Президент қарори билан божхона бўйича имтиёзлар белгиланди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 29 июнь куни «Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Қарор матни «ЎзА»да эълон қилинган.
Қарорда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солишнинг амалдаги тизими рақобатнинг бозор принциплари ривожланишини рағбатлантирмаётгани, хусусан, олиб кирилаётган товарларга нисбатан божхона тўловларини тўлаш бўйича ҳаддан ташқари кенг имтиёзлар берилиши тариф жиҳатдан самарали тартибга солиш имконини бермаётгани таъкидланади..
Қарорга кўра, қуйидагилар божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини янада такомиллаштиришнинг асосий принциплари этиб белгиланди:
— бож тарифларининг тартибга солиш функцияларини иқтисодиёт тармоқларини ривожлантиришнинг қўшилган қиймат глобал занжирига уйғун интеграциялашувга йўналтирилган устуворликларидан келиб чиққан ҳолда кучайтириш;
— ташқи иқтисодий фаолиятни тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини илғор хорижий тажрибани, халқаро принциплар ва нормаларни инобатга олган ҳолда такомиллаштириш;
— маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни республикада ишлаб чиқарилмайдиган ёхуд етарли бўлмаган ҳажмда ишлаб чиқариладиган ҳамда экспортга йўналтирилган маҳсулот ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган хомашё ва материаллар билан таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш;
— янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш мақсадида замонавий технологик ускуналар ва техникаларни олиб кириш учун қулай шарт-шароитларни таъминлашни сақлаш, шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва қайта жиҳозлаш, инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш жараёнларини янада жадаллаштириш;
— божхона расмийлаштируви чоғида тури, мақсади, хусусияти ва таркиби бўйича ўхшаш, ташқи иқтисодий фаолиятнинг товар номенклатура коди бўйича яқин бўлган товарларни божхона тўловларининг пастроқ ставкалари қўлланиладиган позицияга таснифлаш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида ушбу товарларга божхона тўловлари ставкаларини унификация қилиш;
— акциз солиғига тортиладиган товарларга акциз солиғи ставкаларини унификация қилиш, уни инсон соғлиғи ва атроф-муҳит учун зарарли бўлган товарларга нисбатан қўллаш.
Ушбу банд билан тасдиқланаётган ставкалар 2019 йил 1 январдан эътиборан амалга киритилади.
Шунингдек, 2018 йил 1 сентябрдан эътиборан қуйидагича тартиб белгиланади:
— чегара божхона постларида божхона органлари томонидан божхона назоратини ўтказиш чоғида ветеринар, фитосанитар, экологик ва санитар-эпидемиологик назорат ҳам амалга оширилади;
— Ўзбекистон Республикасига олиб кирилаётган, Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотига аъзо давлатларнинг аккредитациядан ўтган органлари томонидан мувофиқлик сертификатлари берилган товарларга нисбатан мувофиқликка мажбурий сертификатлаштиришни амалга ошириш талаб этилмайди;
— товарларнинг «эркин муомалага чиқариш (импорт)» режимига божхона расмийлаштируви учун товарларни давлат тилида мажбурий маркировка қилиш талаб этилмайди;
«божхона омбори» режимида олти ойдан кўп бўлган товарларнинг божхона расмийлаштируви чоғида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан божхона тўловлари юзасидан тақдим этилган имтиёзлар қўлланилмайди.
Шунингдек, қарорга мувофиқ, 2018 йил 1 сентябрга қадар Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг веб-сайтида товарларнинг божхона чегараси орқали ҳаракати режимини тартибга солувчи барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, товарларнинг божхона расмийлаштируви учун зарур бўлган ҳужжатлар, ҳар бир товарга мос равишда божхона божлари ставкалари, ушбу ҳужжатларни берувчи органлар тўғрисидаги батафсил ахборотни, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш учун бошқа маълумотларни реал вақт режимида бепул асосда олиш имконини берадиган «Интеграциялашган тариф» интерактив хизмати жорий этилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter