Президент янги қарор қабул қилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «II Халқаро бахшичилик санъати фестивалига тайёргарлик кўриш ва бахшичилик санъатини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Бахшичилик санъатини республика ва халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш, Халқаро бахшичилик санъати фестивалини республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам ўтказиш, Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида мавжуд бўлган ўзига хос ижро услублари асосида ижодий мактабларни «устоз-шогирд» анъаналари асосида қайта тиклаш ва ривожлантириш мақсадида:
- Маданият вазирлиги, Фанлар академияси, Ёзувчилар уюшмаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 2021 йилда Нукус шаҳрида II Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 ноябрдаги ПҚ–3990-сон қарори билан тасдиқланган Халқаро бахшичилик санъати фестивалига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита (А.Н. Арипов):
а) Фестивални Қорақалпоғистон Республикасида юқори ташкилий даража ва бадиий савияда ўтказиш бўйича зарурий чора-тадбирларни амалга оширади;
б) Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда:
Халқаро бахшичилик санъати фестивалини келгусида босқичма-босқич республиканинг бошқа ҳудудларида ўтказиш чораларини кўради;
санитария-эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолда жорий йилдаги Фестиваль ҳамда келгусидаги Халқаро бахшичилик санъати фестивалларини ўтказиш муддатини белгилайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter