Президент Тошкент шаҳрига алоқадор қарор имзолаши кутилмоқда
Тошкент шаҳрини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда тадбиркорлик ва инновацион фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланади. Президентнинг бу борадаги тегишли қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
Ҳужжат лойиҳасига кўра, 2020-2030 йилларда Тошкент шаҳрининг йўл-транспорт инфратузилмаси объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Булар учун 15 йиллик муддатга 200 миллион долларгача Франция тараққиёт агентлиги ва бошқа халқаро молиявий институтлар ва хорижий давлатлар молия ташкилотларининг қарз маблағлари жалб этилади.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳрининг Бектемир ва Сирғали туманларининг ҳудудларидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёси қирғоғининг 16 километрлик қисмини 65-80 метргача торайтириш ва торайтириш натижасида ҳосил бўлган бўш ер майдонларини электрон аукцион орқали сотиш ва умумий узунлиги 656 километр бўлган пиёдалар ва велосипедлар юриш йўлларини қуриш ишлари олиб борилади.
Шу билан бирга, Миробод, Учтепа, Шайхонтоҳур ва Яшнобод туманларида бўш турган ва самарасиз ишлатиб келинаётган иншоотлар негизида «Ишбилармонлик марказлари» фаолияти йўлга қўйилиши мумкин.
Шунингдек, Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети, Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети, Тошкентдаги Инҳа университети ва Тошкент ахборот технологиялари университети қошида бизнес-инкубаторлари ҳам ташкил этилиши кутилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter