Пропискага оид вазифалар қай даражада бажарилди?
Президент фармон ва қарорларида белгиланган вазифаларнинг ҳаммаси ҳам ўз вақтида бажарилмаётганлигини давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳам ўз нутқида таъкидлаб ўтди. Хусусан, шундай дейилади: «Қабул қилинган қонун ҳужжатларида белгиланган 13 мингдан ортиқ топшириқларнинг 20 фоизи муддатида ижро қилинмаган».
Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев ўзининг телеграм каналида пропискага оид белгиланган вазифалар қай даражада бажарилганини сарҳисоб қилди.
Ҳаракатлар стратегияси доирасида 2018 йил 22 январь куни ПФ-5308-сонли Президент фармони билан 2018 йилги давлат дастури қабул қилинган эди.
Ушбу дастурнинг 56-бандида фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш мақсадида доимий ва вақтинча рўйхатга қўйиш (ҳисобга олиш) тартибини соддалаштириш масаласи белгиланган. Ундаги ҳар бир вазифани алоҳида-алоҳида таҳлил қиламиз:
✅❌ паспорт олиш, таълим олиш, меҳнат қилиш ва бошқа ҳуқуқларни амалга оширишда прописка билан боғлиқ чекловларни бартараф қилиш;
- Ушбу банд қисман бажарилди. Жумладан, 28.08.2018 йилдаги ПФ-5528-сонли Президент Фармонибилан паспорт тизими тўғрисидаги низомга айрим ўзгаришлар киритилди. Масалан, пропискаси йўқ шахслар ҳам паспорт олиши мумкинлиги белгиланди.
- пропискасиз меҳнат қилиш ҳуқуқи бўйича ҳам Меҳнат кодексининг 80-моддасига ўзгариш киритиш ҳақида қонун лойиҳаситайёрланди. Лекин ҳозирча ушбу Қонун қабул қилингани йўқ. Яъни бугунги кунда ҳам ишга кираётган шахс вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмаган бўлса РАСМАН ишга қабул қилиш рад этилиши мумкин. Гарчи жуда кўплаб ОАВлар «энди ишга киришда прописка талаб этилмайди», деб ёзишган бўлишсада, аммо факт шуки, аслида унақа эмас. Қонун лойиҳаси февраль ойидаёқ тайёр бўлганди, аммо мана йил тугай деб қолди, ҳалигача қабул қилинмади. Кутамиз, балки 13 декабрь куни бўладиган Сенатнинг ялпи мажлисида қабул қилиниб қолар. Ёки кейинги йилга қолармикин. Ким билсин.
✅❌ вояга етмаган шахснинг белгиланган муддатда паспорт олмаганлиги учун маъмурий жавобгарликни бекор қилиш;
- Ушбу банд бўйича ҳам юқоридаги аҳвол. Яъни Қонун лойиҳасифевраль ойидаёқ тайёрланган эди, аммо ҳалигача Қонун қабул қилингани йўқ. Бу дегани бугунги кун (9 декабрь) ҳолатида ҳам вояга етмаган шахсни белгиланган муддатда паспорт олмагани учун маъмурий жавобгарликка тортиш мумкин.
✅❌ меҳнат муносабатлари жараёнида паспорт тизими қоидаларига риоя этмаганлик учун иш берувчининг маъмурий жавобгарлигини бекор қилиш;
- Яна шу ҳолат. Лойиҳабор, лекин ҳали қонун қабул қилинмади. Ҳозир ҳам мабодо пропискасиз ёки прописка муддати ўтган ходимни ишга қабул қилган раҳбарни маъмурий жавобгарликка тортиш мумкин.
✅❌ вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаганлик учун маъмурий жазо чораларини енгиллаштириш, яшашга йўл қўйганлиги учун жавобгарликни бекор қилиш назарда тутилади.
- Яна шу ҳолат. Лойиҳа бор, лекин ҳали қонун қабул қилинмади. Ҳозир ҳам мабодо пропискасиз яшашга йўл қўйганларни маъмурий жавобгарликка тортиш мумкин.
✅ мавсумий ишларга (қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда) жалб қилинганларни вақтинчалик рўйхатга олиш тизимини соддалаштириш, улар учун уй-жой ижараси, уй-жойдан текин фойдаланиш битимини тузиш талабини бекор қилиш;
- 22.10.2018 йилдаги 845-сонли Вазирлар Маҳкамаси қарорибилан бир қатор ўзгаришлар киритилди. Масалан, мавсумий ишчиларни нотурар жой биноларга ҳам ҳисобга олиш мумкинлиги белгиланди.
Лекин аҳамиятли томони Адлия вазирлиги таклиф қилган лойиҳада «мавсумий ишлар билан шуғулланиш учун етиб келган фуқародан вақтинчалик яшаш жойи бўйича ҳисобга туриши талаб қилинмайди» деган қоида бор эди, аммо минг афсуски якунда бу таклиф қабул қилинмади. Халққа жуда енгил бўлиб кетса ҳам яхшимас, дейишгандир.
❌ Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага эга бўлган фуқаролар учун кўчмас мулк сотиб олиш бўйича амалдаги талабларни соддалаштириш;
- Ростини айтсам, Фармоннинг ушбу қисмида доимий пропискаси бор фуқароларга мулк сотиб олишда талабларни соддалаштириш дейилгани учун, айнан нима назарда тутилганини унча тушунмадим. Менимча, айрим бандлар бўйича доимий пропискага кириб, лекин 3 йилгача уй сотиб олишга ҳуқуқи бўлмаган шахслар назарда тутилган бўлса керак. Агар шу назарда тутилган бўлса, унда бу бўйича ҳеч нарса амалга оширилмади. Ҳалигача, Тошкентнинг доимий пропискасига эга айрим фуқаролар уй сотиб олиш ҳуқуқидан маҳрум.
Ёки уй олди-сотдисини нотариусда расмийлаштиришдаги тартиб ва давлат божи назарда тутилган бўлса, унда 06.04.2018 йилдаги Вазирлар Маҳкамаси қарори билан ушбу банд бажарилган.
✅ ички туризмни ривожлантириш мақсадида вақтинча пропискасиз (яшаш жойи бўйича ҳисобга турмасдан) бўлиш муддатини узайтириш;
- Ушбу банд бажарилди. 22.10.2018 йилдаги 845-сонли Вазирлар Маҳкамаси қарори билан вақтинча пропискага қўйиш муддати 1 йилгача узайтирилди. Илгари энг максимали 6 ой эди.
Лекин яна бир аҳамиятли томони, Адлия вазирлиги томонидан халққа эълон қилинган лойиҳада вақтинчалик пропискага қўйиш муддатини 5 кундан 10 кунга узайтириш ҳамда 10 кундан кўп бўлмаган муддатга келган фуқароларни ҳисобга олиш шарт эмаслиги ҳақидаги қоида бор эди, лекин якунда 5 кунлигича қолди. Яъни Тошкентга 5 кундан ортиқ муддатга келган фуқаро албатта вақтинчалик пропискага қўйиши керак. Яна ўша гап. Такрорламайман.
❌❌❌ Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган фуқаролар учун асоссиз спекуляциянинг олдини олиш чораларини кўрган ҳолда иккиламчи бозордан кўчмас мулк сотиб олишга бўлган чекловларни бекор қилиш;
- Бу банд катта эҳтимол билан жорий йилда амалга ошмайдиганга ўхшайди. Ва ўзи қачон амалга ошиши ҳам даргумон.
Яна бир муҳим жойи: Адлия вазирлиги жамоатчилик муҳокамасига қўйган лойиҳасида Тошкентдан уй сотиб олиш учун прописка талаб қилишдан бутунлай воз кечиш таклиф қилинганди. Давлат божи ҳам ҳозиргидек, 5% эмас, 3% кўрсатилганди. Аммо мазкур лойиҳа охир-оқибат халққа эълон қилингандай эмас, тамомила бошқача мазмунда қабул қилинди. Яъни фақат янги уй сотиб олиш талаби киритилди, давлат божи ҳам лойиҳадагидан қимматроқ белгиланди.
Ваҳоланки, Адлия вазирлигининг лойиҳасидаги ўзгариш (уй сотиб олишда прописка сўрашни бутунлай бекор қилиш) Президент фармонида қўйилган вазифанинг айни ўзи эди. Яъни Президент айнан шуни хоҳлаганди. Аммо нимадир бўлгану, қарор лойиҳаси токи тасдиқлангунгача бу “банд” тушиб қолган.
Хўш, ҳурматли мутасаддилар, Сизларга савол: Президент фармонини бажариш ниятингиз борми ёки йўқ? Иккиламчи бозордан уй сотиб олишда прописка бўйича чекловлар олиб ташланадими ёки Президент фармонидаги вазифалар қоғозларда чанг босиб қолиб кетаверадими? Агар олиб ташланса, унда қачон? Ахир Давлат дастури 2018 йил учун эдику. Мана, йил ҳам тугашига 20 кун қолди. Хуллас, саволлар кўп, лекин ҳозирча бу саволларга жавоб йўқ.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter