Пробация хизматида электрон браслет татбиқ этилади
Озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазоларни ижро этиш муассасаларининг фаолияти самарадорлигини таъминлаш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди (128-сон, 05.03.2020 й.). Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» каналида хабар берилди.
Қарор билан Озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазоларни ижро этиш муассасалари тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга мувофиқ, жазони ижро этиш муассасаларига қуйидагилар киради:
- жазони ижро этиш колониялари, шу жумладан, даволаш ҳуқуқи асосидаги;
- тарбия колониялари;
- турмалар;
- маҳкумлар учун ихтисослаштирилган касалхоналар.
Озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазоларни ижро этиш муассасаларидан 50 метр масофада маъмурий, маиший, хўжалик бино ва иншоотлари қурилиши учун ер участкалари ажратилишига, улар ижарага берилишига, шунингдек, баландлиги 6 метрдан юқори бўлган бино ва иншоотлар қурилишига йўл қўйилмайди.
Шунингдек, қарор билан 2020–2024 йилларда жазони ижро этиш колонияларининг яшаш ётоқхоналарини кубрик типидаги хоналарга ўтказган ҳолда уларни босқичма-босқич қуриш ва реконструкция қилиш дастури тасдиқланди.
Мазкур дастурга кўра, белгиланган йилларда 14 та жазони ижро этиш колониясининг жами 60 та яшаш ётоқхоналари кубрик типидаги хоналарга ўзгартириш йўли билан реконструкция қилинади. 3 та янги бино қурилади.
Бундан ташқари, 2020 йилда озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазоларни ижро этиш муассасаларини видеокузатув мосламалари ва шахсий видеорегистраторлар (боди-камералар) билан жиҳозлаш ҳамда Пробация хизмати амалиётига электрон браслетларни татбиқ этиш дастури тасдиқланди.
Унга кўра, 18 та жазони ижро этиш колонияларида 1 833 дона видеокузатув мосламаси ва 36 комплект шахсий видеорегистраторлар (боди-камералар) ўрнатилади.
Шунингдек, Пробация хизмати амалиётига жорий йилда 3 минг дона электрон браслет татбиқ этилади.
Ички ишлар вазирлиги объектларни қуриш ва реконструкция қилиш, шунингдек, замонавий техник қўриқлаш воситалари ва видеокузатув мосламаларини харид қилиш бўйича буюртмачи ҳисобланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter