«Прописка» бутунлай бекор қилинадими?

ЎзА мухбирининг Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирлиги Миграция вa фyқароликни расмийлаштириш бош бошқapмacи бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Тошхўжаевга «Прописка» бутунлай бекор қилинадими?», деган саволига қуйидагича жавоб берди:
– «Прописка» ҳақиқатан долзарб масала бўлиб турибди. Давлат дастури лойиҳасида белгиланганидек бу борада фуқароларга зарур қулайликлар яратилади. Лекин «прописка»ни бутунлай бекор қилолмаймиз. Бунга алоҳида тайёргарлик зарур. Барча ҳудудларнинг бирдек ижтимоий-иқтисодий ривожлантирилиши бир кун келиб бунга ўз-ўзидан замин яратади.
Эслатиб ўтамиз, умумхалқ муҳокамасига тақдим этилган «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат дастури лойиҳасида фуқароларни доимий ва вақтинча рўйхатга қўйиш (ҳисобга олиш) тартибини соддалаштириш, уларнинг мамлакат ҳудудида эркин ҳаракатланиш ҳамда меҳнат қилиш ҳуқуқлари таъминланиши кутиляпти.
Хусусан, лойиҳаларда вақтинча ёки доимий пропискасиз фуқароларни ишга қабул қилишни рад этиш билан боғлиқ амалиётга барҳам берилади. Меҳнат муносабатлари жараёнида паспорт тизими қоидаларига риоя этмаганлик учун иш берувчининг маъмурий жавобгарлиги бекор қилинади. Шунингдек, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаганлик, яшашга йўл қўйганлик учун маъмурий жазо чораларини енгиллаштириш назарда тутилади.
Бундан ташқари, мавсумий ишларга жалб қилинганларни вақтинчалик рўйхатга олиш тизими соддалаштирилади, улар учун уй-жой ижараси, уй-жойдан текин фойдаланиш битимини тузиш талаби бекор қилинади.
Паспорт олиш, таълим олиш, меҳнат қилиш ва бошқа конституциявий ҳуқуқларни амалга оширишда прописка билан боғлиқ чекловлар бартараф қилинади.
Ушбу ҳужжатга масъул этиб Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, ИИВ ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги белгиланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter