Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Пригожиннинг самолётини йўқ қилишга ким буйруқ бергани айтилди

Пригожиннинг самолётини йўқ қилишга ким буйруқ бергани айтилди

23 август куни «Вагнер» хусусий ҳарбий ширкати асосчиси Евгений Пригожинга қарашли хусусий учоқ Тверь вилоятида ҳалокатга учради.

«Росавиация» федерал агентлиги учоқда Пригожин, унинг «ўнг қўли» Дмитрий Уткин ва яна саккиз киши бўлганини тасдиқлади.

Авиаҳалокат пайти учоқдаги барча йўловчилар, жумладан, Пригожин ҳам ҳалок бўлгани хабар қилинган.

Айни пайтда дунё матбуотида учоқ ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими орқали уриб туширилгани ёки бортда теракт содир этилгани эҳтимоли кенг муҳокама қилмоқда.

Пригожин роппа-роса икки ой аввал, 23 июнь куни ҳарбий ғалаён кўтариб, Москвага юриш уюштиргани ва пойтахтга 200 км қолганида Беларусь раҳбари Александр Лукашенко воситачилигидаги музокарадан кейин ортга чекингани маълум.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Пригожинни йўқ қилиш амалиётига Россия президенти Владимир Путин шахсан буйруқ берган деб тахмин қилади.

«Москвага юришдан роппа-роса икки ой ўтиб, Пригожин самолётлари билан йўқ қилинди. Балки, Пригожин «менинг ёнимда яна 9-10 та бошқа бегуноҳ ва муҳим одамлар бор-ку... Тегинишмас?!» деб ўйлагандир. Йўқ, аслида ставкани Пригожинни ўзи кўтарганди. Расмий хабарларда «бахтсиз ходиса» дейишлари аниқ. Бошқа нима ҳам дерди? Лекин шахсан Путиннинг топшириғи ёки буйруғи билан амалга оширилган амалиёт. Икки ой олдин тахмин қилганимдек, Пригожин йўқ қилинди. Унинг узоқ яшашини тасаввур қила олмагандим», – деб ёзди эксперт.

Сиёсатшуносга кўра, Пригожинни йўқотишнинг усуллари кўп эди, лекин ташкилотчилар энг намойишкорона йўлни танлади.

«Пригожинни демонстратив ўлдиришдан мақсад – қолганларни қўрқитиб қўйиш эди. Ва бунга эришилди. Эътиборлиси, Путин Пригожин билан келишувга бориб, уни тинчлантирди ва эхтиёткорлигини пасайтирди. Имкон бўлиши билан йўқ қилди», – дейди К.Раббимов.

Ўз даврида Путинга спичрайтерлик қилган сиёсатшунос Аббас Галлямов ҳам шундай фикрда. Унга кўра, Пригожиннинг ўлдирилиши орқали сиёсий элитага Путинга қарши чиқишнинг оқибати қанчалар ёмонлиги, Кремль хўжайини ҳали ҳам кучли ва қасоскор экани намойиш этилди.

«Афтидан, янги исён ёки фитна таҳдиди етилиб келаётган эди. Шунга кўра Путин унинг олдини олиш учун шундай жиддий қадам ташлади», – деб ёзди А. Галлямов.

Пригожиннинг самолёти ҳалокатга учраганига муносабат билдирган АҚШ президенти Жо Байден ҳам ҳодисалар ортида Путин тургани бўлиши мумкинлигини истисно этмади.

«Очиғи, бундан ҳайрон бўлмадим. Россияда ортида Путин турмаган ҳодисалар камдан-кам рўй беради. Лекин бу борада аниқ жавоб айтишга ҳали етарли маълумотим йўқ», – деган Ж.Байден. 

Украина босқини атрофидаги ҳодисаларни фаол ёритиб келаётган Урушни ўрганиш институти (ISW) ҳам Пригожиннинг самолётини уриб туширишга Путин буйруқ бергани бўлиши мумкин деб ҳисоблайди.

«Россия армияси вакиллари, хусусан, мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Бош штаб бошлиғи, армия генарали Валерий Герасимов Пригожин устидан ўзича ҳукм чиқаришини тасаввур қилиш мушкул», – деб ёзди Урушни ўрганиш институти таҳлилчилари.

Таъкидланишича, ғалаён кўтаришга журъат қилган Пригожин Путиннинг марҳамати билангина тирик эканига Россия элитасининг ишончи комил бўлган.

Пригожин парвоз қилаётган самолёт қай сабабга кўра ҳалокатга учрагани борасида Россия расмий идоралари якуний хулоса эълон қилганича йўқ. Ҳолатни махсус комиссия ўрганади.

Ҳарбий исён ортидан «Вагнер» хўжайинига ўлим ҳукми ўқилгани ҳақидаги фараз аввалроқ ўртага чиққан эди.

Жорий йил 30 июнь куни Украина мудофаа вазирлиги Разведка бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Кирилл Буданов Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) Пригожинни йўқ қилиш ҳақида буйруқ олгани, буйруқ қачон ижро этилиши  «вақт масаласи» эканини маълум қилган эди.

Июль ойида АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) директори Уилям Бёрнс Путиннинг қасос олиши эҳтимоли юқори эканини таъкидлаб, Пригожин заҳарлаб ўлдирилиши мумкинлигига ишора қилган эди.

Россиялик таниқли журналист Алексей Венедиктов эса исёндан кейиноқ Пригожиннинг тақдири қандай якунланишини башорат қилган эди.

«Путин Пригожиннинг хиёнатини унутиши ва кечиришига асло ишонмайман. Пригожин қаерда бўлишидан қатъи назар! Чойни ҳам эҳтиёт бўлиб ичгани маъқул», – деб ёзган эди у.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг