Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент тил байрамини кенг нишонлаш тўғрисида қарор чиқарди

Президент тил байрамини кенг нишонлаш тўғрисида қарор чиқарди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори эълон қилинди.

2019 йил 21 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги Қонуни қабул қилинганига ўттиз йил тўлади. Мазкур тарихий ҳужжатга биноан ўтган йиллар давомида она тилимиз мустаҳкам ҳуқуқий асос ва юксак мақомга эга бўлди. Ҳозирги кунда ўзбек тили ҳаётимизнинг барча жабҳаларида – давлат ва жамият бошқаруви, давлатлараро муносабатлар, илм-фан, таълим-тарбия, тиббиёт, маданият ва санъат соҳаларида фаол қўлланилмоқда, халқаро минбарлардан баралла янграмоқда.

Қарорга кўра, Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби ҳамда ўтказиладиган оммавий маънавий-маърифий чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Ташкилий қўмита (А.Арипов) зиммасига:

  • Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг пухта тайёргарлик асосида, юқори савияда ўтказилишини таъминлаш;
  • Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳридаги барча шаҳар ва туманларда байрам тадбирларини ташкил этиш;
  • умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўзбек тили мавзусида иншолар танловини ўтказиш;
  • мамлакатимиздаги театрлар ва кинотеатрларда, маданият саройларида буюк алломаларимиз ҳақидаги спектакллар, бадиий ва ҳужжатли фильмлар намойишини ташкил этиш;
  • «Ўзбек тили тараққиёти ва халқаро ҳамкорлик масалалари» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ҳамда «Ўзбек тилшунослигининг долзарб масалалари» мавзусида республика конференциясини ўтказиш;
  • ўзбек адабий тилининг асосчиси, буюк мутафаккир шоиримиз Алишер Навоийга Тошкент шаҳридаги Миллий боғда, шунингдек, вилоят ва шаҳарларда ўрнатилган ҳайкаллар пойига гул қўйиш маросимини уюштириш;
  • мамлакатимизнинг хориждаги элчихоналари ва дипломатик ваколатхоналарида ўзбек тилига бағишланган байрам тадбирларини ўтказсин ва «Ўзбек тилининг дўстлари» клубларини тузиш;
  • мамлакатимизда янгитдан ташкил этилиб, фаолият кўрсатаётган Муҳаммад Ризо Огаҳий, Исҳоқхон Ибрат, Абдулла Қодирий, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Ибройим Юсупов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ҳалима Худойбердиева, Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактабларида она тилига бағишланган маънавий-маърифий тадбирларни ўтказиш;
  • ҳудудларда тил байрамига бағишланган адабий-маърифий кечалар ҳамда янги китоблар тақдимотини амалга ошириш;
  • 21 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги санъат саройларида Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали байрам тадбирларини ташкил этиш топширилди.
Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг