҳудудига зарба йўллашга рухсат бериш масаласини кўриб чиқмоқда.

Франция, Буюк Британия каби давлатлар эса бу борада Украинага чекловларни бекор қилиш лозим деган позицияда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг