Президент янги қарор қабул қилди
«Очиқ бюджет» ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида шаклланган тадбирларни молиялаштиришни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори қабул қилинди.
Фуқароларни бюджет жараёнига жалб қилиш механизмининг ишга туширилиши жойларда аҳолини қийнаб келаётган муаммоларнинг ечимини топиш ва жамоатчиликни бюджет жараёнининг иштирокчисига айлантиришда алоҳида восита бўлиб хизмат қилмоқда.
2021 йилда ўтказилган ташаббусли бюджетлаштириш жараёнида фуқаролардан келиб тушган мурожаатларда баён этилган ўринли ва долзарб муаммоларни қисқа муддатларда бартараф этиш, давлат бюджетини шакллантириш ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнига аҳолини фаол жалб этиш мақсадида:
Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан 1-иловага мувофиқ 2021 йил 1 октябрга қадар:
Фуқаролар ташаббуси жамғармасида 1 миллиард сўмдан кам маблағ шаклланган туман ва шаҳарлар учун қўшимча 57,9 миллиард сўм;
«Очиқ бюджет» ахборот портали орқали келиб тушган таклифлар сони 100 тадан ортиқ бўлган туман ва шаҳарларга қўшимча 59,5 миллиард сўм маблағ ажратиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.
Тартибга мувофиқ 2022 йил 1 январдан бошлаб туман ва шаҳарлар бюджетлари параметрларида ҳудудий ички йўлларни таъмирлаш учун ажратиладиган маблағларнинг 50 фоизи «Очиқ бюджет» ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида аниқланган ички йўлларни таъмирлашга йўналтирилади.
Молия вазирлиги икки ой муддатда ҳудудий ички йўлларни таъмирлаш учун ажратиладиган маблағларнинг 50 фоизини «Очиқ бюджет» ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида аниқланган ички йўлларни таъмирлашга йўналтириш тартибини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter