Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Профессион де фуа». ИИБ ходими ўн кунда эплолмаган ишни шифокор ўн дақиқада уддалади

«Профессион де фуа». ИИБ ходими ўн кунда эплолмаган ишни шифокор ўн дақиқада уддалади

Фото: «Xabar.uz»

«Жомбой тонги» газетасининг телеграм каналида бир қизни машина уриб кетгани ва ўн кундан буён унинг яқинлари топилмаётгани ҳақида хабар жойлаштирилди. Туман тиббиёт бирлашмасида даволанаётган қизни сўраб ҳеч ким мурожаат қилмагач, газета журналисти ва шифокор унинг яқинларини топишга уринишган.

Газета мухбири Исомиддин Пўлатов ҳолатни қуйидагича баён қилди:

— Бугун шифохонанинг жонлантириш бўлими шифокори Б.Ўринов билан яна боғландик. Қизнинг жағи сингани, ҳалиям сунъий йўл билан овқатлантирилаётгани ҳақида маълум қилди. Ҳолати яхшиланаётган экан. Жароҳатлари сабаб кимлиги, қаерданлигини тушунтириб беролмаган, ёзиб кўрсатолмаган.

Савол туғилади: унинг ота-онаси, яқинлари ҳозир қаерда ва қай ҳолатда?

Қизнинг расмини эълон қилишни истамагандик. Эртага у тузалса, хижолат тортиши мумкин, деган истиҳолага бордик. Ҳеч бўлмаса, фалокат содир бўлган пайтда қандай кийимда бўлган, бирор буюми бормиди? Шу нарсаларни шифокордан сўраб, эълонни такрорламоқчи бўлдик.

Қизиғи, Б.Ўринов қизнинг буюмларини кўриш асносида телефон аппарати ва яқинлари билан тушган иккита сурат ҳам мавжудлигини аниқлади.

Тасаввур қилинг, сурат ва телефон аппарати!

Наҳотки, шу икки ашё билан шахсни аниқлаш мумкин эмас?

Шунақаси ҳам бўлар экан!

Хуллас, Б.Ўринов аппарат хотирасида қолган (сим карта олиб қўйилган экан!) рақамлар билан боғланиш учун ўз телефонидан алоқага чиқа бошлади. Буни қарангки, биз боғланган бир аёл «Ургут тиббиёт коллежида ўқийдиган қизми? Ўн кунча аввал менга телефон қилишганди. Ҳалиям қариндошлари топилмадими?», деб қолди. 

Маълум бўлишича, аёл ҳам тиббиёт ходими. Қиз унинг қўлида амалиёт ўтаган, аммо у оила аъзоларини танимаслигини айтди.

Масала ойдинлашди. Демак, қиз тиббиёт коллежида ўқийди. 

Муассаса директорига қизнинг расмини телеграм орқали жўнатдик. Шу орада қўнғироққа жавоб бераётганлардан яна бири қизнинг ўзига қариндош эканини, ҳақиқатан ҳам ўн кун аввал йўқолиб қолганини маълум қилди. 

Тез орада қизнинг онаси алоқага чиқди. Қувончи ва хавотирини тасвирлаб ўтириш ортиқча. Ўн кундан буён фарзандининг тақдиридан у хабардор эмас! 

Энди вазиятни яхшироқ тасаввур қилиш учун айрим ҳолатларга эътибор қаратсак. 

Яъни, ўн кундан бери телефон сим картаси олиб қўйилган ва қизнинг буюмлари билан елим халтага солинган ҳолатда шифохонада турибди. Буюмлар орасини титкилаш, бу орқали беморнинг яқинларини топиш шифокорнинг вазифасига кирмайди. Улар беморни ИИБ вакиллари келиб, кўриб кетишганини билишади. Шунинг учун ҳам юқоридаги вазият шифокорларни унчалик безовта қилмаслиги мумкин. Чунки таскин бор: ИИБ суриштиряпти!

Хўш, нима демоқчиман?

Телефондан сим картани ким олиб қўйди? Юқорида бизга «ўн кунча аввал алоқага чиқишганди», деган аёлнинг гапларига қараганда, ИИБ вакили телефонни кўрган. Агар шундай бўлса, нега беморнинг ота-онаси, яқинларини қидириб топмаган? Қизнинг ҳолати ҳақида хабар бермаган? Вазиятни охиригача ойдинлаштирмаган?

Борингки, сим картани ИИБ вакили олмаган, Ургут тумани билан боғланмаган ҳам дейлик. Унинг оилавий суратга, телефонга, қизнинг рақамлар ёзилган дафтарига кўзи тушмаганмиди? Агар шундай бўлса, нега беморнинг буюмлари орасини яхшилаб кўрмаган?

Гапнинг индаллоси, оддий шифокор ўн-ўн беш дақиқада беморнинг яқинларини топди. Ваҳоланки, бу профессионал вазифаси ҳисобланган ички ишлар ходимлари ўн кундан ортиқ вақт ўтибдики, оғир вазиятга тушиб қолган бир оиланинг мушкулини осон қилолмади...

Бор-йўғи шу, — деб ёзади журналист.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг