Президент сайловининг дастлабки натижалари қачон эълон қилинади?
2021 йил 24 октябрь куни соат 22:00 да Матбуот марказида бўлиб ўтган брифингда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси Зайниддин Низамходжаев нутқ сўзлади.
Бугун Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов бўйича мамлакатимиздаги барча сайлов участкаларида соат 20:00 да овоз бериш якунланди.
Ўзбекистон Республикасининг Европадаги айрим давлатлар ва Америка Қўшма Штатларидаги ваколатхоналари ҳузурида ташкил этилган сайлов участкаларида овоз бериш жараёнлари давом этмоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳозирга қадар мамлакатимиз бўйича сайловда иштирок этганлар 16 миллион 36 минг 914 нафарни ёки 80,8 фоизни ташкил этмоқда.
Чет элларда овоз берган ватандошларимиз сони ҳақида эртага маълумот берамиз.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 96-моддасида, сайлов, агар унда сайловчиларнинг камида 33 фоизи иштирок этган бўлса, ҳақиқий деб ҳисобланиши белгиланган.
Демак, Сайлов кодексига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтган ва ҳақиқий деб ҳисобланади.
Бугун бўлиб ўтган Президент сайлови халқимизнинг улкан тарихий ютуғидир.
Бу — ўз тараққиётининг янги, демократик босқичига қадам қўйган Ўзбекистон халқининг сиёсий-ҳуқуқий онги, маданияти ва сиёсий фаоллиги тобора юксалиб бораётганининг тасдиғи, халқимизга хос аҳиллик ва ҳамжиҳатликнинг яна бир ифодасидир.
Шунингдек, кўп миллатли Ўзбекистон халқи давлатимиз томонидан олиб борилаётган ички ва ташқи сиёсатни, амалга оширилаётган туб демократик ислоҳотларни қўллаб-қувватлаётганининг амалдаги ёрқин намоёнидир.
Халқимизни мамлакатимиз Президенти сайлови муваффақиятли ўтгани билан Марказий сайлов комиссияси номидан самимий қутлаймиз!
Сайловда бевосита иштирок этган сайловчилар, маҳаллий ва халқаро кузатувчилар ҳамда журналистлар томонидан Ўзбекистон Президенти сайлови миллий сайлов қонунчилигимиз, очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик каби умумэътироф этилган демократик принципларга мувофиқ ўтганлиги кенг эътироф этилмоқда.
Сайлов жараёнлари мамлакатимизнинг туман ва шаҳарларидаги 207 та сайлов участкаларига ўрнатилган 414 та видеокамералар орқали онлайн транслация қилинди.
Шунингдек, минглаб сайлов участкаларидан журналистлар томонидан бевосита теле ва радио, фото репортажлар, интервьюлар мунтазам узатиб турилди. Интернетдаги ижтимоий тармоқлар, веб-сайтлар орқали бутун дунёга намойиш қилинди.
Овоз бериш жараёнлари аккредитациядан ўтган 1672 нафар маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг вакиллари томонидан кенг ёритилди.
Хабарингиз бор, сайлов йигирмага яқин халқаро ташкилотдан, элликка яқин давлатдан келган минга яқин халқаро кузатувчилар томонидан бевосита кузатиб борилди.
Бундан ташқари, сайловда Президентликка номзод кўрсатган сиёсий партиялардан ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан 64 минг 450 нафар маҳаллий кузатувчи қатнашди.
Фурсатдан фойдаланиб, энг аввало, сайловчиларимизга, маҳаллий ва халқаро кузатувчиларга, оммавий ахборот воситалари вакилларига, барча даражадаги сайлов комиссияларининг 143 мингга яқин аъзоларига Марказий сайлов комиссияси номидан самимий миннатдорлик билдиришга ижозат этгайсиз.
Сайлов участкаларида сиёсий партияларнинг Президентликка номзодларга берилган овозларни санаб чиқиш жараёнлари давом этмоқда.
Эртага, яъни 25 октябрь куни соат 16:00 да бўлиб ўтадиган матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига ўтказилган сайловнинг дастлабки натижалари эълон қилинади, – деди Зайниддин Низамходжаев.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter