Президент топшириғига кўра Оққўрғон воқеасига бағишланган йиғилиш ўтказилди
Бугун, 29 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига асосан, Вазирлар Маҳкамасида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ва унинг ҳар қандай кўринишига барҳам бериш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда ўтган ҳафтада интернет ва ижтимоий тармоқларда жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилинган Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида буғдойни вақтида суғормагани учун олти кишининг сув оқиб турган ариққа кийими билан туширилгани билан боғлиқ масала муҳокама қилинди.
«Жомбой тумани ҳокими бўлган, Самарқанд шаҳар ҳокими бўлган, республикадаги энг катта Самарқанд вилояти ҳокими бўлган, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири бўлиб ишлаган одам (Зойир Мирзаев назарда тутилмоқда — таҳр.). Шунча давлат идораларида ишлаб келган одам шундай хатога йўл қўйгани учун ҳам юртбошимиз кечиргани йўқ. Бошқалар ҳам кечирилмайди», — деган Бош вазир Абдулла Арипов.
Мажлисда айрим жойларда эскича ишлаш принципидан воз кечолмаётган, уни қўмсаётган раҳбарлар ҳам йўқ эмаслигига эътибор қаратилди. Бугунги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини етарли даражада тушуниб етмаётган ана шундай раҳбарларнинг хатти-ҳаракатидан давлатимиз раҳбари жиддий норози экани, бу каби камчиликларга қарши қатъият билан курашиш, мажбурий меҳнатга бирор бир соҳада йўл қўймаслик лозимлиги таъкидланди.
Видеоселектор йиғилишида 2018 йил 29 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Барча даражадаги давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ва унинг ҳар қандай кўринишларига барҳам бериш бўйича масъулиятини ошириш тўғрисида»ги фармонга имзо чекканига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу фармон билан ўтган ҳафтада Оққўрғон туманида рўй берган, жамоатчилик ўртасида кенг муҳокама этилган масалага Шавкат Мирзиёев ўз муносабатини билдирди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари комплекси раҳбари Зойир Тоирович Мирзаев кузги буғдой экиш ва суғориш бўйича қишлоқ хўжалиги ишларини ташкил этишда йўл қўйган жиддий камчиликлари учун эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига қишлоқ хўжалиги соҳасида ишни ташкил этиш бўйича йўл қўйилган қўпол қонунбузилишларни ҳар томонлама ўрганиш бўйича топшириқ берилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларига мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ва унинг ҳар қандай кўринишларига барҳам бериш юзасидан самарали чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва уларни тўлиқ амалга ошириш вазифалари топширилган.
Мажлисда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимояси, мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай кўринишларига йўл қўймаслик масалалари Президентимизнинг шахсан назоратида экани, инсон ҳуқуқларини поймол этишга, мажбурий меҳнатга йўл қўйишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлиги, бундай ҳолатларда ким бўлишидан қатъи назар, ҳар қандай мансабдор шахс муқаррар жазога тортилиши, қонун устуворлигини таъминлаш, ноқонуний хатти-ҳаракатлар учун жазо муқаррарлиги принципига қатъий амал қилиниши алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Видеоселекторда Халқаро меҳнат ташкилоти, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter