Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президентга мактуб ёзган қиз жавоб хатини олди

Президентга мактуб ёзган қиз жавоб хатини олди

Фото: Сирдарё вилояти ҳокимлиги

Ховос туманининг «Ховособод» маҳалласида истиқомат қилаётган Одинахон Абдулҳамидова эндигина 12 ёшни қарши олди.

У Республика Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида 4 ёшидан буён даволаниб келади.

Яқинда у Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ушбу марказга ташрифи арафасида Президентга мактуб йўллаганди.

Одинахон мактубида ўзи ва бошқа даволанаётган болалар номидан, касалликдан азият чекаётган болаларни соғлиғини тиклаш, уларга намунали тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида яратилган шарт-шароит учун Президентга ўз ташаккурини изҳор этиб, болаларча беғубор истакларини билдирган эди.

Мусиқа ва расмга қизиқишини, рус тилини мукаммал ўрганиши ва келажакда шифокор бўлиши учун компьютер совға қилишларини сўраган.

Одинахоннинг бу истаги ижобат бўлди. Бугун эрта тонгдан вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев бошчилигидаги бир гуруҳ фаоллар унинг хонадонида бўлиб, Президентимизнинг жавоб мактуби ва совғасини топширди. Шу билан бирга унга ўқув қуроллари ва дарсликлар, қўшимча совғалар ҳам туҳфа этилди.

Президент мактубида жумладан шундай дейилади:

«Қадрли Одинахон қизим!

Хатингни ўқиб, бугунги кунда мамлакатимиз болалари нақадар беғубор орзу-интилишлар билан яшаётганини яна бир бор чин юракдан ҳис этдим.

Келажакда ошпаз бўлмоқчи эканинг, «Меҳрли мактаб» да мусиқа ва расм чизишни ёқтириб қолганинг ҳақида ёзибсан.

Тил ўрганишга иштиёқинг баландлигини билиб, янада хурсанд бўлдим.

Ахир, биз орзу қилган баркамол авлод мана шундай замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллайдиган ёш ўғил-қизлардан ташкил топади!

Ишончим комил, юксак интилиш ва тиришқоқлик билан ўз мақсад муддаоларингга албатта етасан. Бу йўлда сенга совға қилинаётган компьютер ҳам ёрдам беради, деб ўйлайман.

Дилингдаги эзгу орзу-ниятларинг доимо сенга ҳамроҳ бўлсин!»

— Олдинига ишонмагандим. Президентимиз қизимни хатига жавоб мактуби йўллапти. Бундан бутун оиламиз мамнун, — деди ҳаёжон билан қизалоқнинг онаси Дилдора Абдусаматова. — Қизим, 3 ёшида ўткир лимфобласт лейкоз касаллиги билан касалланиб қолди. Сирдарёлик шифокорларга мурожаат этдик. Улар бизни шу марказга йўналтиришди. Мана 9 йилдирки, қизим ушбу марказда даволаниб келади. Бундан бир неча йил муқаддам, ҳозиргидек шароит қаерда дейсиз. Президентимизнинг эътибори туфайли марказ қиёфаси ва шарт-шароити бутунлай ўзгарди. Замонавий тиббий жиҳоз, илғор технология даволаниш имкониятларини янада кенгайтирди. Бундан нафақат даволанаётган болалар, уларнинг мен сингари ота-оналари роса хурсанд. Энг муҳими, Президентимизни ушбу марказга ташрифи чоғи, ҳар бир бола ва уларнинг оналари билан ўтказган мулоқоти, оталарча берган маслаҳати ва кўрсатмаси, қолаверса, керак бўлса энг яхши мутахассисларни хориждан олиб келиб кўрсатамиз ва даволатамиз, дея айтган сўзлари менга ва қизимга янада куч бағишлади.

— Президентимиз мактубидаги «Ишончим комил, юксак интилиш ва тиришқоқлик билан ўз мақсад муддаоларингга албатта етасан», деган сўзлари менга куч, шижоат ва ғайрат берди. Орзуларимга қанот, кўнглимга ҳаловат ва таскин бағишлади. Мактубни ўқир эканман, менинг меҳрибон, жонкуяр, тақдиримдан хавотир оладиган Президентим борлигидан ғурурландим, — деди болаларча беғубор табассумини яшира олмаган Одинахон Абдулҳамидова.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг