Президентнинг ўғлига қарашли 25 та машина кимошдида сотилди — Экваториал Гвинея (фото)
Швейцария ҳукумати Экваториал Гвинея президентининг ўғлидан олиб қўйилган машиналарни Женевада аукционга қўйди.
Йигирма бешта машина 27 миллион долларга сотилди.
«Bonhams» уйи томонидан сотувга қўйилган 25 та лот орасида 2014 йилда чиқарилган «Lamborghini Veneno» суперкари ҳам бор эди, у харидорга $8,4 млн.га тушди», — дея таъкидлаган ҳолда AP ушбу туркумдаги машиналар бор-йўғи 9 дона ишлаб чиқарилганига эътиборни қаратди.
Машиналар сотувидан ташкилотчилар 18 миллион доллар ишлашни хом-чўт қилишганди. Якунда тушум салкам 10 миллион доллар кўп бўлди. Ўзи сотувга қўйилган машиналар ноёб моделлар эди, қолаверса, кўпи ёлчитиб минилмаган ҳам экан. Фақат 1998 йили чиқарилган зирҳланган «Rolls-Royce Silver Spur»га жиддий таъмирга муҳтожлиги учун 87 мингдан кўп беришмади.
Кимошди савдоларига 2019 йилнинг февралида, Женева прокуратураси давлат маблағларини мақсадсиз ишлатиш ва пулларни ўзлаштириш бўйича Экваториал Гвинея президентининг ўғли — Теодоро Нгема Обианг Мангу ишини ёпганидан сўнг рухсат берилган. Швейцария қонунчилигига кўра, тергови кетаётган шахс агарда етказилган зарарни қоплаб берса, прокуратура ишни ёпиши мумкин.
Президентнинг ўғли — 50 ёшли Теодоро Нгема Обианг Мангу 2016 йилнинг июнидан бери Экваториал Гвинея вице-президенти ҳисобланади.
Ота, яъни президент алоҳида мавзу: Теодоро Обианг Нгема Мбасого 1979 йили ҳарбий тўнтариш уюштириб, ўз амакиси — Франсиско Масиас Нгема Бийогонинг диктаторлик режимини ағдарганидан бери мамлакатни узлуксиз бошқариб келяпти. Ўшанда у 37 ёшда эди, ҳозир 77 ёшда — унча-мунча монархга ҳам 40 йил мамлакатни бошқариш насиб этавермайди.
Маълумот учун: Экваториал Гвинея — митти давлат: ҳудуди — 28 минг квадрат километр, аҳолиси — 1 миллион киши ҳам чиқмайди. 1990-йилларнинг бошларида давлат катта нефть экспорти эвазига аҳоли жон бошига ЯИМ бўйича Африкада етакчи ўринга чиқиб олди (2015 йилда аҳоли жон бошига ЯИМ — 11056 АҚШ доллари). Бироқ бу «қора олтин»дан тушган даромадлар ҳаммага тенг тақсимланаётганини англатмайди, аҳолисининг катта қисми ичимлик суви етишмаслигидан қийналади, мамлакатда болалар ўлим кўрсаткичи жуда юқори: 20 фоизи беш ёшга ҳам тўлмай вафот этади. Инсон тараққиёти индексида мамлакат 2015 йили жаҳонда 138-ўринда қайд этилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter